Press "Enter" to skip to content

КОЗОНДА БЎЛСА ЧЎМИЧГА ЧИКАДИ-ДА!

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонаси мамлакатимизнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига расмий кўрсатма тарқатди.
Жумладан, шундай хат “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош директори Азизбек
Сайдалиевга ҳам келди. Унда шундай дейилади:

«Барча ҳудудий электр тармоқлари
корхоналари раҳбарларига

2022 йил 9 ноябрдан бошлаб энергетика тизими иссиқлик электр станциялари ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолатлар вужудга келди.
12 ноябрь куни электр станцияларга келишилган жадвалга нисбатан жами соатига 350 минг м3 (1200 МВт электр энергияси қуввати эквивалентида), шу жумладан, Тошкент ИЭСга режадан соатига 270 минг м3 кам газ етказиб берилади. Тошкент ИЭСга 50 минг м3 табиий газ етказилиб, станцияда энергоблоклар технологик параметрлари меъёр кўрсаткичларидан тушиши ва ускуналар шикастланишининг олдини олиш мақсадида 1-сонли БГҚ (360 МВт) ва икки дона энергоблоклар тўхтатилди.
Станцияда умумий электр энергияси ишлаб чиқарилиши мазут ёқилғиси ёқиш ҳисобига 500 МВт гача (белгиланган режага нисбатан 600 МВт кам) тушиб кетди. Электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда авария ҳолатларининг юзага келиши олдини олиш мақсадида ҳамда туман электр таъминоти корхоналари томонидан 6,10 кВ тармоқлардан кутилаётган чекловларнинг самарасизлиги сабабли «МДМ» ДУК томонидан махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқлардан ўчирилиб, электр энергияси истеъмоли камайтирилди.
Юзага келган фавқулодда вазият сабаб тизимда оғир оқибатли авария ҳолатлари (блекаут)нинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар таъминотида тартибсиз узилишларни бартараф этиш мақсадида сиздан 12 ноябрь санасидан бошлаб алоҳида топшириқ бўлгунига қадар “МДМ” ДУК томонидан берилаётган соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий равишда бажаришингиз сўралади.
“МДМ”нинг минтақавий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан электр истеъмолни талаб қилинган қийматларга тушириш бўйича берилган топшириқларни бажармаслик Ўзбекистон энерготизимининг айби билан Марказий Осиё ягона электр энергетикаси тизимида йирик оқибатли аварияларга сабаб бўлиши мумкин.

Директор: М.К. БОБОЕВ”

Хўш, нега мамлакатда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ шундай ҳолат юзага келди? Нима учун электр таъминотида узилишлар бўлаяпти? Келинг, юқоридаги хат асосида вилоятимизга берилаётган электр энергиясини таҳлил қилайлик.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖдан олинган маълумотга кўра, ҳозирги вақтда вилоятнинг бир кунлик электр энергиясига бўлган эҳтиёж 23 миллион 250 минг киловаттни ташкил қилади. Аммо марказий тизимдан ажратиб берилаётган кунлик электр энергияси 20 миллион 500 минг киловатт. Ёки эҳтиёжга нисбатан қарийб 15 фоизга кам. Ўртадаги фарқ – 2 миллион 750 минг киловатт электр энергияси Фарғона вилоятининг қаеригадир етказиб берилмайди. У эса аҳоли хонадон-лари ёки ишлаб чиқариш корхоналари бўлиши мумкин.
Шу ўринда ижтимоий тармоқлар орқали ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига билдирилаётган эътирозлар ноўрин эканлигини айтиб ўтмоқчимиз. Ахир таъминотчиларда нима айб: қозонда бўлса, чўмичга чиқади-да! Электр энергияси буюм эмаски, уни истаса етказиб бериб, истамаса омборда сақласа! Технологик жараён шундайки, ишлаб чиқарилган электр энергияси таъминотчиларга тўғридан-тўғри етказилади. Шу ҳолатларни била туриб, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ноўрин айбларни қўйиш ноҳақлик бўлади деб ўйлаймиз.
Хулоса ўрнида бир неча фикримизни айтиб ўтмоқчимиз.

Биринчидан, мамлакат бўйича электр энегиясига бўлган эҳтиёж катта, аммо ҳозирда эҳтиёжга яраша электр энергияси ишлаб чиқарилмаяпти. Бунинг учун АЭС қурилишини тезлаштириш лозим.

Иккинчидан, бундай катта ҳажмдаги қурилиш учун кўп йиллар кетишини ҳисобга олсак, унга қадар жойларда кичик қувватли электр станцияларини, муқобил электр энергияси ишлаб чиқарадиган манбааларни бунёд этиш тақозо этилади.

Энг асосий жиҳатлардан бири шуки, аҳолининг электр энергиясидан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш керак. Биз мамлакат бўйича электр энер-гияси ишлаб чиқариш ва таъминотида маълум муаммолар борлигини билар эканмиз, уйимизда, иш жойимизда электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланайлик, ортиқча электр асбоб-ускуналари, ёритиш нуқталарини вақтинча ишлатмайлик. Бизнинг уйимиз ёруғ экан, қўшнимизнинг хонадони ҳам чароғон бўлиши керак!

Ulashing: