Press "Enter" to skip to content

Кўприкда таъмирлаш ишлари қачон тугалланади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелдаги йиғилиш баёнига асосан Фарғона ва Марғилон шаҳарларини боғловчи йўл ўтказгични тўла таъмирлаш объекти 2022 йил таъмирлаш ишлари дастурига киритилган. Бунга буюртмачи сифатида “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДУК белгиланган, «Йўл-лойиҳа институти» МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

Йўл ўтказгичда Фарғона кўприк-лардан фойдаланиш унитар корхонаси пудратчи сифатида тайинланиб, 9,0 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари, яъни, кўприкусти гидроҳимояси, йўл ўтказгич усти қопламаси, четки тўсиқлар, ёритиш устунлари, йўл ўтказгичдаги 3 та 33 метрли ва 28 та 24 метрли темир-бетон балкаларни янгисига алмаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган. Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу кўприк 1976 йилда қурилган ҳамда 2018 йилда сўнгги марта таъмирланган эди.
Фарғона кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Санжар Қодировнинг таъкидлашича, объектда режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда амалга ошириш мақсадида, йўл ўтказгичда автомобиллар ҳаракатини чеклаш, ҳаракат оқимини бошқа йўналишга йўналтириш бўйича режалар ишлаб чиқилган. Марғилон шаҳар ҳокимлигининг 2022 йил 19 июлдаги қарори асосида 2022 йил июль ойидан ушбу йўл ўтказгичда транспорт воситалари ҳаракатига чеклов ўрнатилди. Ҳаракатни чеклаш давомида Фарғона ва Марғилон шаҳарларига огоҳлантирувчи йўл белгилари ва панно-кўрсаткичлар ўрнатилди.
Бугунги кунда кўприкда пудратчи — Фарғона кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 5 дан ортиқ механизмлар ва 25 нафар мутахассис жалб этилгани ҳолда кўчириб олиш (демонтаж) ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ишлар сифати ва муддати буюртмачи ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан доимий назоратга олинган.
Йўл ўтказгични шу йил 1 ноябрга қадар фойдаланишга топшириш белгиланган.

Шокир НОРМУҲАММЕДОВ.
Элёр ОЛИМОВ
олган сурат.

Ulashing: