ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИНИШИ ВА РАҲБАР КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШДА ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ

Барчамизга маълумки, “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2021 йилнинг 17 август кунидаги 165-сонида бутун Ўзбекистон халқи, хусусан, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун муҳим бир воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” номли интервьюси чоп этилди. Таъкидлаш керакки, бу давлат раҳбарининг илк марта босма матбуотга берган интервьюси ҳисобланади.

Президент интервьюда мамлакатимизда ўтган даврда амалга оширилган кенг қамровли ишларнинг ўзига хос сарҳисоби, кейинги йилларда қўлга киритилган натижалар ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида ҳал этилиши керак бўлган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳусусида сўз юритди.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат бошқаруви соҳасида замонавий менежмент усулларини кенг қўллаш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, шу мақсадда давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

2017–2020 йилларда кадрлар сиёсати бўйича кўплаб янги қонунлар, президент ва ҳукумат қарорлари, фармонлари ва бошқа шу каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ3755сонли, 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5843–сонли, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4472–сонли қарор ва фармонлари юртимизда кадрлар сиёсатидаги ислоҳотларнинг ташкилий-ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга мутахассисларни хорижда ўқитиш, малакасини ошириш, хориждаги ватандошлар билан мулоқот қилиш, давлат бошқарувини рақамлаштириш ва “ақлли” бошқарув тамойиларини жорий этиш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Булар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида” ПҚ–4136–сонли қарори;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги  “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ–5545–сонли Фармони;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 январдаги “Эл-юрт умиди” жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4091–сонли қарори;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Давлат бошқарувида илғор давлат менежменти ва “ақлли” бошқарув принципларини босқичма-босқич жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 959-сонли қарори.

Ушбу ҳужжатлар ва ислоҳотлар давлат ҳокимияти тизимидаги раҳбар кадрлар ва давлат фуқаролик хизматини меритократия тамойили асосида шакллантириш, ижро ҳокимияти фаолияти ва бошқарувини такомиллаштириш, бу юзадан институционал асосларни қайта кўриб чиқиш ва яратишда муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳар бир қарор ва фармон яқин ва узоқ келажакда мамлакатимизда кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. Масалан, Давлат органлари ва ташкилотлари учун профессионал бошқарувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида масофавий таълим технологияларини ўз ичига олган давлат бошқарувида менежмент ва “ақлли” бошқарув принциплари босқичма-босқич жорий этилишини назарда тутиш мумкин.

Тан олиш керак, яқин ўтмишни таҳлил қиладиган бўлсак Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатида кўплаб муаммолар мавжуд эди, давлат фуқаролик хизмати тизимини сифатли деб бўлмас ва бу тизим жаҳон стандартларига мос келмас эди. Масалан, давлат фуқаролик хизматини комплекс ҳуқуқий тартибга солувчи ҳужжат мавжуд эмас эди, раҳбар кадрлар ва давлат фуқаролик хизматига номзодларни очиқ ва мустақил танлов асосида танлаб олиш механизмлари, давлат хизматчиларининг иш самарадорлиги баҳолаш мезонлари, уларнинг малакасини ошириш тизими ва буларни тартибга солиб турувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас эди.

Бугунги кунда юртимизда тахминан 123 минг нафарга яқин давлат хизматчиси бор. Улар орасидан касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳамда уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилишини назарда тутувчи меритократия (муносиблар ҳокимияти) тамойилини қўллаш асосида танлаб олиш асосий масала деб кўрилмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда кадрларнинг давлат фуқаролик хизматига кириб келиши учун янги инновацион, осон ҳамда шаффоф йўллар тақдим этилмоқда. Энди ўз билими, тажрибаси ва малакасига ишонган ҳар ким давлат хизматига ишга кириши ҳамда сайланадиган ёки алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимлардан ташқари ҳар қандай лавозимга даъвогарлик қилиши мумкин.

Бу эса юртимиздаги кўплаб ёш малакали мутахассисларнинг, маълум бир субъектив ёки бошқа коррупцион омиллар сабаб ўзларини кўрсата олмаган кадрлар учун ўз билим ва қобилиятларини намоён қилишлари, ўз имкониятларини раҳбарлик лавозимларида синаб кўришлари учун жуда яхши имкониятдир.

Хусусан, интервьюда президент “маҳаллий ҳокимларнинг билим ва тажрибаси, сиёсий савияси ва маданиятига боғлиқ. Шу маънода, Президентнинг жойлардаги вакиллари бўлган ҳокимларнинг иш фаолияти Сизни қониқтирадими?” деб сўралган саволга:

– “… Бугун эса ҳокимлар мустақил қарор қабул қилиб, мустақил иш олиб бориш ваколатига эга. Улардан илгаригидек ҳар бир қадамини Тошкентда, марказий идоралардаги мутасаддилар билан келишиш, бўлар-бўлмасга ижозат сўраш талаб этилмайди.

Ҳоким, раҳбар инсон сифатида, ниманидир билмаслиги ёки кўздан қочириши, хатога йўл қўйиши мумкин, буни тушунса бўлади, лекин у ана шу хатоларини тан олмаса, уларни тузатишни истамаса, ўқиб-ўрганишга, янгича ишлашга, ўз билим ва тажрибасини оширишга интилмаса, манфаатпарастлик ва маишатга берилган бўлса, бу ҳолатни мутлақо кечириб бўлмайди…

“Ҳар бир раҳбарнинг фаолият мезони – бу халқнинг орзу-умидларини ўзи учун асосий мақсад қилиб, уларни изчиллик билан рўёбга чиқаришдан иборат.

Ҳоким ва вазирларимиз, компания ва банкларимиз раҳбарлари орасида фаол, ишнинг кўзини биладиган, чуқур фикрлайдиган янги авлод вакиллари етишиб келаётгани мени қувонтиради. Улар халқ билан очиқ мулоқот қилмоқда, ташаббус кўрсатмоқда, юқоридан кўрсатма кутиб ўтирмасдан, мустақил ва дадил иш олиб бормоқда.

Афсуски, баъзи етакчи ва мутасаддилар манманликка берилиб, ҳаволаниб, оёғи ердан узилганини билмай қолади. Бу – улар учун ҳақиқий фожиа. Албатта, бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин бўлиши мумкин эмас. Бу нафақат Президентнинг, айни пайтда халқимизнинг, ҳаётнинг талабидир” деб президент фикр билдирган.

Ўзбекистонда кадрлар сиёсати борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини – замонавий бошқарув кадрлари ва давр талабларига жавоб берадиган муносиб давлат фуқаролик хизматчиларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, ушбу хизматга меритократик тамойиллар асосида номзодларни танлаш ва тайинлаш, раҳбар кадрлар фаолиятини баҳолаш, шу орқали лавозимда юқори поғоналарга кўтариш масалалари ташкил қилади.

Албатта, давлат бошқарувидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий ўзгаришларга олиб келмоқда ва Ўзбекистонда давлат бошқарувидаги демократик ислоҳотлар ортга қайтмайди!

 

Умид ФОЗИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси

Фарғона ҳудудий филиали мутахассиси.