Press "Enter" to skip to content

МАКТАБЛАРДА ДАРСЛИКЛАР ЕТАРЛИМИ?

Ҳар гал янги ўқув йили арафасида ота-оналарни мактаб формаси ва дарсликлар таъминоти билан боғлиқ масала ташвишга солади.

Мактаб формасини-ку сотиб олиш мумкин, аммо дарсликларни-чи? Дейлик, сотувда ҳам бўлсин, лекин уларнинг сони ва нархини ҳисоб-китоб қилганда, ҳар кимнинг ҳам қурби етмай қолади. Айниқса, оиласида икки-учта ўқувчи бўлган ота-оналарнинг. Дарсликлар етишмаслиги сабабли машғулотлар ўтишда қийинчиликлар юзага келаётганини, ҳатто бир неча нафар ўқувчи бир китобдан фойдаланишга мажбур бўлишаётганини устозларнинг ўзлари айтиб ўтишди.
Вилоятимизда бугунги кунда 960 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 2022-2023 ўқув йили учун фанлар бўйича 7037055 та дарсликларга буюртма берилди. Унга асосан 3675105 та янги дарслик ва машқ дафтарлари мактабларга тарқатилди. Қолган 3361950 та дарслик ўрнига мактаблар кутубхоналари захираларидан фойдаланилмоқда.
Мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини, қонуний вакилларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берилди. Бу ҳам бўлса, давлатимиз раҳбарининг келажак авлодлар таълим-тарбиясига бўлган эътиборининг бир намунасидир.
Фарғона шаҳридаги 41-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган умумий ўрта таълим мактабида директор, ўқитувчилар, кутубхона мудираси билан суҳбатлашдик.
1495 нафар ўқувчи билим олаётган мазкур мактабда таълим-тарбия жараёнлари ибратли йўлга қўйилган. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси, турли танловлар, фанлар олимпиадаларидаги ўринлари намунали. Мактаб директори Муаттархон Раҳимованинг айтишича, ўтган ўқув йилида 89 нафар битирувчиларининг 81 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинди, 3 нафар битирувчи АҚШнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олмоқда, 28 нафари IELTS халқаро имтиҳон тизими бўйича тест синовларидан муваффақиятли ўтди.
Шундай бўлса-да, билим масканида дарсликларга эҳтиёж бор. Жорий ўқув йили учун 30105 та дарслик ва машқ дафтарлари олиниши керак. Жумладан, 3, 6, 7, 10-синфлар дарсликлари янгиланганлиги ҳисобига инглиз тили фани бўйича дарслик етишмаяпти. Устозлар ўқувчиларининг ўзлаштириш-ларини ортда қолдирмаслик учун машғу-лотларни электрон дарслик, компьютерда тайёрлаган материаллардан фойдаланиб ўтишмоқда.
— Янги дарсликлар билан таъминлаш босқичма-босқич олиб бориляпти. Йил охирига қадар тўлиқ етказиб берилади. Етишмаган дарсликлар муаммосини ҳамкасбларнинг телеграм гуруҳи орқали олинаётган ҳамда мактабнинг захира фондидаги эски дарсликлардан фойдаланиб ҳал этяпмиз, — дейди кутубхона мудираси Матлубахон Бувшова.
Дарсликлар масаласида Фарғона туманидаги 38-ўрта таълим мактабида ҳам бўлдик. Ўрганишлар давомида устозлар сентябрь, октябрь “оғир” ойлар ҳисобланишини таъкидлашди. Бу бевосита дарсликлар етишмовчилиги билан боғлиқ.
— Мактабда ўтказилган ота-оналар умумий йиғилишида турмуш ўртоғим қатнашиб чиқди. Дарсликлар бепул ижараси бўйича ҳеч нарса айтилмабди, — дейди Музаффар Тешабоев.
Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилшод Холматов бунинг сабабини “тепа”дан ҳали топшириқ бўлмагани билан изоҳлади.
Мактаб кутубхонаси олдида тўпланиб турган ўн чоғли аёллар билан суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, улар туман марказидан келтириладиган дарсликларни шу ердан олиб кетиш учун келишган кутубхона ходимлари экан. Улар ҳам, биз суҳбатлашган устозлар ҳам дарсликлар етишмаслиги машғулотлар жараёнида қийинчиликлар туғдираётгани, бу эса ўқувчилар дарсларни ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатаётганини тан олишди.
Айрим ўқитувчилар ва услубчилар дарсликлар етишмовчилигини яширишга ҳаракат қилишади. Аммо “Касалини яширсанг, исит-
маси ошкор қилади” деган-ларидек, дарсликлар таъминоти бўйича ҳақиқий аҳвол бундан-да оғирроқ эканлигини англадик.

Ирода
МИРЗАҒАНИЕВА.

Ulashing: