Press "Enter" to skip to content

made in uzbekistan

Фарғона — Исроил ҳамкорлиги

Наргиза ҚОДИРОВА, Bee Smart Trade LTD компаниялар гуруҳи вице-президенти

“Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская прада” газеталари ва Бутунжаҳон Бухоро яҳудийлари конгрессининг нашри — “Менор” газетаси таҳририятлари қўшма лойиҳаси асосида газетанинг бугунги сонида “Bee Smart Trade” LTD компаниялар гуруҳи вице-президенти Наргиза Қодированинг“Фарғона — Исроил ҳамкорлиги” сарлавҳали
мақоласи билан
танишасиз.

Кутилмаган “момақалдироқ”

Бугун Ўзбекистон дунёда пахта етиштириш бўйича Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Покистон ва Бразилиядан кейин олтинчи ўринни эгаллайди. Пахта сифати бўйича етакчи учликка киради. Ўзбекистон учун пахта етиштириш шунчаки қишлоқ хўжалик экини бўлмасдан, муҳим ва зарур маҳсулот ҳисобланади. Пахта Республиканинг рамзи, ҳозирги тил билан айтганда, бренди.
Истиқлолга қадар пахта йиғим-терими ҳақиқий меҳнат фронти бўлган. Каттаю-кичик ҳар куз мавсумида йиғим теримга жалб этилар, 5-6 миллион тонналик хом ашёни териб олиш шарт эди. Катта ёшдаги кишилар яхши эслашади, терим мавсумида бозорлар беркиларди, тўй ва ҳатто таъзия маросимлари бекор қиларди. Кўплаб муассасаларда, мактаб ва олий ўқув юртларида иш, ўқиш тўхтарди. Одамлар пахта далаларида янги йилгача меҳнат қиларди. Шахсан мен ёшлик пайтимни яхши эслайман: терим пайтида шаҳарда автобуслар қатнови тақа-тақ тўхтатилар, улар пахтакорларни ташиш билан банд эди. Радио, телевидение, марказий матбуот пахта режасининг бажарилиши ҳақидаги кундалик маълумотни бериб борар, республика аҳолиси уни интиқлик билан кутарди.
2009 йилда кутилмаган “момақалдироқ” юз берди. “COTTON CAMPAIGN” халқаро пахта иқтисодий коалицияси дунё жамоатчилигини ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишга чақирди. Бунга ўзбек пахтасини етиштиришда далалардаги болаларнинг мажбурий меҳнати сабаб қилиб кўрсатилган эди. Ўшанда 330 дан зиёд халқаро компаниялар, жумладан Gucci, Adidas, Amazon, Burberry, Balensiaga, Kelvin Klein, Nike C&A, Gap, H&M, Levi Straus&Co, Tesco Walmart ва бошқа дунё брендлари “COTTON CAMPAIGN” чақириғини қўллаб-қувватлади. Ваҳоланки, пахта ўшанда, менимча ҳозир ҳам Ўзбекистонда асосий қишлоқ хўжалик маҳсулоти ҳисобланарди, давлат бюджетига йилига 1 миллард АҚШ долларидан кўпроқ фойда келтирарди. Бу ёш давлат иқтисодиётига жиддий зарба эди.

Пахта бойкотининг бекор қилиниши

Бу мураккаб жараён 12 йилдан кўпроқ давом этди. Ўзбекистон ҳукуматининг, мутахассис ва экспертларнинг эътибори бойкотни олиб ташлашга қаратилди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангач, вазият яхши томонга ўзгара бошлади. Пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатни тақиқловчи махсус фармон қабул қилинди. Совет давридан одат бўлиб қолган пахта йиғим-теримига оммавий сафарбарликка чек қўйилади. Ўзбекистон раҳбарияти қатъий ишонч билан мамлакатда мажбурий меҳнат йўқотилганлиги ҳақида “COTTON CAMPAIGN” халқаро пахта иқтисодий коалицияси вакиллари билан самарали музокаралар олиб борганларидан сўнг бойкот барҳам топди.
2020 йил апрел ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов “COTTON CAMPAIGN” коалициясини ўзбек пахтасига бойкотни олиб ташлашга чақирди. Ўшанда коалиция меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қўшимча қафолат зарурлигини қайд этди. Шунда Ўзбекистон ҳукумати чет эллик ҳамкорларга далаларда мажбурий меҳнатга чек қўйилганини кўрсатиш ва исботлаш учун махсус режа асосида иш олиб борди.
Вазирнинг мурожаатидан қарийб бир йил ўтиб, аниқроғи 2021 йил 1 мартда Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахтачилигида болалар ва мажбурий меҳнатга узил-кесил чек қўйилганлигини эътироф этди. Халқаро меҳнат ташкилоти бош директорининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда пахта хомашёси ишлаб чиқариш ва сотишда янги марраларга эришилди. Тўқув ва тикув соҳасида миллионлаб ишчи ўринлари яратилди. Бундан ташқари, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Йонас Астуруп болалар ва мажбурий меҳнат тўласича барҳам топганини тан олди.
– Биз бу ислоҳотларни халқимиз ва иқтисодиётимизнинг гуллаб яшнаши учун амалга оширдик, – дейди Олий Мажлис Сенати раиси, Мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши кураш бўйича миллий комиссия раҳбари Танзила Камоловна Норбоева. – Пахта етиштиришга давлат буюртмаси бекор қилинди.
Ниҳоят, 2022 йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси учун тарихий кун бўлди. “COTTON CAMPAIGN” Халқаро пахта иқтисодий коалицияси бойкотни бекор қилди.
Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг мажбурий меҳнатни тугатиш ва Ўзбекистон пахтачилигидаги ислоҳотларини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистонда сўнгги йилларда эришилган натижалар “COTTON CAMPAIGN” халқаро коалициясининг ўзбек пахтасига эълон қилган бойкотни бекор қилишига асос бўлди.

Ўзбек пахтаси ва текстиль маҳсулотларининг янги имкониятлари

Ўзбек пахтасига, демакки, ўзбек текстилига бойкот тарихи ана шундай хайрли якун топди. Лекин нима учун у бунчалик узоқ чўзилди? Мен бу саволга дўстим, “Антиконтрафакт” халқаро ассоциацияси биринчи вице-президенти, саноат хомашёсининг ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича машҳур эксперт Байсолту Бексултанович Ҳамзатовдан жавоб сўрадим. “Ўзбекистон ўзининг буюк тарихи, урф-одат ва анъаналари билан фахрланади. Албатта, унинг тарихи билан танишган киши мамлакатнинг табиий бойликларидан бири – ажойиб сифатли “оқ олтин” эканлигини билади. Ўзбекистонни пахтасиз тасаввур этиш қийин. Унинг пахтасига бойкот эълон қилиш, юмшоқ қилиб айтганда, ақлсизликдир.
Пахта бойкотининг бекор қилинишидан, биринчи нав-батда, жаҳон текстиль бизнеси ва сифатли ҳомашё ҳамда маҳсулот олаётган турли давлатлардаги истеъмолчилар ютди. Менинг фикримча, республиканинг ҳозирги ҳукумати бойкотни бекор қилиш бўйича жуда самарали иш олиб борди. Бугун Ўзбекистон юқори суръатлар билан, барча халқаро стандартлар ва принципларга риоя қилган ҳолда ўз ҳамкорларига сифатли маҳсулот етказиб бермоқда.

Маҳорати ҳайратга солди

Машҳур Исроил тадбиркори, саккизта савдо тармоқларининг асосчиси Авеи Кац 2021 йилда Ўзбекистонга ташрифимиз чоғида бир нечта фермер хўжаликларига ташриф буюриб, шундай деганди:
“Уларда томчилатиб суғориш бўйича айрим камчиликлар бўлиши мумкин – буларни тугатишга ёрдам берамиз. Бироқ мени уларнинг хўжалик юритиш ва тадбиркорликдаги маҳорати ҳайратга солди”.
Айнан Авеи Кац 2001 йилда ўзбек текстиль маҳсулотларининг катта имониятлари бўйича мени қўллаб-қувватлаган эди.
Бойкотдан кейинги илк пайтта дунёнинг етакчи фирмаларини ундан маҳсулот ишлаб чиқаришга жалб этиш осон эмасди. Бу борада менга ёрдам берганлардан бири Фарғона вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов бўлди. Ҳозир эса вилоят ҳокимининг инвес-тициялар ва ташқи савдо бўйича ўринбосари Иқболжон Эргашевнинг ёрдамига таянаман. Менинг биринчи шартномам яқин дўстим, ҳамкорим Наргизахон Аминова раҳбарлик қилаётган “NARIMTEX” компанияси билан эди.
2018 йилда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси билан ҳамкорликда бош директор Йоав Шем бошчилигида “Onot Jump” аёллар кийими ишлаб чиқарадиган тармоғи раҳбарларини Ўзбекистонга ташрифини ташкил этган эдим. Бизни текстил корхоналари ва тикув-трикотаж саноати ассоциацияси раҳбарлари қизғин кутиб олдилар. Биз Тошкент, Фарғона ва Самарқанддаги фабрикаларга ташриф буюрдик.
2021 йилда шахсан менга “Tanga Lingerie” таъсисчиси Симон Грег ва бош директор Ади Пелегнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ишониб топширилди. Ташриф чоғида Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги фабрикаларда бўлдик. Ўшанда ҳамкасбларим диққатини яқин дўстим ва ҳамкорим Ғайрат Обиджоновнинг “By Reyis Textil” фабрикаси (ҳозир Ерхан Тахтали ва Айхан Глугергер бошқаряпти) маҳсулотлари тортди. Қувончимга сабаб бўлган уч нарса бор эди. Биринчиси – бу фабрика Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида жойлашганлиги, у ерда онам туғилган ва менинг ёшлигим ўтган. Иккинчи сабаб – Ғайрат Обиджоновни болалигидан биламан, отаси Аҳмадшер Обиджонов бизнесдаги биринчи устозим бўлган. Учинчи сабаб – бизни Марғилон шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдиновнинг қўллаб-қувватлаши эди. У ҳар қандай масалада менга ёрдам беради, вақтини аямайди.
“Bee Smart Trade Group” компаниямиз “Tanga Lingerie” компанияси ҳамкорлигида “By Reyis Textil” билан шартнома имзолаб, 2022 йилда Ўзбекистондан Исроилга 100 фоиз пахтадан бўлган юз минглаб сифатли маҳсулотларни олиб келган. Бугун бизда Hello Kitty, Go Under, Barbie, Lambada, Bonita de mas, Mentos, Pink panther, DC Superman, DC Batman, DC Wonder Woman сингари жаҳон брендининг пижамалари ва ички кийимларини ишлаб чиқаришга расмий ҳуқуқ ва лицензия бор. Узоқ йиллар бу брендлар Ўзбекистон ва у ерда юксак сифатли пахта борлиги ҳақида эшитмаган. Биз рақобатбардош нарх, аъло сифат ва албатта, тезкор етказиб беришнинг уддасидан чиқдик. Бугун Исроилдаги ўн минглаб оилалар Ўзбекистонда тайёрланган маҳсулотлардан фойдаланмоқдалар.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон текстиль маҳсулотлари Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш мамлакатлариникидан бирмунча сифатлироқ. Шунинг учун ҳам улар Исроил савдо тармоқларида муносиб ўринга эга. Ва бу давом этяпти.
Муҳими шуки, ўзбек пахтасига бойкот эълон қилинган йиллар Ўзбекистон текстиль ва тикув саноатида замонавий корхоналар очила бошлади. Ишончим комилки, бу корхоналар маҳсулотлари Исроил бозорини забт этиб бораверади. Менинг мамлакатим – Исроил менинг Ватаним – Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ҳамда минтақаларнинг текстиль маҳсулотлари кенг ёйилишида кўприк вазифасини ўтайди.
Албатта, ҳар қандай ишнинг қийинчилиги бўлади. Мен “Бу ишни Ўзбекистонда қилма, денгизга чиқиш йўли йўқлиги учун логистика қиммат” деган сўзларни кўп эшитаман. Юзимга “Мен сизни қўллаб-қувватламайман хоним Кадирова” деганлар бўлган. Аммо мен бу ишларни ташкил этдим ва амалга оширдим. Аниқ биламанки, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги меҳмондўст, иқтидорли ва меҳнаткаш одамларидир. Улар ўз мамлакатларини севади, қадимий маданиятини кўз қорачиғидек асрайди, қўшнилари билан дўстона алоқани жойига қўяди. Дунёнинг барча халқлари билан тинч-тотув яшашга интиладилар.

Ulashing: