Press "Enter" to skip to content

Буюк аллома

Хўжаназар ҲУВАЙДО

Ҳувайдо (асл исми Хўжаназар Ғойибназар ўғли) 1704 йилда Ўш шаҳрида туғилган. Кейинчалик оила аъзолари билан Фарғона вилоятининг Чимён қишлоғига кўчиб келган.
У шоир, тасаввуф шеъриятининг йирик вакилидир.

Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдо Қўқон мадрасаларида ўқиган. Қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косибчилик билан ҳам шуғулланган. Отаси Ғойибназар сўфи Қашқардаги Офоқхўжа эшоннинг муридларидан бўлган, Чимёнда масжид ва хонақолар қурдириб, эшонлик қилган.
Ҳувайдо девонида келтирилган бир нақлга кўра, Ҳувайдога «Хўжаназар» исмининг қўйилиши ҳам Офоқхўжа билан боғлиқ. У мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанр- ларида ижод қилган. Шеърлари халқ орасида жуда машҳур бўлган. Ҳувайдо ахлоқий-дидактик йўналишдаги мазмунан теран, услубий гўзал асарлари билан адабий мактаб ярата олган шоирдир.
Аллома ижоди ва дунёқарашининг шаклланишида Яссавий, Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасаввуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. У мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърларидан ташқари, золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги ижодий асарларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.
Ҳувайдо шеърлари вафотидан сўнг набиралари томонидан девон ҳолига келтирилган. Унга шоирнинг 351 ғазал, 28 рубоий, 41 тўртлик, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 мустазод, 3 маснавий ҳамда ахлоқий-дидактик мазмундаги «Роҳати дил» манзумаси кирган. Девондаги илк шеърларида рўза, намоз, закот, ҳаж, жаннат ва дўзах билан боғлиқ мавзулар ёритилган, ғурур, манманликни танқид қилувчи, тавозе, қардошлик ва тўғрисўзликни улуғловчи ҳикматларга кенг ўрин берилган («Дариғо, ҳайф, одам…», «Куйгай», «Кимга бориб дод этай…» ва бошқалар).
Ҳувайдонинг шеърларида тасаввуфий унсурлар — нафсни жиловлаш ва дунёдан ўзни узоқ тутиш бош ғоялардан бири. Дунё лаззатининг инсонни бахтли эта олмаслигига ишонган шоир Аллоҳга, абадий бахтга эришмоқ учун инсон ўзлигидан кечмоғи кераклигини англайди (масалан, «Анго», «Қилдинг» радифли шеърлари).
Шоирнинг «Роҳати дил» ахлоқий манзумаси панднома турининг гўзал намунасидир. Унда очкўзлик, таъмагирлик, вафо, боқийлик, фонийлик, яхшиликнинг фойдаси, ёмонликнинг зарари, гўзаллик ва меҳнатсеварлик, моддий ва маънавий поклик каби хилма-хил ахлоқий мавзулардаги ибратли ҳикоялар келтирилган.
Хўжаназар Ғойибназар ўғли диний-ахлоқий мазмундаги «Иброҳим Адҳам» номли шеърий достон ҳам ёзган. Ҳувайдо вафоти (1780/81 й.)га бағишлаб унинг шогирдлари, мухлислари томонидан марсиялар, таърихлар ёзилган. У ҳақда ибратомуз ривоятлар, ёдномалар пайдо бўлган. Шоирнинг отаси Ғойибназар Эшон шажараси дахмаси ҳозир ҳам зиёратгоҳ жойлардан ҳисобланади.
«Девони Ҳувайдо»нинг бир қанча қўлёзма нусхалари ва литографик нашрлари бўлиб, улардан чевараси Салоҳиддин Соқиб (1838—1910) ва Мирза Ҳаким ибн Мирза Умид Марғилонийлар кўчирган нусхаси Самарқанд давлат университети кутубхонасида сақланади.
Алломанинг набираси Сирожий (1877 йил вафот этган), чеваралари Самарбону (1837 — 1891), Салоҳиддин Соқиб, Ғарибий девон тузган шоирлар бўлиб, Ҳувайдо анъаналарини давом эттирганлар.

Бегали
ҚОСИМОВ.

Хўжаназар Ҳувайдо

Дарди йўқ бедард кишилар дард қадрин на билур,
Дунёда номард кўпдур, мард қадрин на билур.
Заъфарон бўлди чиройим ёр учун, эй дўстлар,
Билмагонлар бу чиройи зард қадрин на билур.
Жон узуб, жонни улодим кокили жононага,
Фаҳми йўқ бефаҳмлар пайванд қадрин на билур.
Оз эрур жононага сарф айласам ман молу жон,
Қилмағон нодон киши жон, мард қадрин на билур.
Йиғлади ҳарчанд Ҳувайдо, билмади эл қадрини,
Тушмаган дард бошига бодард қадрин на билур.

***
Сабо еткур саломимни қадди сарви равонимға,
Қаро кўзлук, қаро кокул ўшал ширин забонимға.
Ётибдир бир ғариби зор ўлиб оғиштаи туфроқ,
Бу ҳолимни бориб айтғил мани оромижонимға.
Мани бошим ани йўли ароға ҳар бало келса,
Боқарман, эй биродарлар, қачон суду зиёнимға.
Фалак чархи узилди-ю, йироқ солди мани андин,
Қачон қўшғай худовандим анингдек меҳрибонимға.
Ани дарду фироқи ўлгуча мандин жудо бўлмас,
Таралмиш жисмима жондек тамоми устихонимға.
Ҳувайдони фироқига они ҳеч келмади раҳми,
Қаро тошлар су бўлди раҳм этиб оҳу фиғонимға.

Ulashing: