Press "Enter" to skip to content

Фуқаро мурожаати эътиборда

ОТА-ОНАЛАР БАДАЛИДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ

Фарғона шаҳар, Соҳибқирон Темур кўчасида яшовчи Н.Мусаева давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган фарзанди учун тўланаётган ота-оналар бадалидан озод қилишда ёрдам сўраб, вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди. У тақдим этган ҳужжатлар мутахассислар томонидан қонунчилик талаблари асосида ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 17-бандида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилиниши белгилаб қўйилган.
Аниқландики, Н.Мусаеванинг турмуш ўртоғи 2020 йил октябрь ойида вафот этган. У қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзандлари учун боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиб келади. Фарзанди 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланади. Лекин у қонунчилик талаби доирасида ота-оналар бадалидан озод қилинмаган.
Ўрганишлар давомида 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида юқоридаги фармон талаб-ларига риоя этилмаётгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат бўйича Фарғона шаҳар мактабгача таълим бўлимига тақдимнома киритилди, Н.Мусаева давлат мактабгача таълим ташкилотида шакллантирилган бадалдан озод этилди.
Аброр ЁҚУБОВ,
вилоят адлия бошқармаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси.

Ulashing: