Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармон билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилди. Шунга қарамай жойларда дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ қонунбузарликлар камаймаяпти. Вилоятда жорий йилнинг 5 ойи мобайнида бундай ҳолатларнинг 141 таси қайд этилди.
Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 22 май куни Фарғона шаҳар, Юксалиш кўчаси ҳудудидаги хиёбондан 8 туп кўп йиллик манзарали дарахтлар ярим тунда номаълум шахслар томонидан ўзбошимчалик билан кесиб кетилгани тўғрисида мурожаат келиб тушди.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Биохилмахилликни асраш, рақамлаштириш ва кадастрини юритиш бўлими ҳамда Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳи воқеа жойига борганда, ҳақиқатан ҳам мурожаатда қайд этилган қонунбузилиш ҳолати содир этилгани аниқланди. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар, назорат ва қидирув ишлари натижасида «уддабурон» шахсига ойдинлик киритилди. У Марғилон шаҳар, Лола кўчаси, 21-уйда яшовчи, «ИКАТ водий» МЧЖ раҳбари Авазбек Абдуллаев бўлиб чиқди. Кесилган дарахтлар эса Марғилон шаҳар, “Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги чойхона ертўласига жойлаштирилгани маълум бўлди. “Холис” хизмат кўрсатган 5 та юк автомашиналари ҳам аниқланди.
Маълум бўлишича, таг томири билан қўпорилган дарахтларнинг 6 тупи катальпа, 2 тупи каштан навли ноёб ўсимликлар бўлиб, улар кўп йиллардан буён хиёбонга кўркамлик, куннинг иссиқ кунларида атрофга соя-салқин бериб турган эди.
Билиб туриб мораторий талабларини бузган ва она табиатга жиддий зарар етказилишига бош-қош бўлган Авазбек Абдуллаев қилмишига тўлиқ иқрор бўлди. Мазкур жойга 7 қаватли онкология диагностика маркази қуриш нияти борлигини, бу хусусдаги мурожаатига дахлдор идоралар рад жавобини берганини баҳона қилиб кўрсатди. Лекин важ-карсонлари қилмишини оқламади. Ҳолбуки, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси дарахтларни кесишга рухсат йўқлигини тушунтиришган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Гулноза ТЎХТАСИНОВА,
Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари.