Балиқчилик: гўшти ёқади, нархи чақади

Балиқчилик: гўшти ёқади, нархи чақади

ёки бозорларда савдо тармоқлари фаолияти нега ҳануз йўлга қўйилмаяпти?

Фарғона иқлим шароитида хуштаъм фарел балиқлари етиштирилади, деса кўпчилик ишонмасди. Совуқ об-ҳаво, сув шароитида яхши ривожлангани сабабли иссиқ иқлимда уни етиштириш бирмунча мушкул. Аммо фарғоналик балиқчилар бунинг йўлини топди.

Марғилон шаҳридаги “MR FISH FARGONA COMPANY” Ўзбекистон –Эрон қўшма корхонасида интенсив усулда фарел балиқлари етиштириш йўлга қўйилди. Бунинг учун махсус кўл, совутиш иншоотлари қурилди.

Янги усулнинг ўзига хос жиҳати катта майдон, кўп сув сарф қилмаган ҳолда мўл ва сифатли маҳсулот етиштириш имкониятини бермоқда. Тармоқ хўжалигида экотуризмни ривожлантириш масаласига эътибор қаратилган. Хўжаликда балиқ овлаш, буюртма асосида маҳсулот тайёрлаш, сотиш дўкони ишга туширилди.
– Фарел балиқлари хуштаъмлиги, инсон соғлиги учун муҳим бўлган фойдали элементларга бойлиги билан ажралиб туради, — дейди корхона раҳбари Муҳаммадали Сотболдиев. – Шу кунга қадар ички бозорга 10 тоннадан ортиқ маҳсулот сотдик. Ҳавзаларимизда балиқ мўл. Ҳозирда маҳсулот етиштириш ҳажми ва сифатини ошириш, экспортга йўналтириш борасида иш олиб бор-япмиз. Витаминларга бой, йилига 20 тоннадан ортиқ балиқ озуқалари ишлаб чиқарадиган лойиҳа ишга туширилса, импорт миқдори камаяди.
Балиқчилик яхши даромад манбаи ҳисобланади. Бундан уч-тўрт йил аввал вилоятда 10 минг тоннага яқин балиқ етиштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 35 минг тоннадан ошди.

Бешариқ туманидаги “Сирдарё балиқлари” фермер хўжалигида ҳам ов мавсуми бошланди. Хўжалик балиқчилари 102 гектар кўлда сазан, оқ амур, дўнг пешона балиқларини парваришлади.
– Мавсумда 500 тонна балиқ етиштирамиз, — дейди фермер Мухторжон Каттахўжаев. – Бу йил кўлларимизни 40 гектарга кенгайтирдик. Парваришлаш, овлаш, сақлаш ва қайта ишлаш учун керакли бўлган янги техникалар харид қилдик. Сув, электр энергия тармоқлари тортилди. Натижада балиқ етиштириш 100 тоннага ошди. Бу йил давомида истеъмолчиларни маҳсулот билан таъминлаш имкониятини беради.
Айни кунда вилоятда бу йўналишда 476 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар ихтиёрида 10 минг 960 гектар кўл мавжуд. 2021 йилда ишга туширилган йигирмадан ортиқ янги лойиҳалар, кичик майдонларда интенсив усулда мўл ва сифатли балиқ етиштирилмоқда. Оддий усулда бир гектар ерда ўрта ҳисобда 2 тонна балиқ етиштирилаётган бўлса, интенсив йўл билан ҳосилдорлик салмоғи тўрт ҳиссага кўпаяди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий мавсумда аҳоли дастурхонига 45 минг тонна балиқ етказиб берилади.
– Маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш ва истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш муҳим масала, — дейди “Фарғона балиқ саноат” МЧЖ директори Хайрулло Дадахонов. – Айни кунда бу йўналишда 4 та қайта ишлаш тармоғи ташкил этилди. Данғара туманида маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш логистика маркази фаолиятини йўлга қўйиш борасида иш олиб боряпмиз. Озуқа ишлаб чиқаришнинг янги лойиҳалари ҳаётга татбиқ этиляпти. Бу шу кунга қадар балиқчилар эътирозига сабаб бўлаётган озуқа сифати билан боғлиқ муаммолар ечимида қўл келади.
Қува туманидаги «Мақсуд ота балиқчилик» фермер хўжалиги аҳоли дастурхонига 160 тонна балиқ етказиб бермоқчи. Бундан ташқари, Хитойдан “Коя” – рангли балиқ уруғи олиб келиб, парваришлашга қўйди. Бу балиқлар чиройли кўриниши, тез ривожланиши билан ажралиб туради, ўртача 2-2,5 кг тош босади. Хўжаликда 40 тонна маҳсулот сақлаш омбори, ем ишлаб чиқариш тармоғи ташкил этилди.
Маҳсулот нархи
нега қиммат?
Бир килограмм оқ балиқнинг улгуржи нархи ўрта ҳисобда 14-15 минг сўмга тўғри келади. Аммо бозорда бу маҳсулотни 20-25 минг сўмдан сотиб олиш мумкин. Пишириб сотилган балиқ нархи эса янада қиммат. Етиштириш ва сотиш ўртасида вужудга келаётган нархлар тафовутининг бу қадар номутаносиблигига нима сабаб бўлмоқда?
– Фермер хўжаликлари етиштирган маҳсулотлар воситачилар орқали истеъмолчиларга етиб бормоқда, — дейди балиқчи фермер Миркомил Қосимов. – Қўлдан-қўлга ўтиб, бозор расталаридан жой олгунча табиий равишда қимматлашиб кетмоқда. Шу боис балиқчилик хўжаликлари учун махсус савдо шохобчалари фаолияти йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Биз бу борада ўз таклифларимизни берганмиз. Қува — Тошлоқ автомобиль йўли бўйида рентабеллиги паст, қумоқ 17 гектар ерда балиқ кўли ва экотуризм йўналишида иш бошламоқчимиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли. Аммо жой ажратиб бериш масаласи ҳануз ҳал этилмаяпти.
Ҳар йили аҳолига арзон ва оқсилга бой сифатли маҳсулот етказиб бериш учун бозорлар, аҳоли гавжум жойларда қўшимча савдо тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш масаласи кун тартибига олиб чиқилади, амалда эса ҳеч нарса ўзгармай қолмоқда.
Расулжон Камолов.