Конституциямиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асосидир. Унинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар онгу шуурида ватанга садоқат, қонунларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган учрашув, давра суҳбати, очиқ мулоқот ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар юксак самаралар бермоқда. “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият”, “Конституция – бахтимиз пойдевори”, “Адолат – қонун устуворлигида”, “Бош Қомусимиз – фахримиз, ғуруримиз” каби мавзуларда ташкил этилаётган тадбирларда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Бугунги кунда ҳаётимизда юз бераётган туб ўзгаришлар, қўлга киритилаётган ютуқларга Конституциямиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Масалан, жорий йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”, деб эълон қилингани ҳам Асосий Қонунимиз билан мамлакатимизда инсон манфаатларини улуғлашнинг ҳуқуқий асоси юксак даражада мустаҳкамлаб қўйилганини кенг намоён этди.
Айниқса, одамларнинг дарди, ўй-ташвишлари тингланаётгани, муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётгани бунинг тасдиғидир. Юртимизнинг энг олис ҳудудлари ҳам таниб бўлмас даражада обод бўлиб, таълим, тиббиёт муассасалари, замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилаётгани, одамларнинг турмуш даражаси юксалиб бораётгани ҳам Конституциямизда белгилаб қўйилган қоида ва тамойиллар устуворлиги таъминланаётгани исботидир.
Конституциямизнинг аҳамияти барча маданий-маърифий ва бошқа тадбирларда жонли мисоллар воситасида тушунтирилаётгани юртдошларимизда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда.
Шерзод МАДУМАРОВ,
жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг раиси.