Press "Enter" to skip to content

“Олтиариқ узумчилиги” халқаро фестивали: Бир келиб кетинг, қишлоғимизга…

Олтиариқнинг қайси йўлидан юрманг, икки ён узумзор. Тумандаги барча ҳовлилар узумзор. Шунданми, Олтиариқни рамзий маънода “Узумлар мамлакати” деб ҳам атайдилар.


Олтиариқ тумани ва унинг етти иқлимга донг таратган шириндан шакар узумлари ҳақида билмаган, эшитмаган инсон бўлмаса керак. Нега бундай биласизми?
Чунки олтиариқликларнинг ер билан “тиллашиб”, машаққатли меҳнатлари эвазига етиштирган узумлари юртимизда ҳам, хорижда ҳам мазаси, тури, доналарининг саралиги билан севимли мевага айланган.
Узум туманнинг ўзига хос бренди. Аммо уни янада кўпроқ юртларда билишлари лозим. Шунинг учун узумчиликни дунёга тарғиб қилиш мақсадида бу йил илк маротаба “Олтиариқ узумчилиги” халқаро фестивали ташкил этилди.
Азалдан ўзининг бетакрор токзорлари билан маълум ва машҳур туманнинг “Узумчи” маҳалла фуқаролар йиғини фестиваль иштирокчиларига мезбонлик қилди.
Мазкур маҳаллада узум етиштириш бўйича ўзига хос мактаб яратилган бўлиб, узумнинг “қора шаҳзода”, “ҳусайни”, “ризамат ота” сингари ўндан зиёд навлари уста-боғбонлар томонидан баҳорнинг сўнгги ойларига қадар яхши сақланиб, халқ дастурхонига тортилмоқда.
Фестивалнинг очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов фестиваль манзили этиб, бежизга бу ер танланмагани, чин маънода ушбу маҳалла туманнинг туризм маскани эканлигини алоҳида таъкидлади. Унинг маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун Олтиариқ қишлоқ хўжалиги, узумчилик ва виночилик тармоғи салоҳияти тўғрисида қилган тақдимотида соҳа ривожи бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатлар, узумни қайта ишлаш корхоналари, хусусан, боғбонлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида сўз борди.
– Айни кунларда туманимиз миришкорлари томонидан узумчилик соҳасидаги катта тажрибани мамлакатимиз миқёсида оммалаштириш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бугунги фестиваль бунинг ёрқин далили, – дейди “Узумчи” МФЙ раиси Шерали Мўминов. –– Қишлоқ аҳли узум етиштириш ва уни сақлашда эллик йиллик тажрибага эга. Бу ерга келган киши қишнинг қаҳратон чилласида ҳам узумни бандидан узиб ейди. Бу сўзлар асло муболаға эмас. “Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши”. Келинг, кўринг, шунда Олтиариқ узумлари ҳақидаги афсона ҳақиқат эканлигига гувоҳ бўласиз.
Фестиваль биринчи бор ўтказилаётган бўлса-да, унда иштирок этган Япония, Покистон, Беларусь, Россия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.
Узум плантациялари бўйлаб сайр ва ундан тайёрланган маҳаллий ичимликлар кўргазмаси хорижликларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.
— Мен Япониянинг машҳур “Попура” нашри учун турли давлатларнинг маданий мероси ва қадриятлари ҳақида “Дунёдаги ҳаёт” номли китоб ёзмоқдаман. Қувонарлиси, унда вилоятнинг Риштон туманидаги “Кулолчилик”, Олтиариқ туманидаги “Узумчилик” мактаблари ҳақида фикр юритилади. Япон болалари учун дунё маданиятини ўрганишда жуда қимматбаҳо маълумотларни ўзида жамлаган китобда мени ҳайрон ва таажжубда қолдирган бугунги фестиваль тафсилотларини ёзмоқчиман, – дейди япониялик сайёҳ Макото Секине.
Узумчилик соҳасидаги ютуқлар намо-йиш этилган мазкур фестиваль эндиликда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб борилади.

Муаттар
МАҲМУДОВА.

Ulashing: