Press "Enter" to skip to content

Буни билишингиз шарт

ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИСИ КИМ?
Унинг одоб-ахлоқи қандай бўлиши керак?

Ҳабиб Сирожитдинов, Фарғона вилоят Давлат активлари ҳудудий бошқармаси бошлиғи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 14 октябрдаги 595-сонли “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари” ва “Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низом” тасдиқланди.

Сир эмаски, давлат фуқаролик хизматчилари орасида айрим ҳолларда манмансираш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, адолат, ҳалоллик ва холисликни унутиш каби салбий ҳолатлар кузатилар эди. Бундан буён ҳар бир давлат хизматчиси Одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишга мажбур, чунки бу қоидаларни бузиш уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Одоб-ахлоқ қоидалари давлат фуқаролик хизматчисининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг намунавий қоидаларини белгилаб берди. Шунингдек, у юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчиликда давлат хизматига бўлган ишонч ва ҳурматни оширади, ходимларни номақбул хатти-ҳаракатлар қилишдан тияди.
Эндиликда давлат фуқаролик хизматчилари вазифасига фидойилик, қонун устуворлиги, Ватанга садоқат, фидойилик, коррупцияга муросасиз муносабат, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик каби касбий фаолият принципларига қатъий итоат этишга мажбур.
Айрим давлат фуқаролик хизматчилари ишдан ташқари вақтларда кўнглига келган ишни қилишим мумкин, деб ўйлашади. Шунинг оқибатида маҳалла-кўйда, жамоатчилик орасида, оилада турли хил кўнгилсизликлар юз бериб туради. Бу давлат хизматчисининг обрўйига путур етказади, одамларда ўзига ва давлат хизматига нисбатан ишончни йўқотади. Одоб-ахлоқ қоидалари ҳар бир ходимдан хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотишни, маҳаллада, кўча-кўйда одамлар билан самимий, одоб доирасида муносабатда бўлишни, оиласида соғлом турмуш тарзини таъминлаб, фарзандларига юксак ахлоқий тарбия беришни талаб қилади.
Орамизда бундай юксак фазилатларга эга, жамиятда ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилувчи, тўғрилиги, самимийлиги ва камтарлиги билан одамлар орасида катта ҳурмат ва эътибор қозонган инсонлар, давлат хизматчилари кўп. Улардан ҳар қанча ибрат олсак арзийди. Бун-
дай кишилар меҳнат фаолияти давомида ҳам, хизматдан ташқари вақтларда ҳам ҳаммага бир хил муносабатда, ҳалол, камтар ва адолатли, самимий ва вазмин бўлишган, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказувчи, давлат органлари ҳамда ташкилотлари фаолият самарадорлигини пасайтирадиган ҳаракатлардан тийилишган. Уларни халқимиз жуда яхши билади ва номларини эҳтиром билан тилга олади.
Миллий урф-одатлар, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш давлат фуқаролик хизматчисининг кундалик шиорига айланиши керак. Бунинг аксини кўпинча тўйларда, оилавий маросимларда ва бошқа норасмий тадбирларда кўрамиз. Дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатлар одамлар кўз ўнгида содир этилаётган ҳолатлар ҳам учраб туради. Ишдан кейинги вақтларда чойхона, ресторан, кафе, кўнгилочар жойлар ва бошқа хилват гўшаларда айрим раҳбарларнинг ҳаддидан ошиши, ўзини тута билмаслиги, ўзгаларни ҳақорат қилишгача бориб етиши, шаънига номуносиб хатти-ҳаракатлар қилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Уларнинг қимматбаҳо хизмат автомобиллари фарзандларини ҳар куни университет, мактаб ва боғчага, аёлини ишхонасига ёки турли маросимларга элтиш билан банд эканлиги, қимматбаҳо совғалар олишни хуш кўриши бор гап.
Одоб-ахлоқ қоидалари давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда давлат хизматига доғ туширувчи бундай хатти-ҳаракатларга чек қўяди. Унда давлат фуқаролик хизматчисининг касбий маданияти хизмат фаолияти, хизматдан ташқари вақтдаги юриш-туриши, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатлари, ташқи кўриниш ва кийиниш услуби, манфаатлар тўқнашуви, давлат хизматчиларининг манфаатлари, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишнинг назорати ва унга риоя этмаганлик учун жавобгарлик аниқ-равшан белгилаб қўйилган. Якуний қоидада давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда Одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ ўз идоравий қоидаларини тасдиқлаш таъкидланган.

Ulashing: