Press "Enter" to skip to content

Хадичахон Каримова 70 ёшга тўлди

ХОЛИСЛИК – ШИОРИ, ҲАҚИҚАТ – ТАЯНЧИ

Қўштепа туманидаги “Истиқлол” маданият саройида таниқли журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Шуҳрат” медали соҳибаси Хадичахон Каримованинг 70 йиллиги нишонланди.

Тадбирни туман ҳокими И.Новиков табрик сўзи билан очди ва Хадичахон Каримованинг ижодий фаолиятини эътироф этди.
Бу ном нафақат Фарғона, балки республика журналистлари дарғалари қаторида тилга олиниши барчамизга маълум. Хадичахон Каримова ўзининг ярим асрдан ортиқ ижодий фаолияти билан миллионлаб газетхонлар қалбидан мустаҳкам ўрин олган, ҳурматига, эҳтиромига сазовор бўлган. Журналист қаламга олган мавзулар халқ манфаати, юрт ривожи учун нечоғли зарур эканига алоҳида аҳамият қаратган, адолат ва холисликни илгари сурган.
– Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Хадичахон Каримова имзоси билан чоп этилган маънавий-маърифий, инсониятни яхшиликка, эзгуликка чорловчи мақолалар каттаю кичикка бирдай манзур келади, – деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов. –Айниқса, Қўштепа тумани ҳокимлигининг “Истиқбол йўли”, вилоят хотин-қизларининг “Ойдин” газеталари бош муҳаррири сифатида тайёрлаган танқидий, таҳлилий чиқишлари билан дахлдор ташкилотлар раҳбарларини курсисидан қўзғалишга, аҳоли дарду ғами билан яшашга, халқ орасига дадил киришга ундай олди. Бу эса устоз журналистнинг кенг дунёқараш, тийран нигоҳ, катта тажриба ва юксак маънавий дид эгаси эканлигидан далолатдир. Шунинг учун ҳам бугун кўплаб ижодкорлар, журналистлар Хадичахон Каримовани ўзимизга устоз, йўлбошчи деб биламиз. Маслаҳатлари, маҳорати билан бир қаторда, қалбида жам бўлган инсоний фазилатлар ҳам ҳамкасбларига, шогирдларига ибрат мактабидир.
Хадичахон Каримова фидойи журналистгина эмас, фаол жамоатчи аёл сифатида ҳам ўрнак. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими бошқаруви аъзоси сифатида вилоят журналис-тикаси ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят тарғибот гуруҳи таркибида жойларда бўлиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, оилаларда, ҳудудларда ижтимоий вазиятни соғломлаштириш, ёшларни ёт ғоялардан асраш, эрта турмушнинг олдини олиш, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш мавзуларидаги суҳбатлари, ҳаётий тажрибага суянган нотиқлик санъати билан эл ҳурматини қозонмоқда.
Таҳририят қошидаги “Ғунча” адабий тўгарагида кўплаб ижодкор ёшларнинг қалами чархланди. Улар орасида бир қатор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларининг борлиги унинг камтарона меҳнати маҳсулидир.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Иброҳимжон Ҳалимбеков, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими вакили, шоира Ўктамхон Солиева, “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Зуҳра Алиева, шунингдек, тумандаги қатор ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, Хадичахон Каримовани табаррук ёши билан қутладилар, унинг бетакрор ижодкор, жонкуяр журналист, меҳрибон она, садоқатли умр йўлдош, самимий дўст сифатидаги фазилатларига юқори баҳо беришди. “Кабутар” фольклор жамоасининг бадиий чиқишлари кечага кўтаринки кайфият улашди.
Маҳиёра БОЙБОБОЕВА.

ЖУРНАЛИСТЛАРНИНГ ХАДИЧА ОНАСИ

Дунёнинг суратини кўрганмисиз? Кўргансиз. Улуғ Мусаввир уни шундай маҳорат билан чизганки, ранг-лари ҳайратингизни оширади, жилолари кўзингизни нурлантиради, ҳикматлари фикрингизни чархлайди, сайқаллайди. Ушбу рангин дунёга ҳар ким ўзини топмоққа келади. Шодликларидан қувнаб, ғамларидан йиғламоққа келади.

Журналистлар эса бу кўҳна очунда оқлар қатори қора ранг-лар ҳам борлигини теранроқ англамоқ учун, эзгуликлар ила ёнма-ён юрган ёвузликларга қарши курашмоқ, бани одам қалбига огоҳлик чироқларини ёқмоқ ва бизни кузатиб тургувчи ягона кўз борлигидан хабар бермоқ учун келадилар.
Хадича Каримова, менинг наз-димда, ўша хабар берувчиларнинг энг олдинги сафларида нозик қалбидан оламнинг оғири ва изтиробли залворини бор бўйича ўтказиб, ҳақиқат, ростлик бонгини чалиб бораётган жасоратли журналист.
Мен ҳамкасбимни таниганимга 30 йилдан кўпроқ вақт бўлди. Бироқ жуда ёшлик чоғидан биладигандай, иккимиз бирга катта бўлгандай туюлаверади.
Нечунким, иккимизни улғайтирган муҳит, ота-оналаримизнинг илму маърифатга муносабатлари жуда ўхшаб кетади-да. Хадичахон ҳавоси тоза манзилда, идроки баланд инсонлар қўлида тарбия топди. Мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ қаламга ошно бўлди. Ёзганлари атрофдагиларга манзур бўлганидан руҳланиб, яхши журналист бўлишга қарор қилди. Шу ниятининг баридан ушлаб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирди. Талабаликнинг жўшқин паллаларида унинг ижоди тобора қанот ёзиб борди.
Моҳир устозларнинг йирик асарга тенг маърузаларини қунт билан тинглар экан, ўзи танлаган соҳанинг нақадар шарафли, шу билан бир қаторда, масъулиятли эканини борган сари чуқурроқ ҳис қила бошлади. Амалиёт чоғларида республика оммавий ахборот воситалари саҳифаларида Хадича Каримова имзоси билан пишиқ-пухта, таҳлилий, долзарб мавзулардаги мақола ва очерклар чоп этила бошлади. Устозлари, тенгдошлари ва кенг ўқувчилар эътибори, эътирофини қозонган ёш журналистнинг ўзига бўлган ишончи ҳам кун сайин ортиб борди.
Ўз-ўзига талабчанлик Хадичахоннинг қонида бор. Не бахтки, олий ўқув юртини тамомлагач, турмуш қуриш чоғида яратган Эгам унга ўзига ўхшаган жуфти ҳалолни насиб этди. Муталиб ака билан бир соҳада ишлаб, ҳаётнинг оғир-енгилини биргалашиб тортдилар.
Юқорида айтганимиздай, ҳаётнинг гўзаллигига соя солиб тургувчи иллатлар ҳам йўқ эмас. Хадичахон ана шу салбий ҳолатларга қарши курашиш, ижтимоий ҳаётдаги оғриқли нуқталарни очиқ-ойдин айтиш ва уларни тугатиш йўлида мўъжазгина қаламига суянади ва ўткир сўзни қуролга айлантиради. Лекин жамиятдаги иллатларни ошкор этиш ҳамиша ҳам муаллифга осон бўлмаган. Хусусан, пахта йиғим-терими ёки мактаблардаги оғир ҳолатларни қаламга олгани учун не кунларни бошдан кечирмади, дейсиз. Бироқ у ўз сўзи, фикри ва қарашларини бошқаларнинг муносабатларига қараб ўзгартирадиганлар тоифасидан эмас эди.
Ҳақиқатнинг эгилса ҳам синмаслигини билган Хадича Каримова мудом матбуот йўлида собитлик, фидойилик билан меҳнат қилиб келмоқда. Унинг, бирор марта бўлсин, шошма-шошарлик билан иш қилганини эслолмайман. Узоқ йиллар Қўштепа тумани ҳокимлигининг “Истиқбол йўли”, вилоят хотин-қизларининг “Ойдин”, газеталарига муҳаррирлик қилди. Худди шу нашрларни одамлар ахтариб, кутиб, топиб ўқидилар. Негаки, ҳар икки газетада ҳам бирор бир қуруқ, шунчаки газета саҳифаларини тўлдириш учунгина ёзилган мақолалар учрамайди. Инсонга маънавий юксаклик, руҳият бағишловчи аждодлар ўгитидан тортиб, ўйлашга, мушоҳада қилишга чорловчи мақола, эссе, очерк ва бошқа ўқимишли жанрлар ўқувчини ўзига тортади. Шу боис, матбуот байрамларининг бирида у ҳақда “Эгизаклар”нинг Хадича онаси” деб ёзгандим.
Бугун мен ҳамкасбимизни “Журналистларнинг Хадича онаси” дегим келди. Ҳа, у ўз соҳасининг билимдони сифатида катта мактаб яратган ижодкор. Таҳририят қошида ташкил этилган “Ғунча” номли ижодий тўгаракда ёшларга журналистик, бадиий ижод борасидаги сабоқлар ўз самарасини бермоқда. Маҳорат дарсларида чиниққан шогирдлар бугун вилоят, республика миқёсида фаолият олиб бориб, устозлари дуосини, ишончини оқлаб яшаяптилар.
Хадича Каримова оилада ҳам фарзанд ва набиралари эъзозида умргузаронлик қилмоқда. Қизлари Умидахон, Ҳуснидахон, набиралари Моҳларой, Муҳаммадамир, Самира, Шукрона унга худо берган неъматлардир. Уларнинг шукурини қилиб, ҳар жабҳада ибрат бўлиб яшаётган бахтиёр онага кўплар ҳавас қилишади. Гулзору узумзор ҳовлисида бир туп бегона ўт ўсишига йўл қўймайдиган аёл кўнгил кошонасига ҳам ёт урфлару, сўзларнинг киришига изн бермайди.
Ижод аҳлида бўладиган инжиқлик менинг ўртоғимга кўпроқ берилган. Бу унинг сўзлари салмоғида, муомала маданиятида, қарашларида, юриш-туришида, кийинишида, рўзғор тутимларида, қўйинг-чи, бутун борлиғида зоҳир бўлиб туради. Ҳаёт – синов, роҳат, азоб, сабр-тоқат дегани экан. Унинг ҳаёт берган синовлар, оғриқлар қаршисида бош эгмагани, кўз ёшларини ташқарига чиқармагани ҳам юксак одамийлик, яратганга бандалик, тақдирга тан бериш, закийлик ифодаси, десак бўлади.
Хадича Каримова ҳақида яна кўп гаплар айтишим мумкин. Бироқ бугунча унга энг яхши тилакларимни изҳор қилиш билан кифояланмоқчиман.
Сизни “Хадича бегим, Хадичаи даврон”, деб эркалаб юрардим. Энди уларнинг ёнига “Хадича султон – дониши замон” деган иборани қўшгим келди. Чунки рангин дунё суратини чизган Мусаввир Сизни қалб кўзи равшанлар қаторида сийлаган.
Донишманд ёшингиз муборак, ўзини топганлар сирасида юрганингиз қутлуғ бўлсин, қадрдоним.
Зуҳра АЛИЕВА,
“Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон
Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Ulashing: