Иқтисодий судларга қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳамда уни банкрот деб топиш, шунингдек тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этишда, жойлардаги Давлат солиқ органлари томонидан ҳамон «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунга асосланиб, банкрот деб топиш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳолатлари кузатиляпти.
Ваҳоланки, 2022 йил 13 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуни ўз кучини йўқотган.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун 17-боб 249 та моддадан иборат бўлиб, 5-бобида, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни судда кўриш тартиби белгиланган.
Қонуннинг 37-моддасига асосан, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш ушбу Қонуннинг 5-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлганда суд томонидан қўзғатилиши мумкин, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳамда уни банкрот деб топиш, шунингдек тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш учун қарздорнинг доимий тўловга қобилиятсизлиги асос бўлади.
Кредиторнинг қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳамда уни банкрот деб топиш, шунингдек тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида ариза билан судга мурожаат этиши учун кредитор талабларининг асослилигини тасдиқловчи далиллар, шу жумладан суднинг қонуний кучга кирган қарори, мазкур талаблар қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар, нотариуснинг ижро хати асос бўлади.
Давлат солиқ хизмати органи томонидан қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза бериш учун солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича қарзни ундириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар асос бўлади.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасига асосан, Давлат солиқ хизмати органининг ҳамда бошқа ваколатли органнинг қарздорга нисбатан солиқлар ва йиғимлар бўйича тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризаси ушбу Қонуннинг 41 ва 43-моддаларида назарда тутилган талабларга жавоб бериши керак.
Давлат солиқ хизмати органининг ҳамда бошқа ваколатли органнинг қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризасига қонунчиликка мувофиқ солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича қарзни қайтариб олишга доир чора-тадбирлар кўрилганлиги далиллари илова қилиниши керак.
Қонуннинг 41-моддасига мувофиқ, кредиторнинг қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризаси судга ёзма ёки электрон шаклда берилади. Кредитор юридик шахснинг аризаси унинг раҳбари ёки вакили томонидан, кредитор жисмоний шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг аризаси эса шу жисмоний шахснинг ўзи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Кредиторнинг қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризасида ариза берилаётган суднинг номи; аризачининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили (мавжуд бўлган тақдирда); қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили (мавжуд бўлган тақдирда); қарздорнинг кредитор олдидаги талаб келиб чиқишига сабаб бўлган пул мажбурияти миқдори, шунингдек уни бажариш муддати; кредитор талабларининг асослилигини тасдиқловчи далиллар, шу жумладан суднинг қонуний кучга кирган қарори, мазкур талаблар қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар, нотариуснинг ижро хати; илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилиши керак. Шунингдек, кредитор қарздорга ўз аризасидан кўчирма нусха юбориши шарт.
Қонуннинг 43-моддасида, кредиторнинг аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар кўрсатилган бўлиб, кредиторнинг қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризасига Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қарздорнинг кредитор олдидаги пул мажбуриятларини, шунингдек қарзи мавжудлигини ва унинг миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар, тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомилида ҳамда жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Кредиторнинг унинг вакили томонидан имзоланган аризасига вакилнинг аризани имзолашга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончнома ҳам илова қилинади.
Кредиторнинг қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризасига агар мавжуд бўлса, кредиторнинг қарздорга нисбатан талабларини кўриб чиққан суднинг қарори; ижро ҳужжати (ижро варақаси, қарздор томонидан акцептланган тўлов талаблари, нотариуснинг ижро хати ва бошқалар) ёки кредитор талаблари қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар ҳам илова қилинади.
Қонуннинг 46-моддасига асосан, қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қабул қилиш ҳақидаги масалани ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш тўғрисидаги масалани судья ариза тушган пайтдан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал этади.
Судья қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва ушбу Қонун талабларига риоя этган ҳолда берилган аризани ўз иш юритувига қабул қилади.
Судья қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритувига қабул қилар экан, кузатув тартиб-таомилини жорий этиш ва муваққат бошқарувчини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Суднинг тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажрими суд томонидан давлат солиқ хизмати органларига ва бошқа ваколатли органларга, қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) давлат ижрочисига юборилади. Қарздор юридик шахснинг ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажримнинг кўчирма нусхасини ўз ваколатхоналари ва филиаллари жойлашган ердаги шундай шахсларга (органларга) юбориш мажбурияти унинг зиммасига юклатилади.
Агар ушбу Қонун 37-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган шарт бузилган бўлса, судья қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этади.
Агар қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза ушбу Қонуннинг 39–45-моддаларида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, судья аризани қайтаради. Ариза билан мурожаат этиш қарздорнинг раҳбари учун мажбурий бўлган ва аризага ушбу Қонуннинг 40-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда бундай ариза суд томонидан қабул қилинади, етишмаётган ҳужжатлар эса тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида талаб қилиб олинади.
Қонуннинг 49-моддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган тартибда, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда судья томонидан амалга оширилади.
Қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза тушган кундан эътиборан судья беш кундан кечиктирмай кузатув тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.
Кредиторларнинг талаблари юзасидан қарздор ёки муваққат бошқарувчи ёхуд давлат солиқ хизмати органи ёки бошқа ваколатли органда эътирозлар мавжуд бўлса, судья уларнинг эътирозлари асослилигини текширади.
Судьянинг қарздор ёки муваққат бошқарувчи ёхуд давлат солиқ хизмати органи ёки бошқа ваколатли орган эътирозлари асослилигини текшириши тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг белгиланган муддати тугашига камида бир ой қолганда ўтказилади.
Суд қарздор ёки муваққат бошқарувчи ёхуд давлат солиқ хизмати органи ёки бошқа ваколатли органнинг эътирозлари асослилигини кўриб чиқиш натижалари асосида кредиторлар талабларини кредиторларнинг талаблари реестрига киритиш ҳақида ёки уларни реестрга киритишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Ажримда кредиторларнинг, агар уларга нисбатан эътирозлар асоссиз деб топилган бўлса, талаблари миқдори ва уларни қаноатлантириш навбати кўрсатилади.
Кредиторларнинг талаблари юзасидан эътирозларни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд чиқарган ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Мазкур ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) унинг амал қилишини тўхтатиб қўймайди.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш пайтида, шунингдек тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш кўрилаётганда суд қарздорнинг молиявий аҳволини аниқлаш учун экспертиза тайинлашга ҳақли.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар Қонуннинг 50-моддасига асосан, суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Тўловга қобилиятсизликка оид тиклаш тартиб-таомилларидан бирини жорий этиш, келишув битимини тасдиқлаш ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш учун асослар мавжуд бўлмаганда суднинг қарздор юридик шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори ушбу Қонуннинг 5-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган тўловга қобилиятсизлик аломатлари аниқланган ҳолларда қабул қилинади.
Суднинг қарздор юридик шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарорида қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш, тугатиш бошқарувчисини тайинлаш ва унга ҳақ тўлаш ҳақидаги кўрсатма акс эттирилиши керак.
Суднинг қарздор юридик шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори устидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи ҳар қандай шахслар, шу жумладан кредиторларнинг бири томонидан, шунингдек ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида суд қарор қабул қилган шахслар томонидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Г.А.Холматова,
Қўқон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.