Press "Enter" to skip to content

Маънавий суҳбатлар

Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмамон.
Алишер Навоий.

ЎЗИНГИЗ ЎТИРГАН ШОХГА БОЛТА УРМАССИЗ?

Ёки кўзгуга эмас, қалб ойнасига боқинг: сиз аслида кимсиз?

Одамбоев ойнага қараб, ўзини танимади. Бегона қиёфани кўрди.
“Бунақаси бўлмайди”, дейишга ошиқ-май, суҳбатга қўшилинг. Сўнгра беихтиёр кўзгу қаршисига бориб қолсангиз ажабмас. Ўзингизни танимаяпсизми? Унда – иш чатоқ!
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, инсоннинг қиёфаси нечта? У қачон ва қаерда қайси қиёфага киради? Буни айтиб бериш қийин, лекин у ҳамиша асл қиёфасини яширади. Ўзгалар уни аслида ким эканлигини билиб қолишидан қўрқади. “… Одамнинг оласи ичида” деган мақол шундан келиб чиққан бўлса керак. Айримлар шу қадар кўп турланганидан, бир қарашда унинг қайси қиёфада намоён бўлаётганини англаб олиш ҳам мушкул.

Қиёфалар… Иззат-ҳурмат, обрў-эътибор, раҳм-шафқат, орзу-ҳавас, шон-шуҳрат келтирувчи қиёфалар. Истаганингизни танланг, аслингизни кўрсатмасангиз бўлди, марра сизники! Алдамчи қиёфангизга одамлар чиппа-чин ишонади. Сизга бошқача назар билан боқишади, ҳаваслари ортади, ҳасад қиладиганлар ҳам бўлади, албатта. Амал пиллапоясидан кўтарилганингизда, “Бу ғирт ўғрику” дейдиган битта-яримта топилади. Бундайларга асло парво қилманг, иғвогарга, ғаразгўйга чиқаринг ва “Ҳалол-пок, бузоқнинг ҳаққи бор деб сут ичмайдиган” қиёфада олға интилинг. Бир кун келиб ( шубҳасиз, келади) асл қиёфангиз фош бўлганда, туппа-тузук ишлаб юрган шундай обрўли одам шу ишга қўл урса-я, деб ҳайратланишса, айбни шайтонга ағдарасиз. Борди-ю, шайтони лайнга дуч келиб қолсангиз, у ҳам “Шайтон менми ёки сенми?” деб бир лаҳза ўйланиб қолади. Ана шунда “Шайтонга дарс беради” деган ибора нақадар ҳақлигини исботлаган бўласиз.
Жамиятимизда порахўрлик бор, коррупция бор, аммо порахўр ва коррупционер йўқ. Аслида эса орамизда бундайлар бўлган, аммо ваколатли органлар унинг бу фаолиятига чек қўймагунча сукут сақлаймиз. Уни бу балодан қутқариш, олдини олиш чораларини кўрмаймиз. Ахир шундай “тоза” инсонни ёмонотлиққа чиқариш осон гап эканми? Боз устига, ҳеч ким ўзини ундайлар тоифасидан деб ўйламайди, ҳеч бўлмаганда сиртида. Шундай экан, уни порахўрлик ва коррупцияга қарши курашувчи инсон қиёфасига киришга ҳаққи борда! Аммо у биринчи галда ўзига қарши курашиши лозимлигини “унутади”. Қачонки, қўлга тушганидан кейингина, “Ўзим ҳам бир балоси бор, деб ўйловдима” дегувчи ботирлар кўпаяди. Аслида унинг қалбида, юрагида азалдан шундай иллат куртак отган. Жамият кўз ўнгида эса йиллар давомида “яхши инсон” ниқобини тақиб юрган. Имконият туғилганда, “Давринг келди, сур бегим” қабилида, ўзлигига — аслига қайтади. Қарабсизки, битта жиноятчи панжара ортида ўтирибди.
Бир вақтнинг ўзида икки қиёфали одамлар ҳам бўлади, турланиб турадиган. Ўнгга боқса хушомад, сўлга боқса кибр уфуради. Ўзидан бир поғона юқори лавозимдаги одамга қўлини кўксига қўйиб, тавозе билан ялтоқланади, ўзига бўйсунувчи шахсга қўлини белига қўйиб, буйруқ беради. Бунисининг салгина чўзилган қўлини пешонасига суртгудек бўлиб, қўшқўллаб олади, унисига эса тирсагини биқинига тираб, сўрашишни малол олиб, бармоғининг учини узатади. Буни ҳаммамиз биламиз, лекин билмасликка оламиз. ”Ҳа энди, раҳбарда, салобати бор” деб қўямиз. Шундай “мўътабар” шахс билан сўрашганидан, унинг бармоғини-да ушлаганидан йиллар давомида фахрланиб юрадиган одамлар бор. Бачканалик ҳам эви биланда! Ғурур, нафсоният деганлари қаерда қолди?
Бунинг сабаби амални имтиёз, деб қабул қилишимизда. Амалдор ҳам аслида биз каби оддий инсон, худонинг бир бандаси. Афсуски, биз бошқача фикрлаймиз. Амалдорни халқ ва давлат хизматкори деб эмас, қўлини қаерга узатса етадиган, чексиз-чегарасиз ҳуқуқ берилган, кўнглига нима келса қиладиган, халққа ҳисоб бермайдиган валломат ўрнида кўрамиз. Мансабдорнинг ўзи ҳам шундай деб ўйлайди, чунки бир имоси билан ҳамма нарса муҳайё бўляпти, ўзгалар ярим оғир сўзига маҳтал, айтгани айтган, дегани деган. Кейин ҳов ҳалиги амалдорга ўхшаб, меҳмонхона ходимини ҳақоратлаб, уришгача етиб боради-да.
Бу тоифа каттаконларнинг давру даврони ўзоқ чўзилмайди. Асл қиёфаси очилиб, эл назаридан қолади, тавбасига таянади, лекин кеч бўлади. Кўча-куйда, одамлар орасида ўзини тутолмайдиган, инсонга ҳурматни билмайдиган, давлат ва халқ мулкини ўмаришдан, етимнинг ҳақини ейишдан қўрқмайдиган нокомил амалдорларнинг аянчли қисмати нега бошқаларнинг кўзини очмайди? Бу қалтис хатолик нима учун такрор ва такрор содир этилаверади? Бунга инсоннинг физиологиясида шаклланган қусурлар, юрагининг туб-тубига ин қурган шайтоний ҳаваслар, яшашдан кўзланган гўзал мақсаднинг йўқлиги, халқона айтганда, кўнгли бузуқлиги сабаб эмасмикан? Ўзини ўқдан-чўққа уриб, минг хил қиёфада турланишдан муддаоси шу эдими? Худо берган истеъдоди ва тафаккурини халқ дардига елка тутишга, унинг оғирини енгил қилишга, одамларга қайишишга эмас, шахсий манфаатига ишлатиб, фақат ўзим бўлай, деб яшаган одамнинг кун келиб қозонда бори чўмичга чиққанда бир умр яшаб эришгани, интилгани афсус-надомат эканлигини билгач, у қай аҳволга тушади? Худо кўрсатмасин, унда пешонага уришдан не наф? Жалолиддин Румий ҳазратлари айтади: “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл!”
Чақалоқ туғилганда қалби оқ қоғоздек тоза бўлади, унга нимани битсанг, эртага шуни оласан, дейишади. Олис тумандаги бир хонадонда меҳмонда бўлдик. Мезбон олдимизда ўтирган набирасини эркалаб:
— Қани полвон, бобонгизни бир сўкиб қўйингчи,- деб қолса бўладими.
Бола шундай бўралаб сўкиндики, уни ёзиш тугул, айтишнинг ўзи баданингни музлатиб юборади. Мезбон “Яшанг, ота ўғил” дея болага рағбат берди. Кейин уни мақтай кетди: яъни ишдан келганда қўлига пул тутқазмаса, қайрилиб ҳам қарамас эмиш. Саломини пул бериб олармиш. “Порахўр!”, деб қўйди у. Энг ёмони, бу сўзни аллақандай фахр туйган ҳолда айтдики, боланинг келажагини тахмин қилиш қийин эмасди.
Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” деган мақол бор. Бола қалбига эзгулик уруғини қадаш ўрнига, унинг айтаётган гапини кўринг. Бундай “эркалаш”лардан талтайган фарзанди эртага ким бўлади? Ундан ҳозиргидай сўконғич раҳбарлар чиқмайдими? Жамиятга, одамларга қандай нафи тегади? Инсон ахлоқ-одобига зид бўлган хатти-ҳаракатлар такрор содир этилишининг асл илдизи шунда эмасмикан?
Қаерда, қайси лавозимда ишламасин, оддийликни шиор билган, манманлик, такаббурлик, шон-шуҳрат, дабдабабозлик ва иззатталабликка берилмай ишлаган, ҳаромдан ҳазар қилиб яшаган раҳбарларни – Инсонларни эслайлик. Уларнинг қалби эзгулик билан лиммо-лим тўлган. Жамиятда одамийликнинг асл намунаси янглиқ қад кериб турган шу Инсонлар бизнинг акаларимиз, опаларимиз, ота – оналаримиз, буви ва боболаримиз-ку ахир!
Бахтли кексалик, қарилик гашти деганлари ҳалолликни йўлдош қилган, камтарлик, самимийлик, элпарварлик, тоза қалб ва иймон-эътиқоднинг бутунлиги билан яшаган ҳазрати Инсонларга насиб этади. Минг шукрки, бундайлар орамизда кўп, жудаям кўп. Эл-юрт уларни ҳамиша дуо қилади, уйининг тўрига ўтқазади. “Фарзандинг бўлса, фалончидек бўлсин”, деб ҳавас қилади. Бу шунчаки биз эшитавериб кўникиб кетган омади гаплар эмас, асло! Маҳаллангизда, қишлоғингизда халқ меҳрини, ҳурмат-эҳтиромини қозонган инсонларни санаб кўрингчи, бармоғингиз етармикан? Биз ибратни, одоб-ахлоқни улардан олмай, кимдан ўрганяпмиз?
Барча ғайриинсоний хатти-ҳаракатлар-нинг дояси ўзини танимаслик, ўзлигини билмаслик ва шахсиятини ҳурмат қилмас-ликдир. Хору-зорлик, ғам-ситам, элдан бегонасираш, одамларнинг нафратига дучор бўлиш ана шундан келиб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари” бежизга қабул қилинмади. У биз юқорида айтиб ўтган иллатларнинг олдини олиш, раҳбарлик лавозимларида ишлаётган шахсларни турли номақбул ҳаракатлар содир этишдан асраш, давлат органлари ва ташкилотларини обрўсизлантиришга олиб келадиган ишлардан тийиб туриш мақсадини кўзлайди. Бир сўз билан айтганда, Одоб-ахлоқ қоидалари биз учун бамисоли маёқ, дастуриламалдир. Ҳар бир шахс, айниқса, давлат фуқаролик хизматчилари саналадиган раҳбарлар уни диққат билан, синчиклаб ўқиб чиқишлари ва бу қоидаларга меҳнат фаолиятида, ишдан ташқари вақтларда, оилада, жамоат жойларида қатъий амал қилишлари шарт.
Бу сизнинг келажагингиз, обрў-эъти-борингиз ва шаънингизни сақлашни кўзлаб қилинган иш. Ўзингиз ўтирган шохга болта урмассиз?

Абдужалил Бобожонов,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.

Ulashing: