Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак. Бу элпарвар тамо-йил сўнгги йилларда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди.
2016 йил 28 декабрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилиниши халқнинг давлатга бўлган ишончини яна бир карра оширди. Ушбу фармонга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхона фуқаролар билан мутасадди идораларни боғловчи мустаҳкам кўприкка айланди.
Бунинг ҳаётий ёрқин мисолини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонага жорий йилнинг 9 ойи давомида келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш орқали кўриш мумкин.
Маълумотларга қараганда, ушбу давр мобайнида вилоят фуқаролари жами 93 062 та масалада мурожаат қилган. Бу 2021 йилнинг худди шу даврига таққосланганда 17,2 фоизга камайганлигини кўрсатмоқда. Уларнинг 87 фоизи қаноатлантирилган, шундан 63,9 фоизи ижобий ҳал этилган.
Мурожаатларнинг 9450 таси ижтимоий нафақалар, 7109 таси моддий ёрдам ва ҳомийлик, 6623 таси алимент ва қарз суммаларини ундириш масаласида бўлса, 5981 таси давлат органлари ходимлари фаолиятидан норозилик, 4102 таси уй-жой билан таъминлаш, 3419 таси иш билан банд этиш, 3183 таси газ таъминоти, 3164 таси электр энергияси таъминоти, 3145 таси банк кредитлари, 2899 таси камбағалликка қарши кураш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари, ҳоким ёрдамчилари фаолияти, 2870 таси судларда фуқаролик ишларини кўриш, 2319 таси соғлиқни сақлаш, 38 798 таси бошқа соҳага оид масалаларни ташкил қилмоқда.
– Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган барча ислоҳотлар инсон ва унинг қадр-қиммати учун хизмат қилаётганини бугун барчамиз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб, анг-лаб, ҳис қилмоқдамиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳошим Абдуллаев. – Бугун давлат идоралари раҳбарлари ва масъуллар кабинетдан чиқиб, аҳоли билан мулоқот қиляпти, халқнинг дардини эшитиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг “маҳаллабай”, “хонадонбай” каби
мутлақо янги механизмини амалиётга татбиқ этмоқдалар. Натижада кенг жамоатчилик, депутатлар, секторлар ва маҳалла институти фаоллиги ошмоқда. Халқ қабулхоналари орқали ва сайёр қабулларда кўтарилган долзарб муаммолар таҳлили кўплаб ислоҳотларга ҳам сабаб бўлди. Масалан, 5 йил олдин валюта айрибошлаш, прописка, пенсия ва нафақаларни нақд пулда олиш масалалари бўйича кўплаб мурожаат тушган. Бу соҳаларда қулайлик яратилиб, муаммолар тизимли ҳал этилгани туфайли уларга оид мурожаатлар бутунлай тўхтади.
Дарвоқе, жойларда барча даражадаги раҳбарлар билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди. Давлат идоралари қуйи тизимга тушиб, аҳоли эҳтиёжлари ва талаблари асосида ишлашни бошлади.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш юзасидан туман, шаҳар сектор раҳбарлари томонидан ҳафтада камида бир маротабадан ҳудудларда оммавий сайёр қабуллар ўтказиш йўлга қўйилди. Ҳудудий сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида 9 ой мобайнида жами 2553 та ана шундай оммавий сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролардан келиб тушаётган ҳар бир муаммони тизимли равишда ўрганиб чиқиш амалиёти олиб борилди.
Бу каби амалий ишлар натижасида давлат органлари билан фуқаролар ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган “девор”лар олиб ташланиб, долзарб муаммолар вақтида ўз ечимини топмоқда. Бу билан аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончи мустаҳкамланди, десак асло муболаға бўлмайди.
Муаттар МАҲМУДОВА.