Press "Enter" to skip to content

Уста ҲУНАРМАНД

Бағдод туманида ҳунар ортидан омади чопганлар жуда кўп. Мебелчилик саноатида ном қозониб келаётган бағдодлик Ҳикматилло Боқижонов шундай дейди:
— Ҳунарлар кўп, аммо инсон қай-си ҳунарда барака топса, у бахтга эришади ва инсонларга фойда кел- тира бошлайди. Мен эса мебель ишлаб чиқариш соҳасида бахтимни топдим. Худди бобом ва отам сингари…
Ҳикматилло аканинг бобоси Боқижон ҳожи ота Бағдодда донғи кетган мебелсоз бўлган. Бир гапириб ўн куладиган Боқижон ҳожи ота билан суҳбатлашиб, Алишер Навоий юксак баҳо берган шоир Бадриддин Ҳилолийнинг қуйидаги мисралари ёдимга тушди:
Тиришиб топмасанг
бир ҳунар — юз айб,
Бир ҳунар ёпади,
бўлса гар — юз айб.
Бор эса ҳунару ақл
ҳам таъмиз,
Эл наздида доимо
ул киши азиз.
Ушбу мисралар Боқижон отанинг ҳаётига бешак кўчгандай. Сабаби, у кишининг ҳам ҳаётидаги баъзи кемтиклар ҳунарининг ортидан тўлди, элда азиз бўлди. Бугун отанинг ҳунарини фарзандлари ва набиралари давом эттиришмоқда.
— Мен мебель ишлаб чиқариб, инсонларга яхши кайфият улашганман. Маҳсулотларимизни кўриб, инсонлар қанчалар хурсанд бўлса, у шунча харидоргир бўлади, — дейди Боқижон ота Қаҳҳоров.
Бағдод тумани, Амиробод қиш- лоғида жойлашган Ҳикматилло Боқижоновнинг мўъжазгина хонадонида бир-биридан шинам ва гўзал мебеллар ишлаб чиқарилади. Ҳикматилло аканинг ўндан ортиқ шогирдлари касб сир-асрорларини ўрганиб келишмоқда.
Бағдод мебелларининг бозордаги ўрни мустаҳкам, харидоргир. Классик ва замонавий услубларда ишлаб чиқариладиган мебелларга Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан буюртмалар кўпроқ тушади.
Бозорларда Ҳикматилло аканинг маҳсулотлари — ошхона, ётоқхона, шкаф ва жавонлар тўплами алоҳида ажралиб турганини ҳис этиш қийин эмас. Буни Ҳикматилло ака ишлаб чиқариш жараёни замонавий ускуналар ёрдамида бойитилганлиги билан изоҳлади.
— Икки ўғил фарзандни тарбиялаётган Ҳикматиллони кўриб ҳавас қиламиз. Уйимиздаги бирорта мебелга шикаст етса, уни чақирсак, шогирдлари билан бирга келиб соз- лаб беришади. Уларнинг қўлида тайёр ҳолга келган мебеллар эл орасида машҳур, — дейди қўшниси Муниса опа.
— Биз республикамиз аҳолисига 10 дан ортиқ турдаги мебель маҳсулотларини етказиб бермоқдамиз. Бундан ташқари, болалар мебеллари ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик. Бунда биз сокин ранглардан фойдаланамиз. Бу уларнинг кайфиятини сезиларли даражада яхшилайди, шунингдек, болаларга ижобий таъсир кўрсатади. Бағдод мебелчилигида табиий ёғочдан тайёрланган маҳсулотлар экологик жиҳатдан тоза ва қулай микроиқлим яратади. Ҳаттоки, ўтган йили россиялик сайёҳлар уйимизга келишиб, ошхона мебелларимиздан олиб кетишган, — дейди уста.
Ақл кўпга етказар, ҳунар — кўкка, деганлари ҳақиқат. Бобосининг ҳунарини давом эттириб келаётган Ҳикматилло ака инсонларга фойдаси тегаётганидан жуда мамнун.
Ш. НОРМУҲАММЕДОВ.

Ulashing: