Долзарб мавзу

Долзарб  мавзу

ИЖТИМОИЙ ДОРИХОНА: У ЎЗИНИ ОҚЛАЯПТИМИ?

Дори-дармон нарх-навоси — фармацевтика соҳасида
банд бўлганлар инсофининг инъикоси

«Саломатлик – туман бойлик”, дейди халқимиз. Ҳақиқатан ҳам биринчи неъмат — саломатликдан ортиқ қадрли нарса йўқ, ҳаётимизда. Афсуски, баъзан бу бойлигимизга путур етказилади, яъни бетоб бехосдан касалланамиз, шунда даво топиш илинжида дорихонага югурамиз ва нарх-навога парво қилмай, керакли дори-дармонни сотиб оламиз. Ахир, саломатлик пулдан қиммат-да!


Шундай бўлса-да, даромади паст ёки ҳамёни касал фуқароларнинг дори воситаларини харид қилишда қийинчиликка дучор бўлаётганликлари сир эмас. Негаки, дорилар нархи баланд, улар ўртасидаги сезиларли фарқ эса одамни ранжитмай қўймайди. Ваҳоланки, дори-дармон ва тиббиёт буюмларининг чакана нархи уларнинг улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Давлат аҳоли, энг аввало, кам таъминланган аҳолини ўйлаб, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан узлуксиз таъминлаш, сунъий танқислик ва нарх-навонинг ошириб юборилиши олдини олишга қаратилган қатор қарорлар қабул қилган. Жумладан, Президентимиз “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қабул қилган қарорда мамлакатимизда 2018 йилнинг декабрь ойи бошига ижтимоий дорихоналар тармоғини ташкил этиш кўзда тутилган эди. Бунда асосий вазифа ижтимоий аҳамиятга эга дори воситаларини қатъий белгиланган нархларда сотиш этиб белгиланган. Бундан ташқари, дориларни рецепт бўйича сотиш тартибини йўлга қўйиш ҳам мақсад қилиб олинган.
Фарғона шаҳар 2-оилавий поликлиникада бир-бирига рўпара иккита дорихона бор. Уларнинг бири “Farg’ona dori-darmon” АЖ тасарруфидаги 152-сонли ижтимоий дорихона бўлса, иккинчиси “Sog’lom” хусусий ишлаб чиқариш фирмасига қарашли 2-сонли дорихонадир. Фирма дорихонаси доимо гавжум – поликлиникага қатнайдиган беморларнинг аксарияти шу ердан дори ва тиббиёт буюмларини харид қилади. Ижтимоий дорихона эса ўзини оқламаган кўринади, чунки у анчадан бери ёпиқ. Дарвоқе, бунинг ҳайратланарли жойи йўқ, чунки дорихона очилган илк пайтда ассортимент ғоят тор, ўзининг кўриниши эса жозибасиз бўлган. Хуллас, аввалбошдан у “Sog’lom” дорихонаси билан рақобатлаша олмаслиги аён эди.
-Шифокор қабулига борганингда, одатда 4-5 хил дори ёзиб беради. Ижтимоий дорихонада эса буюрилган ҳамма дорини бирваракайига харид қилишнинг имкони йўқ. Чунки керакли дори воситаларининг бир-иккитаси сотувда йўқ бўлади, шу турдаги бошқа дорихонани ахтариб топиш эса мушкул, – дейди фарғоналик пенсионер Насиба Абдуллаева.
“Farg’ona dori-darmon” АЖ раиси Муҳаммадамин Турсуновнинг маълум қилишича, соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфида 220 тадан ортиқ ижтимоий дорихона бор. Жамиятнинг ўзи эса давлат шерикчилиги асосида 10 та марказий ижтимоий дорихона ташкил этган. Шундай қилиб, вилоятимизда жами 230 тадан ортиқ бундай ихтисослаштирилган ташкилот бўлиб, уларнинг 20 тага яқини чекка қишлоқ жойларда фаолият кўрсатяпти. Эҳтиёжманд ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда яшайдиган фуқаролар ижтимоий аҳамиятга эга ҳамда арзон дори-дармон билан “Isuzu” автобусида жойлашган кўчма дорихона ёрдамида таъминланмоқдалар. Бундан ташқари, 10 та “Дамас” автомашиналарида кўчма дорихона шохобчалари ташкил этилган.
Дуруст, лекин турғун ижтимоий дорихоналарнинг ҳаммаси ҳам ҳанузгача ишлаяптими, ишлаётган бўлса, самаралими, деган мантиқий савол туғилади.
…Фарғона тумани маркази – Водилдаги кўп тармоқли поликлиника биносида ижтимоий дорихона йўқ, гарчи у тиббиёт муассасаларида очилиши белгиланган бўлса-да. Айни пайтда унинг ён атрофида 5-6 тача хусусий дорихона мавжуд. Ижтимоий дорихонанинг қаерда жойлашганлигини билиш учун поликлиника рўпарасидаги “Alyor Farm Plyus”га кирамиз. Манзилни билиб олгач, йўл-йўлакай дорихона ходимларидан сўрайман: “Дори воситалари улгуржи нархга неча фоиз қўшиб сотиляпти?”
— Кўпи билан 15 фоиз қўшиб сот-япмиз, — дейди уларнинг бири. — Шу соҳада кўп йиллардан бери ишлайман, одамларнинг имкониятини биламан, қолаверса, ўзим ҳам шу маҳаллада яшайман…
Яхши-ку, лекин бу ердаги биронта дорининг нархи кўрсатилмаган, бу эса Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига хилоф.
Марғилон маҳалласида жойлашган туман Бандликка кўмаклашиш маркази ёнида 130-сонли ижтимоий дорихона бор. У, ходим Дилноза Ғафурованинг хонадони ҳовлисининг катта йўлга қараган бурчагида жойлашган. Очиқ бўлганига қарамай, пештахта ортида ҳеч ким кўринмади. Фурсатдан фойдаланиб, бир нечта дори воситасидагина кўрсатилган нарх-навони “ўрганамиз”: дермазед 67.000 сўм, азитромицин 12.000, кюпен юниор 18.000, аскорцинк 19000, врагдиарея – 8000 сўм… Шу ўринда дори воситаларининг қиймати дорининг қайси мамлакатда, қайси фармацевтика корхонаси томонидан, қандай хом ашёдан фойдаланиб тайёрланган каби бошқа омилларга боғлиқ эканлигини қайд этиш лозим.
Дарча ёнидаги тугмачани бир неча марта босганимиздан сўнг ичкаридан 9-10 яшарли қиз чиқиб, илтифот билан сўради: “Нима керак эди?”.
“Катталардан бирор ким борми?”, деган саволимизга:
-Йўқ. Аям кечқурун бўлади, – деб жавоб берди.
Бундай ҳолда тушумнинг катта бўлиши амри маҳол, шундай эмасми? Қизиқ, ижтимоий дорихоналарда нарх-наво 5 фоизга паст бўлган бир пайтда, уларнинг 30 фоизга яқини зарар билан ишлаяпти, 15 тага яқини эса фаолиятини вақтинча тўхтатган экан. Бу, албатта, назоратнинг йўқлигидан, мутассадди шахсларнинг бепарволигидан. Тўғри, муайян сабабга кўра чекка ҳудудлар, хусусан, эксклав Чўнғара қишлоғида жойлашган ижтимоий дорихона фаолиятини назорат қилиш осон эмас. Лекин бу масаланинг ечими бор.
-Бу функцияни соғлиқни сақлаш бошқармаси ижтимоий дорихона жойлашган касалхона, поликлиника, қишлоқ врачлик пункти раҳбарияти зиммасига юкласа бўларди, – дейди Муҳаммадамин Турсунов. – Акс ҳолда интизомсизлик, нархни ошириш ва бошқа суиистеъмолликлар кузатилаверади.
Ижтимоий дорихонанинг Водилда эмас, Марғилон маҳалласида, туман марказидан йироқда жойлашуви унинг ходимигагина қулай, лекин аҳолига эмас. Туман маркази ёки кўп тармоқли поликлиника биносида жойлашганида, айни муддао бўларди. Дарҳақиқат, ижтимоий дорихона фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, унинг вилоят, туман марказлари ёки даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатиши белгиланган.
Юқорида қайд этилганидек, ижтимоий дорихоналардан 15 таси вақтинча ишламай турибди. Қувасойда эса бундай ихтисослашган ташкилот умуман йўқ.
Шаҳар касалхонаси атрофида бир қанча дорихона мавжуд, табиийки, уларда савдо чаққон, шунинг учунми, ижтимоий дорихона бу ерга “сиғмаган” ёки уни “сиғдирмаганлар”. Ахир, дори-дармонни 5 фоизга арзон сотадиган рақибнинг бир жойда бўлиши кимга ёқади?!
Шаҳарликлардан сўраб-суриштириб, ниҳоят турар-жой мавзесидаги стоматология ёнига келамиз. Ижтимоий дорихона кўринмагач, “Quvasoy al-Halim” хусусий корхонасига қарашли дорихонага кирамиз.
-Ҳақиқатан ҳам илгари бу бинода ижтимоий дорихона жойлашган, лекин унинг ёпилганига анча бўлди, – дейишди дорихона ходималари.
Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бундай дорихоналар бевосита давлат шерикчилиги асосида «Фарғона дори-дармон» АЖ томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган. Бу, аҳолига янада кенг қулайликлар яратади. Чунки, тиббиёт муассасалари ва ижтимоий дорихоналар ўртасидаги боғлиқлик туфайли шифокор рецепт ёзиш пайтида бевосита ижтимоий дорихонадаги ассортиментни инобатга олади.
-Ижтимоий дорихоналар кундалик фаолиятда қатор муаммо ва қийинчиликка дуч келмоқда, – дейди “Farg’ona dori-darmon” АЖ бўлими бошлиғи Қамариддин Умрзақов. – Бунинг эса бир нечта сабаби бор. Биринчидан, бу ихтисослаштирилган ташкилотлар даромади сарфланаётган харажатларни қопламаяпти, яъни иш ҳақи, солиқ тўловлари, касса ва терминал, абонент тўловлари ва ҳоказоларни. Иккинчидан, ижтимоий касалликларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ижтимоий дорихоналарда кўп деганда 10 фоиз устама нарх қўйиб сотилади (қолган дорихоналарда – 20 фоиз), шундай бўлса-да, давлат томонидан уларга ҳеч қандай преференция берилмаган. Учинчидан, жамиятимиз айланма маблағларини тўлдириш учун банкдан олинадиган кредит фоизлари юқори.
Санаб ўтилган сабабларнинг нарх-навога салбий таъсир кўрсатиши аён. Ижтимоий дорихоналарнинг “харажатларни қопламаётганлиги” масаласига келсак, уларнинг баъзилари аҳолиси кам бўлган чекка ҳудудларда жойлашганлиги сабабли, кундалик тушум паст. Бундан ташқари, ижтимоий дорихоналар жойлашган касалхона ва поликлиника шифокорлари қабулга келган беморларга дори воситаларини ижтимоий дорихонада харид қилишни тавсия этмай, бошқа дорихоналарга юборишяпти. Кези келганда, кўп шифокорларнинг турли фирма вакиллари билан келишилган ҳолда беморларни муайян дорихоналарга юбораётганликларини ҳам айтиш лозим. Бу ҳам ижтимоий дорихона тармоғи фаолиятига панд беряпти.
Ижтимоий дорихона фаолияти билан танишиш жараёнида уларнинг аҳоли эътиборини қозонмаганлиги, кўплаб фуқароларнинг бундай дорихона борлигидан бехабар эканлигини билдик. Демак, уларнинг ишини ўнглаш ва уларни тарғиб қилиш лозим. Хусусан, аҳолини ижтимоий дорихоналардаги нарх 5 фоизга паст эканлигидан хабардор қилиш керак.

Тамара ТОШМАТОВА.
Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.