Туйғу

МЕҲРИ МОМОНИНГ ДУОЛАРИ

Ҳайит-байрамларда қишлоғимизнинг энг кекса аёли – Меҳри момо қошига шошиламан. Шошиламанки, бу ошиқиш, интилиш аввал руҳимда, онгу шууримда кечади. Барча ўй-хаёллар қаёққадир қочади, хаёлимни фақат юз ёшни қоралаётган момонинг суҳбатлари, кўрган-кечирганлари банд этади. Унинг бири биридан қизиқ ҳикоялари, бот-бот такрорлайдиган панд-насиҳатлари, ўгитлари чорлайди мени…

Бугун момонинг кайфияти чоғ. Ўзимча ўйладим: “Фарзандлари, невараларидан яхши хабар эшитгандир”… Ҳазилнамо саволга тутаман.
– Энажон, кайфиятингиз зўр-у! Нима, пенсия олдингизми?
Қадоқ қўллари билан дас-турхондаги нон увоқларини тераркан, ялт этиб юзимга қарайди момо.
– Э, пенсия дейсан-да, болам. Ахир, юртимиз тинч, озод. Бундан ортиқ бахт борми дунёда?! Бундай кунларнинг шоҳиди бўлиш ҳазилакам гапми?!
Бирдан қарашлари жиддийлашиб, недир хаёлларга берилади, бошидаги рўмолини тузатганча оҳиста сўзлашга тушади.
– Озодлик, мамлакатинг мустақил бўлиши катта неъмат. Қулдек ишлаган, ҳақ-ҳуқуқимиз оёқости қилинган кунларни кўрдик. У кунлар ортда қолди… Кўзим яхши кўрмайди-ю, лекин телевизорни эшитаман. Юртбошимиз, катталаримиз ҳар куни гапиради, халқимиз оғирини енгил қилишни ўйлайди доим. Подшоси халқини ўйлайдиган юртда яшаш насиб қилганига шукур, болам…
– Момо, Катта Фарғона каналини қазишдаям қатнашган деб эшитганман…
– Айни қаҳатчилик, ола-ғовур кунлар эди. Халқимизнинг бирдамлиги, қандай қийинчилик бўлсаям, уни енгишга, кўпчиликка нафи тегадиган ишдан қочмасликка иштиёқ куч берган. Ҳозир ёшларни ҳашарга айтсанг, қочади. Мени мажбурлаяпти, дейди. Э, сени онанг қийналиб ҳаётга келтирган, қийналиб едирган-ичирган. Озгина тер тўксанг, тер тўккандаям савоб учун, кўп учун тўксанг, дуо оласан, биринг икки бўлади. Бунақа ишдан ҳеч ўзингни олиб қочма, болам.
Момо бироз толиққандек бўлади, чойдан ҳўплаб, ҳовлида юрган невара келинига қарайди.
– Яқинда неварам этаж уй олди. Мениям оборишди, ҳавасим келди. Қишлоқ одамлариям шаҳарда яшаяпти. Пулини йигирма йилда бўлиб-бўлиб тўларкан. Шунақа шароит қилиб берган ҳукуматимизга раҳмат-е. Ҳозир нима қиламан, десанг ҳамма шароит бор. Ҳалол ишлаб, мазза қилиб яшайдиган замон!
Суҳбатимиз узоқ давом этади. Колхозда ишлаган, аёл боши билан пахтачилик бригадасида сувчилик қилган, ипак қурти боққан даврларини эслаб бир ёшаргандек, ғайрати жўшгандек туюлади. Гап айланиб, урушга бориб бир оёғини жанггоҳларга ташлаб келган умр йўлдошига тақалганини иккаламиз ҳам сезмай қолдик.
– Уруш ёмон нарса. Ундан фақат қайғу, алам, оғриқ қолади. Тўй-тантана, байрамни ёстиғи қурийди. Бечора бобонг умрининг охиригача урушни қарғаб ўтди, яна такрорланмасмикан деб юрагини ҳовучларди… Қўшни давлатда нотинч-лик бўляптийкан. Илоҳим, тезроқ тинчисин. Қўшнинг тинч – сен тинч, деб бекорга айтишмайди. Минг шукур, юртимиз тинч, фаровон. Илоҳим, кўз тегмасин.
Момонинг шукронага тўла изҳорлари тўхтамайди. Эл-юрт ташвишидаги раҳбарларни алқайди. Мана шу сонияларда бирмунча нурсизланиб қолган кўзларида учқун пайдо бўлади гўё. Юзларига қон югуриб, руҳий тетиклик сезилади унда.
Хайрлашарканман, момога қараб ўйга толаман. Ўтмишга айланган кунларнинг жонли гувоҳи сифатида эмас, аксинча, ёруғ келажак, тинч-фаровон кунларга умидворлик, бугунги осуда ва ҳур замонларга бетиним шукрона айтишдан чарчамайдиган кайвони онахон тимсолида кўз олдимда тобора катталашиб бораверади унинг сиймоси. Қишлоқнинг кун сайин кўркамлашиб бораётган кўчалари, кўкка бўй чўзаётган муҳташам бинолар ва янги иморатларни, юрт ободлиги йўлида меҳнат қилишдан ҳузур-ҳаловат топаётган бағрикенг одамлар қалбини эгаллаб бораётгандай туюлади.
Ҳ.Бойбобоев.