Press "Enter" to skip to content

“Фарғона ҳақиқати” газетасида чоп этилгандан сўнг

“Фарғона ҳақиқати” газетасининг 2022 йил 26 июль, 61-сонида “Шўрсувликларнинг “шўри қуримайди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ахборот хизмати мақолада кўтарилган масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилган.

Камчиликларни бартараф этиш давом этаётгани маълум қилинди

Аввало, шуни айтиш керакки, Ўзбекистон тумани, Шўрсув шаҳарчаси ҳудудидаги қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг мутахассислари томонидан доимий равишда ўрганишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўрганишлар давомида қўмитанинг мобиль экологик лабораторияси жалб қилиниб, ҳаводан намуналар олинган ва таҳлил амалга оширилган. Таҳлил натижаларига кўра, ҳавони ифлослантирувчи моддалар 4 та нуқтада 1,5 дан 23,6 мартага ва 2 та нуқтада 3,2 дан 4,6 мартага белгиланган меъёрлардан ортиқлиги аниқланган.
Ҳудудда жойлашган ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқаётган чанг ва газларни камайтириш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш мақсадида 12 та корхонада, жумладан, «Tsement xomashyo savdosi» МЧЖ, «Yaypan qurilish bunyodkor» МЧЖ, «Sho‘rsuv baraka gips» МЧЖ, «Vodiy gips» МЧЖ, «Olmos gips » МЧЖ, «Евро глобал гипс» Х/К, «Imkon gips» Х/К, «Fayz gips» Х/К, «Gold gips card» МЧЖ, «Gips group national» МЧЖ, «Стар гениус» МЧЖ ҳамда «Чўян юинг» Х/Кларида текширишлар амалга оширилди.
Текширув давомида «Olmos gips» МЧЖ, «Imkon gips» Х/К, «Fayz gips» Х/К томонидан гипс ишлаб чиқариш цехи учун чанг-газ ушлаш қурилмаси ўрнатилмагани, давлат экологик экспертиза хулосалари олинмагани, «Evro global gips» ХК, «Gold gisp card» МЧЖ томонидан ўрнатилган чанг-газ ушлаш қурилмалари талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди.
Текширишлар натижасида атмосфера ҳавосига ташланган гипс чанги ва атроф-муҳитга чиқарилган гипс тош чиқиндилар учун қўшимча компенсация суммалари ҳисобланиб, «Евро глобал гипс» Х|К, «Imkon gips» Х/К, «Fayz gips» Х/К ва «Gips group national» МЧЖлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилиб, табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талаблари бажарилиши бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Белгиланган муддатда экологик талаблар бажарилмагани сабабли корхоналар фаолиятини тўхтатиш учун Иқтисодий ишлар бўйича Ўзбекистон туманлараро судига ҳужжатлар тақдим этилган. Давомий равишда 4 та гипс ва 2 та цемент ишлаб чиқариш корхоналар фаолиятида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ва қонуности ҳужжатлар ижросини ўрганиш юзасидан текшириш ўтказилиши бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон туманидаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талаблари асосида йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарини экологик талаблар асосида модернизациялаш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Дастур доирасида ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналарида юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, шунингдек, Шўрсув шаҳарчасидаги саноат корхоналарини ўз ичига олган замонавий технологиялар билан жиҳозланган, атроф-муҳитга кам таъсир кўрсатувчи «яшил технологиялар»ни қўллаган ҳолда кластер усулида «кичик саноат зонаси» ташкил этилади.
Мақоладаги «Бизга ҳамроҳ бўлган Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари корхоналар хусусий бўлгани учун уларнинг раҳбарлари ишлаб чиқариш ҳудудига кириш учун ҳеч кимга рухсат беришмаётганини айтишди. Балки улар журналистларни корхонага етаклаб боришни исташмагани сабабли шундай дейишгандир» деган фикрларга жавобан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳар доим ўз ваколати доирасида очиқлик тарафдори бўлиб келмоқда. Амалдаги қоидаларга кўра, тадбиркорлик субъектларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман рухсатига асосан текширувлар амалга оширилади. Ана шу тартиб-қоидалар бевосита ОАВ вакиллари учун ҳам тегишли бўлиб, бу ўринда эколог-лардан журналистнинг хафа бўлиши, назаримизда, ўринсиз.
Шўрсув шаҳарчаси ҳудудида жойлашган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ва қонуности ҳужжатлар ижросини ўрганиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ишлар давом этаётганини маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ахборот хизмати.

Ulashing: