Press "Enter" to skip to content

БУХГАЛТЕРИЯ МАКТАБИНИ ЯРАТГАН ФАРҒОНАЛИК ОЛИМ

Иқтисодиёт бухгалтерия ҳисоби ва аудит илмисиз қанотсиз қушдек ҳисоби. Молиявий таҳлил, ҳисоб-китоб назорати, корхоналар молиявий-хўжалик фаолияти бўйича мутахассис, асосий воситаларнинг бухгалтерияси мавзуидаги илмий ишларида келтирилган тавсиялар қонунчиликдаги янгиликларга киритилган олим, иқтисод фанлари доктори, профессор, “Дўстлик” ордени соҳиби Давлатбой Кудбиев портретига чизгилар

Илм излаб Самарқанддан Москвагача

Болаликдан ҳисоб-китобга қизиққан Давлатбой Кудбиев Фарғона кооператив техникумини битиргач, илм иштиёқида Самарқандга йўл олади ва кооператив институтига ҳужжат топширади. 250 нафар талаба ичидан атиги уч киши олийгоҳни аъло баҳоларга тамомлаган, улар орасида шубҳасиз, Давлатбой Кудбиев ҳам бор эди. Талабанинг иқтидори, ғайрати сабаб институт жамоасидан ўша даргоҳда иш фаолиятини давом эттириш таклифи тушади. Устозларининг таклифи Давлатбой Кудбиевнинг ҳаёт ва илм йўлларидаги хайрли ишларга дебоча бўлади.
Бу орада ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Давлатбой аспирантурада ўқиш учун танловда қатнашиб, саралар сафида Моск-вага йўл олади. Москва давлат тижорат университетида дастлаб ўз даври ва соҳасининг етакчи олим-профессорлари Саломон Неривич ва Капировичдан таҳсил олади. Номзодлик, докторлик диссертацияларини ҳам Москвада ҳимоя қилади. Ўн йиллик илмий изланишлардан сўнг жонажон маскани Самарқанд кооператив институтида 15 йил фаолият юритади. 1996 йили ҳукумат топшириғи, Вазирлар Маҳкамасининг маҳаллий олий таълим муассасаларини ривожлантириш бўйича қарорига биноан Давлатбой Кудбиев ўзининг она юрти Фарғонага қайтади ва политехника институтида иш фаолиятини давом эттиради.
Йиллар олимга муҳожирлик ва илмнинг ширин азоби, ҳаёт, оила, рўзғор ташвишлари баробарида юксалиш, ўз соҳаси – бухгалтерия ва аудитда мактаб яратишдек олий вазифани адо этиш имконини берди. Илмий фаолиятига 50 йил тўлиши, 24 йил мобайнида Фарғона политехника институтида 3 нафар фан доктори, йигирмага яқин фан номзодига раҳбарлик қилиши ва энг муҳими, ўз ортидан мактаб қолдириши ҳамманинг ҳам чекига тушавермайди. Бу юкни ҳамма ҳам кўтаравермайди.
2020 йили Фарғона политехника институтида биринчи марта бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида Илмий кенгаш очилди. Бу республика миқёсида бухгалтерия ҳисоби ва аудит, саноат иқтисодиёти ҳамда менежмент йўналишларида фалсафа доктори илмий даражасини ҳимоя қилиш имконини яратди. Илмга қизиққанларга енгиллик бўлди, ўз-ўзидан магистратура ва докторантурага танлов кенгайди. Бу хайрли ишнинг ортида ҳам албатта профессор Давлатбой Кудбиевнинг ҳиссаси катта.

Эътиқоди –
ҳалоллик

– Устозимизнинг энг кўп такрорлайдиган ўгитларидан бири – “Ҳалол бўлинглар!” – дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Иброҳимжон Исманов. – Докторлик диссертациямни устоз раҳбарликларида ҳимоя қилганман. Улардан нафақат бухгалтерия ва аудит соҳасида, илмда, балки ҳаётда ҳам ўрганганларим кўп бўлди. Шу даргоҳда 24 йилдан буён фаолият юритаётган бўлсалар, ҳамиша коррупцияга муросасиз бўлганлар. Ҳар бир шогирдидан ҳам ишга садоқат, фидойиликни талаб қиладилар, аввало, ўзлари бизга ибрат, намуна бўладилар.
Суҳбат асносида бу инсон-нинг чиндан ҳам касбга, илмга садоқати, фидойилиги, ҳалол-ликни эътиқоди даражасида билишига амин бўлдик.
– Ҳалолликда гап кўп, – дейди устоз Давлатбой Кудбиев. – Нопок йўллар инсонни ҳеч қачон гўзал манзилларга элтмайди. Шунинг учун фарзандларимга ҳам, шогирдларимга ҳам ҳалол-пок бўлинглар, дея кўп таъкидлайман.
Коррупциянинг совғадан фарқи бор. Берган билимингиз, ёрдамингиз учун нимадир кутсангиз, уни таъма қилсангиз, бу – коррупция. Илм берган шогирдингиз йиллар ўтиб, сизни йўлда кўриб қолса-ю, уйингизгача машинасида элтиб қўйса ёки чин кўнгилдан, ташаккур маъносида бир пиёла аччиқ кўк чой узатса, мана бу – совға. Меҳнатларингизнинг меваси, роҳат дегани шу бўлса керак.

Илм сувда
чўкмайди,
ўтда ёнмайди

Профессор Давлатбой Кудбиевнинг ҳаётдан чиқарган хулосаси, топган фалсафаси битта: Илм сувда чўкмайди, ўтда ёнмайди. “Амал бугун берилувчи, эртага ечиб олинувчи либосдек гап. Амал орқали ҳам эл-юртга нафи тегаётган инсонлар кўп, лекин унга алданиб қолмаслик керак”, дейди олим.
Ҳаётини илмга бахшида этган инсоннинг тўрт нафар фарзанди ҳам олий маълумотли, зиёли инсонлар бўлиб етишган. Оиладаги муҳит, илмга чанқоқлик уларнинг тақдирида ҳам акс этган.
– Оилада тўрт фарзанд бўлсак, мен хорижий тилларга қизиқишим сабабли инглиз тили мутахассислиги бўйича таҳсил олганман, – дейди устоз Давлатбой Кудбиевнинг қизи, Қўқон давлат педагогика институти докторанти Нодира Якубова. – Акам, опам ва синглим дадамларнинг изларидан бориб, бухгалтерия соҳасини танлашган. Кичкиналигимиздан ўқишимизга жуда талабчан бўлганлар. Баъзан тенгқурларимиздек ўйнаб-кулолмаганимиздан ўксингандек бўлардик. Бугун ўзим она бўлиб англаяпманки, ота-онам фарзанд тарбиясида жуда тўғри йўл тутган эканлар. Дадам ҳамиша бизга илмда ҳам, ҳаёт, оилада ҳам суянишимиз мумкин бўлган ишончли тоғ бўлганлар. Бугунги муваффақиятларим замирида албатта уларнинг ҳиссалари, меҳнати беқиёс.
– Фарзандларим, дўст-биро-дарлар хизмат сафари биланми ёки саёҳат сабаб хорижий давлатларга боргудек бўлишса, “Менга кийим-кечак, совға-салом керак эмас, китоб олиб келсанг-лар етади”, дейман. Мен учун китоб энг катта совға, – дейди олим.

Севара
АЛИЖОНОВА.

Ulashing: