Press "Enter" to skip to content

KOIKA — халқаро ҳамкорлик агентлиги: КАСБ ЎРГАНИНГ, КОРЕЯГА БОРИНГ!

Мафтуна иш сўраб Фарғона шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига борганида, у ердагилар ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига йўлланма беришди. Шу йилнинг май ойида ўқишга қабул қилинди. Ўқиш баробарида кундалик харажатлари учун давлат томонидан 690 000 сўм стипендия ҳам берилишини эшитиб қувонди. Ҳозир Мафтуна Баратахунова сартарош-косметолог йўналиши бўйича ўқияпти. Танлаган касби – юз, соч ва тирноқ парваришини ўрганмоқда.

— Марказимизда ўқиш ва амалий машғулотларни бажариш учун жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган хоналарда барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди у. — Мен ўқишни тамомлаб, касб-ҳунарли бўлгач, ўзимнинг шахсий салонимни очмоқчиман.
Биз Корея Республикасининг халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICAнинг эзгу ташаббусига кўра ташкил этилган ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказида иштиёқ билан касб-ҳунар ўрганаётган йигит-қизлар билан суҳбатда бўлдик. Улар марказнинг ташкил этилиши бир ҳунарнинг этагидан тутмаган ёшлар учун яратиб берилган катта имконият эканлигини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, бу ерда 223 нафар ўғил-қизлар беш йўналиш — автомобилларга техник хизмат ва таъмирлаш, ахборот технологиялари, электр ва электротехника, тикувчи-модельер, сартарош-косметолог каби талаб юқори бўлган касблар бўйича мутахассислар бўлиб етишадилар.
— Йилига 480 нафардан ортиқ фуқаролар 8 ойлик курсларда ўқитилади, унинг икки ойида “Sangwoo”, “Фарғона иссиқлик манбаи”, Фарғонадаги тўқимачилик корхоналари ва шу каби бошқа ташкилотларда, гўзаллик салонларида амалиёт ўташади, тажриба орттиришади. Ёшларга 4 нафар ўқитувчи, 8 нафар ишлаб чиқариш усталари касб маҳоратидан сабоқ беришмоқда. Якунда уларга касб-ҳунар эгаллаганлиги ҳақида тегишли диплом берилади. Сўнгра бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ишга жойлаштирилади. 2023 йилнинг январь
ойида биринчи қалдирғочлари-миз мустақил касб-ҳунарга йўл олишади, — дейди марказ директорининг биринчи ўринбосари Одилжон Юнусов.
Марказда водий вилоятларидан келган ёшлар таълим олишяпти. Уларнинг 20 нафарига корейс тили ҳам ўқитилмоқда. Замонавий жиҳозланган ўқув корпуси, 100 ўринли ётоқхона ва ошхона йигит-қизларга хизмат кўрсатмоқда.
Меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларни касб-ҳунарга ўқи-тиш маркази Фарғона шаҳрига шундоқ кираверишда қад ростлаган. У Корея Республикасининг беғараз ёрдами сифатида 9 миллион 320 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ҳисобига ташкил этилган. Аҳамиятлиси, 538 турдаги асосий асбоб-ускуналар Кореядан келтирилган. Марказни битирганлар келгусида хорижий давлатларда ишлашни мақсад қилган меҳнат мигрантларига касб-ҳунар ўргатувчи уста вазифасини ҳам бажаришлари мумкин.
— Қува тумани бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси билан марказга ўқишга келдим. Ахборот технологиялари йўналиши бўйича офис дастурлари, график муҳаррири, техник хизмат кўрсатиш касбларини ўрганяпман. Мамлакатимизда ёшларга яратиб берилган имкониятлардан фойдаланиб, келажакда шахсий фирмамни очмоқчиман, — дейди Нодирбек Содиқов. — Компьютерларга техник хизмат кўрсатиш, камералар ўрнатиш, компьютер тармоқларини лойиҳалаштириш бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман. 10 дан ортиқ иш ўрни яратиш мақсадим бор.
Бугун Фарғона вилоятида Корея Республикаси сармояси ҳисобига фаолият олиб бораётган 43 та корхона бор. Биргина ўтган йилнинг ўзида 120 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қўшма лойиҳалар амалга оширилди. Бу кўрсаткич йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрича, яқин йилларда ушбу мамлакат сармояси иштирокидаги лойиҳалар 360 миллион АҚШ долларига етади. Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳам ана шундай эзгу мақсадларнинг бир кўриниши сифатида халқимизга хизмат қилмоқда.

Абдужалил Бобожонов.

Ulashing: