Дилбар ва малоҳатли табиати туфайли Ўзбекистон Швейцариясига қиёсланувчи Шоҳимардонда баҳор ва ёз фасли ўз кўрку тароватини қисқа фурсат давомида кўз-кўз қилади.
Аммо бу табиий гўзаллик узоқ-яқиндан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг қалбида бир умр унутилмас таассуротлар қолдириши учун етарлидир.
Кўҳна қишлоқ асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган ўзига хос қадрият ва анъаналарига эга. Вилоятнинг табиати энг гўзал ва бетакрор бўлган ушбу ҳудудида туризмни ривожлантиришда бевосита ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Ҳазрат Али тарихий зиёратгоҳи, ўлкашунослик музейи, пурвиқор тоғлар, Оқсув ва Кўксув, бепоён арчазорлар бўйлаб сайр сайёҳларга ўзгача завқ бағишлайди. Экологик жиҳатдан тоза ҳавоси, шириндан-шакар мевалари, зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган зилол сойлари дилни яйратади. Миллий дорбозлик санъати, полвонлар, масхарабозлар чиқишлари мириқиб ҳордиқ чиқариш имконини беради.
— 2022 йилги ёз мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида сайёҳлар учун ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилди, — дейди вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Ҳошимов. — Янги йўл кўрсаткичлари, йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Шоҳимардондаги 30 дан ортиқ дам олиш масканлари капитал таъмирдан чиқарилиб, бир кунда минг нафардан зиёд сайёҳларни қабул қилиш имконияти яратилди. Ўз навбатида Дугоба тоғи этакларида 10 дан ортиқ меҳмон-уй, дала ҳовлилар сайёҳларни кутиб олиш учун шай ҳолатга келтирилди.
Умуман олганда, дунё сайёҳлик тизимида Шоҳимардон бренди янада машҳур бўлиши учун узоқ-яқин хориж давлатларида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
— Бир кунда 250 нафарга яқин сайёҳларни қабул қилиш имконига эгамиз, — дейди “Шоҳимардон кемпинг сервис” МЧЖ раҳбари Ҳумоюн Комилов. — Шу мақсадда вилоят корхона ва ташкилотлари тасарруфидаги дам олиш масканларини ижарага олганмиз, шунингдек, 64 ўринли янги хостел ташкил этдик.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг вилоят кенгаши, вилоят халқ таълими, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари билан ҳамкорликда ёз мавсумида доимий саёҳатлар уюштирилади. Шунингдек, Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Бухородан ҳам сайёҳлар ташрифи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
“Шоҳимардон” пульмонология шифохонаси бош шифокори Рустам Каримовнинг айтишича, ҳудудда тиббиёт туризмини ривожлантириш учун қулай шароит бор. Боиси, вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига шифохонанинг моддий-техник базаси яхшиланиб, тиббий асбоб-ускуналар, мебель жиҳозлари тўлиқ янгиланди. 140 ўринли янги бино қуриб битказилди. Эндиликда шифохонада ҳар ойда 300 нафар бемор асаб, юрак, бронхиал астма, нафас йўллари, аллергия касалликларидан даво топиши мумкин. Муолажалар давомида беморлар учун ҳар куни гўзалликка бурканган табиат манзаралари, ям-яшил арчазорлар, тиниқ сойлар бўйлаб саёҳатларга чиқиш тавсия этилади.
Айни пайтда бу ерда даволаниш учун қўшни Қирғизистондан ҳам буюртмалар қабул қилиняпти. Хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини тобора кенгайтириб бориш мақсадида малакали аллерголог, пульмонолог, терапевтлар ишга жалб этилаётир. Шу тариқа бир йилда 4-4,5 минг бемор дарддан халос бўлиши мумкин.
— Бу йилги ёз мавсумидан умидимиз катта, — дея суҳбатимизни давом эттиради “Al-Fargoni tur” туристик фирмаси раҳбари Мирзажон Юсупов. – Чунки 2019 йили ёз мавсумида Шоҳимардонга кунига 15 мингтагача сайёҳ келган эди. Пандемия туфайли 2020 йили ташриф тўхтаб қолган бўлса, ўтган йили сайёҳлар оқими бироз кўпайди.
Ҳозирда Қирғизистоннинг Қадамжой тумани тадбиркорлари билан ҳамкорликда “Оққайин-Шоҳимардон” лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Туристик маршрутлар Қадамжой туманининг ўзига хос бетакрор табиат манзаралари, Шоҳимардон ва Ёрдон бўйлаб уч кунликдан тортиб, бир ҳафталиккача бўлган муддатни қамраб олади.
Эътиборлиси, Қадамжой туманида туризм соҳасига инвестиция киритиш истагидаги тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб, уларнинг ўзи бизга янги-янги таклифлар билан чиқишяпти. Сайёҳлик гуруҳларини қўшни юрт чегара-божхона масканидан “яшил йўлак” орқали тез ва ортиқча асаббузарликларсиз ўтказиш масаласида ҳам амалий саъй-ҳаракатлар бошланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 октябрь кунги қарори асосида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузурида “Шоҳимардон” туризмни ривожлантириш дирекцияси ташкил этилган. Хўш, эзгу ниятлар билан ташкил этилган дирекция зиммасига юкланган вазифаларни нечоғли бажаряпти?
— Афсуски, фаолиятимиз қониқарли эмас, — дейди “Шоҳимардон” туризмни ривожлантириш дирекцияси туризм мутахассиси Манзура Мўминова. — Бунга етарли сабаблар бор, албатта. Шоҳимардондаги давлат ташкилотлари тасарруфида бўлган дам олиш масканларининг кадастр ҳужжатлари ҳалигача тўлиқ шакллантирилгани йўқ. Уй меҳмонхоналари очаётганларнинг кўпчилиги шундай ҳуқуқ берувчи сертификатга эга эмас. Хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи махсус сертификатга эга туроператорлар топиш жуда қийин. Аҳолининг туризм саводхонлигини ошириш бўйича қисқа муддатли гуруҳларда ўқитиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Янги қурилаётган меҳмон-уйларнинг ювиниш жойлари, канализация тармоқлари санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди.
Қаровсизликдан, йиллар мобайнида фойдаланилмай келаётган баъзи бино-иншоотларнинг ҳолига “маймунлар йиғлайди”. Ўзим ҳам Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси гувоҳномаси (сертификати)га эга мутахассис сифатида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганман. Фарғона тумани йўл қурилиши ташкилотига қарашли иккита бинонинг биридан беш йиллик ижара шартномаси асосида фойдаланаман. Амалдаги шартнома муддати 2024 йилнинг охирига қадар бўлса-да, Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари ушбу бинони электрон савдога қўймоқчи экани ҳақида хабардор қилишди.
Эътироз билдирганимдан сўнг савдодан олиб қўйишди. Маълум бўлишича, шу кунларда қонунчиликка ижарада фаолият кўрсатаётган манзилларни энди савдога чиқармаслик меъёри киритилаётган экан.
“Шоҳимардон” МФЙда баркамол авлод вакиллари иш бошлагани бу борада белгиланган вазифалар янгича ғайрат-шижоат билан давом этиши учун ишонишга ундайди. Янги иш бошлаган маҳалла раиси Иброҳим Ҳамдамов, ҳоким ёрдамчиси Музаффар Мухбиров, хотин-қизлар фаоли Зулхумор Тўлашова катта мақсадларни кўзлашаётганини фахр билан таъкидлашди.
— Бизга билдирилган юксак ишончни оқлаш учун жиддий ишлашимиз керак, — дейди улар биз билан суҳбатда. — Сабаби, туризм соҳасининг жадал ривожланиши ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлигини яхшилайди, муқим даромад ман-баига эга бўлишини таъминлайди.
Хулоса шуки, Шоҳимардонда туризмни ривожлантириш учун жуда катта имконият бор. Аммо ундан фойдаланиш самарадорлиги ҳақида гап кетганда, мавжуд ҳолат қониқарли даражада эмас.
Шу боис, мутасаддилар айни жараёндаги ҳолатни таҳлил ва танқидий руҳда ўрганиши, “Шоҳимардон” туризмни ривожлантириш дирекцияси фаолиятини замонавий мезонлар асосида қайта кўриб чиқиб, тўлиқ ислоҳ этиши зарур.
Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни
Муқимжон ҚОДИРОВ олган.