Press "Enter" to skip to content

ТОШДАН ҚОҒОЗ ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНАДИ? УНИНГ БИЗ БИЛГАН ҚОҒОЗДАН ФАРҚИ НИМАДА?

Фарғона шаҳридаги «Fergana stone paper» корхонасида тошдан қоғоз ишлаб чиқарилмоқда.

2021 йил февраль ойида Президентимиз мазкур корхона фаолияти билан танишиб, «Қоғоз тайёрлаш қадимий ҳунармандлик йўналишларимиздан бири. Ўз даврида Самарқанд қоғози дунёга машҳур бўлган. Бу корхона — тарихий анъаналарнинг саноат даражасида қайта тикланиши», дея унинг истиқболига юқори баҳо берган эди.
Хўш, бугун корхонанинг аҳволи қандай? Тошдан қоғоз ишлаб чиқариш жараёнлари қандай кечмоқда? Маҳсулот ўз харидорларини топдими? Бу каби саволларимизга жавоб олиш учун «Fergana stone paper» корхонасига бордик.
Бир гектар ер майдонини эгаллаган мажмуада 4 қаватли замонавий техникалар ишлаб турибди. Бир қараганда, тошдан қоғоз ишлаб чиқаришга ишониш қийин. Лекин жараёнларни ўз кўзингиз билан кўргач, ҳайратингизни яширолмайсиз. Бу тажриба Хитой, Тайвань ва Ўзбекистондан бошқа давлатда қўлланилмайди.
Корхона лабораторияси масъул ходими Ёқутхон Бахтиёрованинг айтишича, дастлаб, майдаланган оҳактош унига қўшимча моддалар қўшилиб, гранулага айлантирилади. Гранулалар печда қиздирилиб, ҳаво ёрдамида иширилади. Улар шар кўринишига келгач, ундан қоғоз тайёрланади.
Корхона ишчиларининг таъкидлашича, бу қоғознинг сифати целлюлоза қоғозникидан бутунлай фарқ қилади. Целлюлоза қоғоз тайёрлаш учун жуда кўп сув сарфланади, заҳарли моддалар борлиги туфайли бу сув яроқсиз ҳолга келиб қолади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришда эса сув ишлатилмайди. Унинг мустаҳкамлиги, чидамлилиги ҳам оддий қоғозга нисбатан юқори. Ўзидан сув ўтказмайди, доғ юқтирмайди. Шу боис, тошдан олинган қоғоз қадоқ ва гулқоғозлар, дафтарлар ишлаб чиқаришга жуда қўл келади, энг асосийси, экологияга ҳеч қандай зарар етказилмайди.
Корхонада 20 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Бугунги кунга қадар тош қоғозлар Эрон, Россия, Туркия давлатларига экспорт қилиняпти.
— Ҳозир маҳсулотимизнинг харидорларини топиш даври кетмоқда, — дейди корхона раҳбари Абдураҳмон Ниёзов. – Кеча-ю кундуз ишлашни хоҳлаймиз. Лекин талаб биз ўйлаганчалик кўпайгани йўқ. Янгиликни “ҳазм қилиш” ҳар доим қийин бўлган. Лекин вақти келиб қўлимиз-қўлимизга тегмай ишлаймиз. Чунки маҳсулотимизнинг афзалликлари бисёр. Корхона бир йилда 45 минг тонна қоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга.
Бугунги кунда тош қоғоздан дафтар ишлаб чиқарилмоқда. У китоблар жилдининг устки қисмига ёпиштириш учун ҳам қўлланиляпти. Меваларни, ҳар хил маҳсулотларни қадоқлаш ва ўрашда кенг фойдаланиляпти.
Тош қоғозларнинг қалинлиги 80 микрондан 200 микронгача, эни 90 сантиметрдан 120 сантиметргача бўлиб, ўлчами харидорнинг талабига қараб белгиланади. Корхона лабораторияси ходимининг айтишича, “Тош қоғозни офсет, флекса усулида босмахоналарда бемалол ишлатиш мумкин. Лекин ҳали бунга талаб бўлганича йўқ”.
Тош қоғозни ушлаб кўриб, унинг майинлиги, ёпишқоқлиги, чўзилишга мойиллиги ва тиниқлигини сездик. Бироқ таркибига полиэтилен моддаси қўшилгани боис, тош қоғоз рангларни шимиб олиши қийин. Лазерли принтер бўёқларида сув миқдори кўп бўлгани учун тош қоғозлар чоп этишда яхши натижа бермайди.
«Fergana stone paper» корхонаси жамоаси секин-аста маҳаллий ва дунё бозорларини забт этишга ишонади. Зеро, Ўзбекистон қоғоз сотиб олувчи давлатдан экспорт қилувчи давлатга айлангани ҳақиқат.
Гўзал ОХУНОВА.

Ulashing: