ФАРҒОНАДА МАКТАБЛАР НЕГА ЁПИЛДИ?

ФАРҒОНАДА МАКТАБЛАР  НЕГА ЁПИЛДИ?

Айни кунларда одамлар орасида “Фарғона шаҳридаги баъзи мактабларда коронавирус кўпайибди, мактабларни ёпишяпти экан” сингари миш-мишлар урчиб қолди. Бунга аниқлик киритиш мақсадида мутасаддилар билан боғланиб, вазиятни ўргандик.

– Сентябрь ойининг ярмида Фарғона шаҳридаги 2, 4, 9, 10, 21, 22, 25-мактабларда Covid-19 га гумонланувчилар аниқланган ва ўқувчилар 14 кунлик муддатга масофадан ўқитишга ўтказилган, – дейди Фарғона шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим мудири Умарали Сулаймонов. – Шунингдек, шаҳардаги 1, 12, 42, 24, 27, 5, 6, 30, 40, 16-мактабларда аниқланган гумонланувчилар кам сонли одамлар билан мулоқотда бўлгани ҳисобга олиниб, бир-иккитадан синфлар масофадан ўқитишга ўтказилди. Бу бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилиб, бирламчи мулоқотда бўлганларни аниқлаш, уларни карантинга олиш чоралари кўриляпти. Фуқароларимизни яна бир бор ҳушёрликка чорлаган ҳолда, ҳали коронавирусни юқтириш эҳтимоли мавжудлиги, эмлаш жараёнларига эътиборли бўлишларини сўрайман. Шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш ва шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш нафақат коронавирус юқтириш хавфини камайтиради, балки бошқа турдаги юқумли касалликлар тарқалишининг ҳам олдини олади.
Шу ўринда ота-оналарнинг ўз фарзандлари соғлигига бефарқ бўлмасликлари, ўқувчилар мактабга кетиш ва келишда антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда, тиббиёт ниқобини тақишларини талаб қилишлари муҳим эканлигини таъкидлаш зарур. Бундан ташқари, ҳар бир мактабда болалар саломатлиги ва ҳолатини назорат қилиб бориш ўқитувчи ва мураббийлар, тиббиёт ходимлари зиммасига юклатилган.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда вакцинация жараёнларининг дастлабки босқичларида халқ таълими ва мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини эмлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирда ўқитувчилар, тарбиячилар ва бошқа ходимларнинг деярли барчаси вакцина олган. Табиийки, бу уларнинг COVID-19 инфекциясидан ҳимояланганлигини билдиради.
Ўқув жараёни масофавий шаклга ўтказилган ҳар бир ўрта таълим мактабида 14 кунлик карантиндан кейин ўқитувчи ва ўқувчилардан олинадиган тиббий тест натижалари асосида яна анъанавий ўқиш жараёнига қайтиш мумкин.

Ҳаёт БОЙБОБОЕВ.