Press "Enter" to skip to content

Жума сабоқлари : ЛИБОС – ИНСОН ЗИЙНАТИ!

Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдулло ҳожи АБДУЛЛАЕВ таҳрири остида

Абдулфаттоҳ ОЛИМОВ,
Марғилон шаҳар бош имом-хатиби

Баъзилар кийиниш масаласига бунчалик катта эътибор беришнинг боиси нима, ахир бу арзимаган нарса-ку, дейишлари мумкин. Аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас. Қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган томонлари йўқ, балки динимизда инсон ҳаётининг барча соҳалари баравар эътиборга сазовордир.

Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади: «Эй, Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят (белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар» (26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис, либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади.
Жоҳилият даврида одамлар нафси ҳаволаридан келиб чиқиб кийинишар эди. Ислом келиб кийиниш масаласини тартибга солди. Инсон эҳтироми ва жамоатчилик одобига зид бўлган либослардан қайтарди. Шу билан бирга, кийиниш маданиятига риоя қилишга чақирди.
Афсуски, замонамизда ёшлар орасида ғарбона кийимларга тақлид қилиб миллийлигимиз ва қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган турли ёзувли, енги йўқ футболка ёки оддий майкада ва калта шимларларни кийиб, жамоат жойида бемалол юришлари ўта ачинарли ҳолдир. У калта шим билан кўчада эмас, ҳатто уйда юриш ҳам тўғри эмас, чунки уйда она, опа-сингил, келинойилари олдиларида шу ҳолатда ўтиришлари уларга нисбатан ҳурматсизлик белгисидир.
Яна бир афсусланарли ҳолат борки, баъзилар ҳожи либоси дея ўта юпқа оқ шалвар кийишяпти. Либос баданини тўсадиган ва терлаганда ё нам текканда ҳам ичи кўриниб қолмайдиган бўлиши лозим, борди-ю шундай ҳолатда намоз ўқиса, намози дуруст бўлмай қолади. Қолаверса, жамоат жойида бундай тарзда юриш ҳам одобдан эмас.
Ислом дини кўрсатмасига кўра, аёл-қизлар балоғатга етганларидан кейин бегона (номаҳрам) эркаклардан тўсиш учун ўз аврат аъзоларини беркитиб юришларига буюрилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар!” (Нур сураси, 59-оят).
Ушбу ояти каримадаги “кўриниб турадиганидан бошқа зийнатлари” жумласини шарҳлаб жумҳур уламолар аёлларнинг икки қўлининг кафти ва юзи аврат ҳисобланмайди, деганлар.
Мазкур ояти каримада муслима аёл-қизларга ташқаридан бўлиши мумкин бўлган салбий таъсир ва муомалалардан ўзларини сақлаш мақсадида бегона (номаҳрам) эркакларни олдида авратларини яшириб, ёпинчиқларини устиларига ташлаб юришларига буюрилмоқда.
Ҳанафий мазҳабимизга кўра, аёл киши ўранганида икки қўлининг кафти ва юзидан бошқа аъзоларини ёпиши вожибдир. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳога қарата айтган қуйидаги ҳадислари ҳам далолат қилади:
“Эй Асмо, аёл киши вояга етганда ундан мана бу ва мана бу жойларидан бошқа аъзоси кўриниши мумкин эмас”, деб юз ва икки кафтларига ишора қилдилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Лекин ҳозирда айрим аёл-қизларимиз ўзлари билмаган ҳолда ёки ўзгаларга тақлид қилиб мазҳабимизга хилоф ва миллий урф-одатларга зид равишда юз ва қўлларини тўсган ҳолда бурқа ва ниқоб тақиб олиш ҳолатлари учраб турибди. Аслида ҳар бир нарсада бўлгани каби, кийимда ҳам мўътадил бўлиш мақсадга мувофиқ саналади.
Исломда аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб этилса-да, бунда махсус кўринишдаги ёхуд махсус рангдаги кийим кийиш шарт қилинмаган. Яъни, ибодатли, диёнатли аёллар махсус ранг ёки кўринишдаги либосларни кийишлари фарз ёки вожиб деб белгиланмаган.
Ислом мўътадилликни ёқтиради ва ёқлайди. Кийиниш тарзимизда ҳам бунга амал қилишимиз энг гўзал ишлардан биридир. Кийим билан фаҳшни тарғиб ҳам қилмайлик, кийим билан фитнага ҳам сабабчи бўлиб қолмайлик. Динимиз белгилаган мезонларда, кийиниш маданиятига амал қилиб либос кийсак, бунинг ажр ва мукофотини Аллоҳ таоло, албатта, беради.
Хулоса ўрнида ёшларимизга айтар сўзимиз шуки, ўзгаларга тақлид қилиш билан ҳеч нарсани йўқотмаймиз, деб ўйлашингиз мумкин. Бу жуда катта хато. Чунки ўзлигидан мосува инсоннинг йўқотадиган бошқа нарсаси йўқ.

Ulashing: