Press "Enter" to skip to content

Риштон тумани пахтазорларида

ПАХТАНИ КИМ, ҚАНДАЙ ТЕРЯПТИ?

Бугун вилоятимиз пахтазорларида ҳаёт қайнамоқда. Пахта хирмонлари кун сайин, соат сайин кўкка бўй чўзиб боряпти . Йиғим-терим ишлари айни ҳал қилувчи паллага кирди. Буни кўриб, пахта мавсумига сафарбарлик беш-олти йил олдинги кампаниябозликдан мутлақо холи, шов-шувларсиз, бир маромда, лекин юксак суръат ва сифат билан кечаётганини кўриб, “Шундай қилса ҳам бўлар экан-ку” деган ўй келади одамнинг хаёлига.

Пахта йиғим-терими мавсуми кечагидек ёдимизда, ур-сур билан, одамларнинг иш маромини, ҳаловатини бузиш билан бошланар эди. “Ҳамма ёппасига далага” деган чақириқ янгрардики, бунинг замирида қандай пўписа борлигини англаган одамлар лом-мим демай, индамайгина этагини қўлтиғига қистириб, далага отланарди. Қимирлаган жон борки, пахта теримига сафарбар этиларди. Бу пайтда пахтадан бошқа ташвиш йўқ эди гўё. Етти ёшдан етмиш ёшгача пахтани ўйлаб уйқуга кетар, пахта деб уйғонарди.Олий ўқув юртлари, мактаблар, боғчалар, бозорлар, корхона ташкилотлар тақа-тақ беркиларди. Уларнинг эшикларида биргина ёзув бўларди: “Ҳамма пахтада!”. Ҳатто шаҳарларда автобуслар йўналишини ўзгартириб, далага шаҳарлик ҳашар-чиларни ташиш билан банд эди. Тўйлар тўхтатиларди, таъзиялар ҳам…
Бугун далаларда манзара бутунлай бошқача. Қишлоқ одамлари терим билан банд. Улар отрядларга бирикиб, этак-этак пахта териб, мўмай даромад олишяпти.
— Ҳаммаси манфаатдорликка боғлиқ экан. Биз ҳосилни фермер хўжалигимиз аъзолари кучи билан териб оляпмиз. Ҳар килосига 1500 сўмдан пулни нақд беряпмиз, — дейди Риштон туманидаги “Ҳошим Ғуломов ери” фермер хўжалиги раҳбари Давлатжон Орзиқулов. — Биринчи теримнинг ўзида гектаридан 44 центнердан ҳосил олдик. Мақсадимиз — бу кўрсаткични 55 центнерга етказиш. Шартнома режасини бир ҳафтада бажардик. Ҳосилимиз мўл бўлди. Маҳбубахон Рўзматова, Дилобар Ғуломова, Мавжуда Орзиқулова сингари теримчиларимиз кунига 150-160 килодан пахта теришяпти. Шунга яраша даромад топишяпти.
Дарҳақиқат, бугун Риштон тумани далаларида – “Русўзбектекс” хорижий корхонасининг пахта-тўқимачилик кластери пахтазорларидан терилган ҳосил пешма-пеш пахта заводи томон жўнатилмоқда. Заводда деҳқонлар пешона тери эвазига етиштирилган 21060 тонна пахта чигитидан ажратилиб, толаси йигирув фабрикасига юборилади ва бу ерда толадан сифатли ип тайёрланади. Шу йил ноябрь ойига бориб, кластер корхонасида тўқув, бўяш ва тикув корхонаси ишга туширилади. Ана шунда пахталар тўлиқ қайта ишланиб, тайёр маҳсулот ҳолида ички ва ташқи бозорга чиқарилади.
— Тўқув, бўяш ва тикув кохонаси қурилишининг 80 фоизи битди. Германиядан дастгоҳларнинг 40 фоизи келтирилди. Корхона ишга тушса, пахтанинг тўлиғича қайта ишланиши натижасида даромадимиз кўпаяди ва табиийки, деҳқонлар моддий манфаатдорлиги ҳам янада ортади, — дейди кластер корхонаси раҳбари Дилшоджон Ҳамдамов.
Пахта заводи ҳовлисида — пахта пунк-тида ғарам-ғарам уюлган, қуёш нурида товланиб турган “оқ олтин”ни, янги ҳосилдан тайёрланиб, йигирув фабрикасига жўнатишга ҳозирлаб қўйилган тола кипларини кўрган кишининг кўзи қувнайди. Беихтиёр пахтакор меҳнатига тасанно айтасиз!
Бу йил “Русўзбектекс” хорижий корхонаси пахта тўқимачилик кластери Риштон туманида 5950 гектар ерда пахта етиштирадиган 224 та фермер хўжалиги билан шартнома имзолаган. Кластерда пахта етиштириш билан боғлиқ барча жараёнларда деҳқонлар бирор нарсадан камчилик сезмадилар. Ҳаммаси ўз ўрнида, оби-тобида етказиб берилди. Натижада “Наманган-77”, “С-8290” навли ғўзада кўзланганидан ҳам зиёда ҳосил етиштирилди.
Кластер деҳқонларга жуда маъқул келди. Улар меҳнатига яраша даромад олишини билгани учун ҳам барча агротехник тадбирларни вақтида, сифатли адо этишди. Бугун пахтакорлар етиштирилган ҳосилдан мамнун, шартнома режасини бирин-кетин бажариб, юзлари ёруғ бўляпти. “Ёшлик” МТП ҳудудидаги “Оқгул чамани”, “Шерхон холдинг”, Келдиев номли МТП дан “Ҳошим Ғуломов ери”, “Ўн оға-ини”, Топиволдиев МТП-нинг “Зоҳидонлик ғаллакор замини”, “Азимжон Отахонбой боғи”, Уйрат МТПга қарашли “Султонбек Юнусали ўғли” ва “Уйрат ёшлик файзи” сингари ўнлаб фермер хўжаликлари пахтакорлари шартнома режасини 100-123 фоизданга бажариб қўйишди. Гектарлар ҳосилдорлиги 35-55 центнерга етказилди. Бу ҳали чегара эмас.
Туманда терим тизимли ташкил этилгани, 93 та отрядга бириккан 11 минг нафар теримчиларнинг кечага қадар уйган хирмони 12 минг тоннадан ошиб кетди.
“Холиқов Йўлчибой” фермер хўжа-лиги раҳбари Гулираъно Холиқова ёш, изланувчан тадбиркор фермерлардан. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўқиб юрганида Беруний номли Давлат стипендияси соҳибаси бўлди. Ҳозир магистратуранинг 2- босқичида таҳсил оляпти. Деҳқончиликда кўзи пишган Гулираъно дадаси Йўлчибой ака пенсияга чиққач, 2017 йилда фермер хўжалиги раҳбарлигини олиб, унинг ишини давом эттирмоқда. Пахтадан, ғалладан мўл ҳосил олиб, туманда донгдор хўжаликка айланди. Биз борган куни Гулираънонинг даласига кластер таъсисчиси Магомед Костоев келиб, унга ва илғор теримчиларига қимматбаҳо совғалар топширгани бежиз эмас. Бундан фермер хўжалиги раҳбари, теримчи ва хўжалик ишчиларининг кўнгли тоғдек кўтарилди.
Гулираънонинг фермер хўжалиги бугун-эрта шартнома режасини бажаради. Бу йил 31 гектар пахта майдонининг ҳар гектаридан олинган ҳосилдорликни 57 центнерга етказмоқчи. Ҳали қўл урилмаган 50 фоиздан ортиқ ерда биринчи терим турибди. Теримчиларга тарозининг бошида терим пуллари нақд санаб бериляпти.
— Бу йил 150 тоннадан ортиқ пахта сотмоқчимиз. Мақсадимиз йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган Турдихон Ҳасанова, Одина Тўйчибоева, Солияхон Мадолимова каби теримчилардан, мен билан елкама-елка туриб, қимматли маслаҳатлар бераётган дадамдан беҳад миннатдорман, — дейди Гулираъно Холиқова.
«Интилганга толе ёр», дейдилар. Риштонда авжига чиққан бугунги терим симфонияси бу гапнинг нақадар тўғри эканлигини исботлагандек, туман пахтакорларининг эришажак меҳнат зафаридан дарак бериб турибди.

Абдужалил Бобожонов.
Элёр ОЛИМОВ
олган суратлар.

Ulashing: