Press "Enter" to skip to content

Фарғонада дўстлик фестивали

Ўзбекистон кўп миллатли давлат. Бу муқаддас заминда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда жорий қилинган Халқлар дўстлиги куни мустақил Ватанимизда ана шу миллатлар ўртасидаги дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини асрашга, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Халқлар дўстлиги куни Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройининг очиқ саҳнида кенг қамровда, кўтаринки руҳда нишонланди. Бу ерда вилоятдаги миллий маданий марказларнинг кўргазмалари ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барчани Дўстлик куни билан қутлаш баробарида, Фарғона вилоятида турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, ўз миллий анъаналари, урф-одатларини қадрлаб, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётгани, фидокорона меҳнатлари билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганларини таъкидлаб ўтди.
— Дўстлик дунёдаги энг улуғ, катта аҳамият касб этгувчи қадрият, — деди вилоят ҳокими. — Қалбларни, миллатларни, халқларни бирлаштирувчи, ягона ҳаракат учун ҳаммани олдинга чорловчи туйғу бўлган дўстлик ва бағрикенглик давлатимиз сиёсатининг асосий принципларидан биридир. Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун» деган эзгу тамойилни ўзида мужассам этган ислоҳотлар динидан, тилидан, миллатидан қатъий назар барча миллат ва элатлар вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган.
Тадбирда Халқлар дўстлиги куни муносабати билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган Сўх тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли Сувхидин ота Шарофидинов ва «Дўстлик» ордени соҳиби, «Wiedergeburt» Ўзбекистон немис миллий маданий марказининг Фарғона вилояти бўлими раиси Валентина Миллернинг эл-юрт олдидаги самарали меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Уларга ва вилоятда фаолият олиб бораётган корейс, тожик, яҳудий, турк, қирғиз, немис, татар, славян миллий маданий марказлари раҳбарларига вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.
Таниқли санъаткорлар ҳамда миллий маданий марказлар бадиий жамоалари томонидан куй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилди.
Ўз мухбиримиз.
Муқимжон ҚОДИРОВ
олган суратлар.

Ulashing: