Press "Enter" to skip to content

Улуғларни ҳайратга СОЛГАН БОЛА ёхуд бадиий асарда ёш Алишер сиймоси

“Алишер Навоий” романини ўқиб…

Ўспирин шоир яна бир даврада ғазал ўқийди. Уни тинглаб турган Шайх Камол Турбатий одамларга юзланиб, Алишер Навоий закосига: “Шоҳид бўлингизким, назм жанггоҳига кирган бу ёш йигит барча лашкарбошиларни доғда қолдириб, бир ўқ билан Зуҳрони урди, баҳодир бўлди!” дея баҳо беради.

 


“Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмамон” деган сатрлар ҳазрат Алишер Навоий-
нинг ўзи ҳақида ёзилган башоратдек яшаб келмоқда. Орадан беш асрдан зиёд “оғир карвон – вақт” ўтибдики, башарият бу улуғ даҳонинг кимлигини ўрганиш билан машғул. Осмонга сочиб юборилган юлдузлардек чарақлаган ўлмас сатрлар ҳамон туркий тил хазинасини жавоҳиру лаъл бўлиб мунавварлаётир… Ҳар бир давр олими, адиби, китобхонининг юрагида эса инсоният қуёшининг иссиқ ва ёқимли, руҳга қувват берувчи тафтига эҳтиёжи бор.

Ойбек “Навоий”си билан Самарқанддан Ҳиротга қайтаётган Хуросону Мовароуннаҳрга яхшигина танила бошлаган 17-18 чоғли балоғат ёшидаги йигитнинг илму маърифат, абётни балоғатга етказиш йўлидаги ҳаётини интиҳоси қадар тасвир этган бўлса, Иззат Султон “Навоийнинг қалб дафтари”да табаррук қўл билан ёзилган мисралар, ростгўй тилдан чиқ-қан қудратли сўзлар орқали унинг ички дунёсини акс эттиришга интилади. “Навоий ҳақида юзлаб китоблар ёзилган, аммо кўнглим тўлмади. Буларнинг аксарида у тирик одамдан кўра кўпроқ девордаги суратга ўхшайди” дея рассом Абулхайр қалами билан улуғ даҳо сурати-ю сийратини жонли гавдалантирган Омон Мухтор асари ҳам Ҳазратни тушуниш, англашга бўлган эҳтиёж маҳсулларидир.
Маънавий заруратга кўра, адиблар сўз соҳибқиронига қайта ва қайта мурожаат қилишмоқда. Улуғ сиймони шарафлаб, истеъдод оламларидан ёруғ дунёга келган янги асарлардан бири Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романидир.
Роман 4 қисмдан иборат бўлиб, Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” девони тузилишига мос равишда 1-қисм “Ғаройиб ус-сиғар”, 2-қисм “Наводир уш-шабоб”, 3-қисм “Бадое ул-васат”, охирги қисм “Фавоид ул-кибар” деб номланади. Алишернинг болалиги, ёшликда кўрган-кечирганлари, ўрта ёшдаги шоирнинг ҳаёт ва ижод йўли, кексалик палласидаги ҳар жиҳатдан пишиб етилган ақл закосининг маҳсуллари ҳақида батафсил баён қилинади. Асарнинг 2016-2020 йилларда, яъни 4 йилда яратилгани ҳам “Чордевон”га ишорадек, назаримизда.
Ушбу битикнинг юқоридаги романлардан асосий фарқи хушсурат болакайнинг болалик чоғлари, ҳайратангиз ақл-заковати, туркий тил салтанатида ўхшаши йўқ истеъдоднинг буюкликка тараддуди ҳақида тарихий воқеалар негизида бадиий манзаралар чизилганлигида кўринади. Асарда эндигина 5 баҳорни қаршилаган бола Алишер кўклам нақш солган Ҳирот дарёси ёқасида пайдо бўлади. Какликни овлашга шайланаётган тоғаси Мирсаиднинг қушларни отишига йўл қўймайди. “Йўқ-йўқ, отманг. Инида полапони бўлса-чи? Қизил оғзини очиб чийиллаб, буларнинг учиб боришини кутаётган бўлса-чи? Бўйнидаги парининг суйрилиб келиб, қанотига туташгани, бошини бурганида у парларнинг қимирлаши, қанот қоқиб учишлари, бир-бирининг ортидан эргашиб юришлари… роса чиройли экан-да” деб беозор қушларни қутқариб қолган боланинг тасвири билан ёзувчи кун келиб, Хуросон халқининг ҳимоячиси, раият дардини тингловчисига ишора бераётгандек бўлади… Қобилияти, иқтидори, қувваи ҳофизасининг кучлилиги билан илм аҳлларини лол қолдирган иқтидор соҳибига улуғлар назарини қаратади.

Асарда келтирилишича, Алишер туғилганида Ғиёсиддинбеклар оиласининг пири Шайх Судур шундай башорат қилган эди: “Бу ўғлон руҳлар оламидан ёруғ дунёга рамазоннинг ўн еттинчи куни келибди. Парвадигори олам унинг жонини айни шу маҳалда, шу маконда дунёга келишини ирода қилибди, ҳикматига нима ҳам дея олардингиз? Оламнинг сўнгги пайғамбарига ваҳий ва Қуръон шу куни туширилган бўлиб, Бадр ғалабаси ҳам шу куни рўй берган…”
Шайх каромат қилганидек, Алишер гўдаклигиданоқ мазмун ва мулоҳаза тўла кўзлари билан барчани ҳайрон қолдириб улғайди.
Орадан 5 йил ўтиб, толибларга сабоқ ўргатувчи Ҳирот мадрасаси мударриси мавлоно Абу Абдуллоҳ Кулоҳий “Мантиқ ут-тайр”ни чунон завқ билан ўқиган Алишер ва яқин дўсти Ҳусайн Мирзонинг келажаги ҳақида қуйидаги фикрларни келтиради: “Иншоллоҳ, ҳар иккингиз улуғ ишларнинг бошига келгайсиз! Мирзо келгусида салтанат ободлиги учун ғайрат қилсалар, Алишербек илму урфон бўстонларидан дурлар териши аниқ бўлди”.

Ироққа йўл олган Ғиёсиддинбеклар оиласининг тўнғичи Тафт шаҳрида Танг-
рининг инояти билан фасоҳатда тенги йўқ аллома Шарафидин Али Яздийнинг муборак дуоларига сазовор бўлиши ҳам бежиз эмас.
– Мен кеча Қум шаҳрига кетмоқчи эдим, бироқ ҳеч кутилмаганда туяларимиз дардга чалиниб қолди, – деди аллома. – Энди билсам, бежиз эмас, мана бу заковатли йигитча билан кўришмоғим учун экан. Мошоллоҳ, закоси ичига сиғмай, тўлиб-тошиб турибди. Ижозат берсангиз, ҳаққига бир дуо қилсам. Шояд Тангри таолонинг марҳамати билан фазилатли, ардоқли киши бўлиб етишса.
Ўшанда Алишер 6 яшар бола эди.
Хуросоннинг кекса шоири Лутфий эса бир мучалга тўлган ўспирин йигитнинг “Оразин ёпқач кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш” мисраси билан бошланувчи ғазалига ўн икки минг байтини нисор қилиб, алмаштиришга тайёрлиги ва бу ишни зўр муваффақият ҳисоблаши эндигина наво қилаётган булбул учун жуда катта баҳо эди.

Ўспирин шоир яна бир даврада ғазал ўқийди. Уни тинглаб турган Шайх Камол Турбатий одамларга юзланиб, Алишер Навоий закосига: “Шоҳид бўлингизким, назм жанггоҳига кирган бу ёш йигит барча лашкарбошиларни доғда қолдириб, бир ўқ билан Зуҳрони урди, баҳодир бўлди!” дея баҳо беради.
Машҳаддаги мадраса дарсларида Тангри таолонинг “роҳийм” ва “ғофир” сифатидан кўра “санъий” сифатига ошиқ бўлиш кишини юксакка кўтариши ҳақидаги фикрлари билан Абу Абдуллоҳ Жунайдийнинг таҳсинига сазовор бўлади. “Икки сифатни барча билади, учинчисини идрок қилиш эса ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Уни кўра олиш учун басират кўзидан ташқари, кучли истеъдод ҳам зарур. Фикрларингиз билан мени хурсанд қилдингиз! Кўпдан буён халойиқ орасидан шундай сифатларга эга бир олим етишса деб орзу қилар эдим, иншоллоҳ, орзуйимга етишдим шекилли. Тангрим сизни ўз паноҳида асрасин!” дея Алишернинг порлоқ келажагини орзулайди.
Исажон Султон ушбу романида бола Алишерни Ҳирот, Тафт, Ироқ, Машҳад, Самарқанд кўчаларида айлантириб, воқеалар силсиласида, китоблар ҳароратида етилтириб, эл улуғларининг дуолари ила Навоийга айлантиради. Буюк сиймо олис мозийдан яқин келиб, аввал бола бўлиб, завқимизни келтирса, кейин даҳо бўлиб, ақл қўрғонларимизни мулоҳаза-ю мушоҳада нурлари билан тўлдиради. Бу майдон ичра абадият учун адабиёт бўстонини барпо этади.

Гўзал ОХУНОВА.

Ulashing: