Аччиқ, аммо очиқ гаплар

Аччиқ, аммо очиқ гаплар

ТАЪМИНОТГА ОШКОРАЛИК КЕРАК

Жорий йилнинг октябрь ойи учун вилоят Мактабгача таълим бошқармаси тасарруфидаги муассасаларда 150,9 тонна мол гўштига эҳтиёж бор. Унинг 24 тоннаси маҳаллий, 126,9 тоннаси импорт қилинган музлатилган гўшт бўлиб, таъминотчи сифатида 18 та масъулияти чекланган жамият ва хусусий фирмалар билан марказлашган тартибда шартнома тузилган.

Мол гўшти инсон организми, айниқса, боланинг соғлом ривожланиши учун жуда зарур бўлган оқсил, темир, рух, аминокислота модаларига бой. Шу боис, унинг ишлаб чиқарилишидан тортиб, истеъмолгача бўлган ҳолатдаги сифати, санитария-гигиена талабларига жавоб бериши, бир сўз билан айтганда, яроқлилик даражаси муҳим аҳамиятга эга. Бу каби жараёнларни тартибга солиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган, республика бош давлат санитария врачи томонидан болаларнинг хавфсиз ва сифатли овқатланишини ташкил этилишига оид гигиеник талаблар қабул қилинган, гўшт ҳамда гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қадоқлаш ва тамғалаш, транспортда ташиш, сотиш юзасидан йўриқнома мавжуд. Афсуски, кейинги пайтларда давлат таъминотидаги муассасаларга етказиб берилаётган музлатилган гўштнинг қайси ҳайвонга мансублиги, сифатсизлиги, яроқлилик муддати ўтганлиги ва истеъмолга шубҳалиги тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўлди. Улар қанчалик тўғри?
Таҳририят жорий йилда бу мавзу бўйича Қувасой шаҳри, Қува, Риштон туманларида ўрганишлар олиб бориб, бир неча таҳлилий-танқидий мақолалар чоп этган эди. Бу сафар Тошлоқ туманида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб, мавзуга қайтдик.
29-давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Одинахон Ғофурова туман мактабгача таълим бўлими раҳбарининг рухсатисиз муассасага киритмаслигини ва саволимизга жавоб бермаслигини айтди. Журналист ҳуқуқини тушунтирганимиздан сўнг, ўзимизни қизиқтирган бир-икки саволларга аниқлик киритиб олдик. Остонадаги суҳбат чоғи ундан сўрадик:
— Озиқ-овқат маҳсулотлари қандай тартибда етказиб бериляпти?
— Фирмалар билан ўзимиз тўғридан-тўғри шартнома тузамиз, — деб жавоб берди мудира.
— Музлатилган 1-тоифали гўшт таъминоти бўйича қайси фирма билан шартнома тузилган?
— Билмайман, эсимда йўқ.
— Гўштга талаб қанча?
— Бу масала бўйича хўжалик ишлари мудири шуғулланади. Ўша аниқ билади.
Биз бу муассасанинг озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти, музлатилган гўштларнинг сифати, сақланиши, таомларнинг меъёрий талабларга жавоб бериши бўйича маълумотга эга бўлолмадик. Қисқа савол-жавобдан маълум бўлдики, мудира ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича таъминотчи билан марказлашган ҳолда шартнома тузилганини, у қайси масъулияти чекланган жамиятлигини, муассасага қанча музлатилган ва маҳаллий гўшт қабул қилинишини аниқ билмайди. Бу мудиранинг вазифасига масъулиятсизлигими ёки рухсатсиз жавоб бермаслик учун жавобмиди?!
4-давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Дилшодахон Мардонова музлатилган гўшт масаласи бундан бир неча ой олдин ҳақиқатан ҳам оғриқли муаммо бўлганини, унинг истеъмолга яроқсизлигини яшириб ўтирмади.
— Аввалги таъминотчи фирма бизга етказиб бераётган, асосан Европа мамлакатларидан импорт қилинган музлатилган мол гўштининг сифати қониқарсизлиги, таркибида суяк ва ёғ миқдори белгиланган талаб

меъёрларидан юқорилиги, муздан эриши оқибатида ортиқча сув ажралиб, таом сифатига таъсир қилаётгани ҳақида туман мактабгача таълим бўлимининг собиқ масъул ходимлари билан кўп тортишганман. Улар ўз талабларини қанчалик ўтказишга ҳаракат қилишмасин, таъминотчини ўзгартиришга эришдим. Ҳозир маҳсулот сифати қониқарли.
Муассаса ошхонасини кўздан кечириб, бунга ишонч ҳосил қилдик.
Тошлоқ туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига авваллари сифатсиз (қорайган), ҳидланган, суяк ва ёғ миқдори кўп бўлган мол гўшти етказиб берилганини бошқа муассасалар раҳбарлари, хўжалик ишлари мудирлари, ҳамширалар ҳам айтиб ўтишди. Шамолнинг учи бекорга қимирламаган экан!..
Бола ҳақига хиёнат қилганлар иши бўйича гумонланувчи шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноий иш юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари адолатли хулоса беришига ишончимиз комил. Бундай ҳолатлар мактабгача таълим ташкилотларида қайта такрорланмаслиги, шунингдек, имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган ўқув юртлари, шифохоналар, озиқ-овқат маҳсулоти таъминоти давлат бюджетидан молиялаштириладиган муассасаларда юз бермаслиги учун қатъий чоралар кўрилиши, таъминотчини излаш, шартнома тузиш, ижро назорати бўйича очиқлик, шаффофлик, адолат таъминланиши аслида жамият ва жамоатчилик талабидир. Бу мезонлар инсофи музлаб бораётган манфаатдорлар нафсини жиловлайди, коррупциянинг олдини олади.
Рустам ОРИПОВ.