ЁҒОЧЛАРДАН ГЎЗАЛЛИК ЯРАТИБ…

ЁҒОЧЛАРДАН  ГЎЗАЛЛИК ЯРАТИБ…

Тонг саҳар. Қуёш ўзининг заррин нурларини сочишга шошилади. Эгнида оқ яктак, белига чорси боғлаб ҳовлига чиқиб келган уста мусаффо ҳаводан тўйиб нафас олди. Устахона томон оҳиста қадам ташлади. Бир муддат аввал келтирилган ғадир-будур ёғочлар кун сайин кўркамлашиб, ўйилган нақшлар ила безалиб бораётгани унинг кайфиятини кўтарди. Гўё машаққатли меҳнатдан олдин ҳордиқ чиқараётгандай ерда думалаб ётган устунларни меҳр билан силади. Шогирдлари ишидан мамнун бўлди. Ҳар бир нақш, ҳар бир шаклга эътибор билан қаради. Бирдан недир эсига тушиб қолгандай, шитоб билан искана ва болғачани қўлига олди. Худди от мингандай ўрнашиб олганча, ёғоч бағрини ўйишга тутинди…

Таниқли ёғоч ўймакор уста Муҳаммадали Юнусовнинг ҳар тонги шундай бошланади. Ёғочу устунлар, турли шакл-лару нақшлар унинг ҳаёти мазмунига айланиб кетган десак, муболаға бўлмас. Нафақат юртимизнинг турли гўшаларидаги, балки хориждаги бир неча шаҳарларни безаб турган маҳобатли устунлар, айвонлар уста учун қадрли.
Тошкент шаҳридаги миллий боғ халқ амалий
санъати галереяси, Ҳазрати Имом мажмуаси, “Қатағон қурбонлари” хотира музейи, Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуасидаги айвонлар, Жиззах вилоятидаги “Ипак йўли”, “Оқсарой” чойхоналари, Қувасой шаҳрининг Арсив қишлоғидаги “Болалар санъат саройи”, Фурқат, Ўзбекистон туманлари, Яйпан шаҳридаги чойхона-оромгоҳлар, Қўқон шаҳридаги болалар ўйингоҳи айвонлари, Яйпан шаҳридаги ФҲДЁ биноси, Фарғона тумани Саткак қишлоғидаги “Қабуллар уйи”, Фарғона шаҳридаги “Қўқон” чойхонаси, “Бахт уйи” бинолари… Бундан ташқари, Украинанинг Киев шаҳрида, Хитойнинг Пекин шаҳридаги Ўзбекистон элчихоналари биноси олдидаги айвонлар, нақшли устунлар, миллий услубдаги ёғоч ўймакорлик ишлари Муҳаммадали ака ва унинг шогирдлари қўл меҳнати ила яратилган. Республикамизнинг қай вилояти, туман-шаҳрига борманг, уста яратган амалий санъат намуналарини учратасиз. Қалбларга эзгулик, юракларга ҳайрат уруғларини сочиб, юртимиз кўркига кўрк қўшиб туради бу айвону устунлар.
Муҳаммадали Юнусов эллик йилдан буён ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланади. Тажрибали устанинг хизматлари муносиб тақдирланиб, 2007 йили Ўзбекистон Республикаси халқ устаси фахрий унвонига, 2020 йили “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлди.
– Ёғоч ўйма наққошлиги бизга отамерос. Мен наққошлар сулоласининг бешинчи авлодиман. Отам уста Юсуф, боболаримиз уста Юнус, уста Холиқ ва бошқалар шу ҳунар орқасидан эл ўртасида танилишган, оила тебратишган, – дейди уста. – Ўзимнинг ҳам икки мингдан зиёд шогирдларим бор. Одилжон Шерқулов, Баҳромжон Боратов каби шогирдларим бугунги кунда мустақил фаолият олиб боришяпти, ўнлаб ёшларга устозлик қилишяпти.
Нақш яратиш устадан дид, маҳоратдан ташқари, қунт, малака ва қаттиқ меҳнат талаб қилади. Наққошлар халқ усталари ичида энг билимдон, истеъдодлилари саналган, эъзозланган. Зеро, бу каби усталар турли фанлар (адабиёт, мусиқа, тарих, кимё, математика)ни яхши билишган. Уста наққошнинг айтишича, ҳунар сирларини мукаммал ўзлаштириш учун 20-30 йил керак бўлади.
Муҳаммадали ака болаликдан бобомерос ҳунарни ўрганиб, йиллар давомида ўзига хос мактаб яратди. Уста Фурқат тумани марказида “Усто Юсуфжон наққош” оилавий ҳунармандчилик корхонасини ташкил этиб, “Устоз-шогирд” услубида 125 нафар ёшларга наққошлик сирлари ўргатмоқда. Улар тайёрлаган наққошлик буюмлари орасида санъат асари даражасида баҳоланаётганлари ҳам бор. Аҳамиятлиси, буюртмалар бажарилгач, тушган маблағ қобилиятига қараб шогирдларга ҳам тарқатилади. Ёшлар ҳунар ўрганиш билан бирга, моддий манфаатдорлик кўришмоқда. Устанинг иқтидорли шогирдлари Зоҳиджон Тўйчиев, Рустамжон Мирзаҳмедов, Сарвар Тоштемиров, Шерали Юнусов корхонадаги ўн-ўн беш нафар ёшларга бириктирилган.
Корхона биноси қошида дурадгорлик асбоблари ва ёғоч маҳсулотлари суратларидан иборат музей ҳам бор.
– Устахонада шогирдларим билан аҳоли хонадонларига буюртма асосида сўри, хонтахта, кичик айвонлар тайёрлаймиз. Айни пайтда нақшинкор устунли айвонларга қизиқиш катта, – дейди Муҳаммадали Юнусов. – Илгари ёнғоқ, чинор, қайрағоч, тут, тол ва терак дарахтидан маҳсулот тайёрлаган бўлсак, эндиликда қайин, павлония дарахтларига ҳам ишлов беряпмиз. Бугунги кунда илғор технологиялар барча соҳаларга татбиқ қилинмоқда. Жумладан, ёғочга нақш солишда ҳам компьютер технологиясидан фойдаланилади. Лекин қўл меҳнати орқали яратилган жиҳоз ва буюмлар ҳамма даврларда ҳам қадрланган. Жонсиз ёғочга қўл бармоқлари орқали ўтган меҳр бошқача жило беради, кўрган кўзни қувонтирмай қолмайди.
Муҳаммадали Юнусов 2019 йил сентябрида Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандлар фестивалида “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси ғолиби бўлган. “Юртимиз ҳунармандчилиги, хусусан, Фарғона наққошлик усуллари, бу мактабнинг ўзига хос услублари хорижликларни ҳайратга солганидан фахрланиб кетдим”, дея эслайди уста. Фестиваль доирасидаги концерт дастури давомида ўз шогирдлари билан биргаликда миллий услубдаги кайвонли айвонни ҳеч қандай елим, михларсиз тиккалаб, яна бир бор томошабинлар олқишига сазовор бўлишди.
… Устахонада иш қайнайди. Турли ёшда бўлишларига қарамай, йигитларни бир жиҳат бирлаштириб туради: ҳунарга меҳр, ёғочдан гўзаллик яратиш!
Ёш наққошлар қошига келиб, уларга тавсия, кўрсатмалар бераркан, устанинг кўзларида ўзгача нур пайдо бўлади. Солинаётган нақшнинг энг кичик жиҳатигача эътибор билан кўз ташлайди. Жимитдек янгилик яратган шогирдининг елкасига қоқиб, миннатдор боқади: “Ҳа, наққошлик яна минг йиллар давом этади. Ҳунаримиз ишончли қўлларда!”

Ҳ.АБДУЖАББОРОВ.