ҲУНАРМАНДЛАР МАРКАЗЛАРИ — ХАЛҚНИНГ БУЮК МАДАНИЯТИ МАСКАНЛАРИ

ҲУНАРМАНДЛАР МАРКАЗЛАРИ —  ХАЛҚНИНГ БУЮК МАДАНИЯТИ МАСКАНЛАРИ

Маълумки, дунёдаги ҳар бир халқ ўз қадриятлари, урф-одати, тарихи ва маданиятини асрашни, уни келажак авлодга тўкис етказишни истайди. Албатта, бундай истак-хоҳиш миллат зиёлилари билан бир қаторда ҳунарманд аҳлида, айниқса, кучли намоён бўлади. Дарҳақиқат, улар халқнинг бирлигини сақлашга, миллий анъаналарини келажак авлодларга етказишда энг кўп қайғурадиган ва бу йўлда жонбозлик кўрсатадиган фидойилардир.

Шу ўринда халқимизнинг миллий ўзлигини англатиш ва миллий ғурурини уйғотиш омилларини муҳтарам Президентимиз кўп бора таъкидлаганларидек, биз билан бирга ёнма-ён, эътибордан йироқ ҳолда, бақамти яшаётган деҳқонларимизу ҳунармандларимизнинг камтарин ҳаётидан ва улар тортиқ этаётган меҳнати самарасидан қидирмоғимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг 13 та туманларида “Ҳунармандлар маркази” барпо этиш тўғрисидаги ташаббуслари айнан шу тарихий ҳақиқатни рўёбга чиқаришда энг катта қадам бўлди. Бу ташаббуснинг жонли ифодаси сифатида вилоятнинг Тошлоқ, Бағдод, Қува, Ёзёвон, Данғара, Бешариқ, Ўзбекистон, Фарғона, Фурқат, Бувайда, Учкўприк, Олтиариқ ва Риштон туманларида халқимизнинг суюкли шодиёнаси бўлган истиқлолнинг 30 йиллиги арафасида ҳунармандчилик марказлари қад ростлади. Энг қувонарлиси, ушбу марказларда 4000 нафарга яқин ишлаш истагида бўлган фуқаролар, аёллар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади.
Айтиш жоизки, миллатнинг ўтмиши ва бугуни ҳақидаги энг ишончли манба — унинг ҳунармандчилиги анъаналаридир. Бу борада сўз кетганда, Қўқон ёғоч ўймакорлиги, Марғилон ипак-мато ҳунармандчилиги, Риштон кулол-
чилик марказлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Эзгу мақсадларда барпо этилаётган ушбу ҳунармандчилик марказларининг ҳар бир маҳсулоти нафақат Ўрта Осиё, балки бутун жаҳон халқларини ҳайратга сола олади. Ўзида миллат қиёфасини акс эттирган халқ амалий санъати орқали Фарғона бренди жаҳон бўйлаб шуҳрат қозонса, не ажаб. Марғилоннинг ҳарир ипаклари, кўзни ёндиргувчи атласларида бизнинг буюк маданиятимиз жилоланса, Қўқон нақшларида, Риштоннинг гулдор пиёлаларида меҳнатсевар аждодларимиз сиймоси, кучли дид ва нафосатга йўғрилган пок турмуш тарзимиз акс этади.
Бугун кўплаб хонадонларни иш билан таъминлашни режа қилган “Ҳунармандлар маркази” эртага ушбу туманда ташқи ва ички туризм тараққиёти учун хизмат қилиши ҳам кўзда тутилган. Бундай мажмуалар таркибида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун меҳмонхоналар қурилмоқдаки, келгусида юртимизда яратилган бундай қулай шароит муҳитида жаҳон ҳунармандчилиги бозорлари вужудга келиши табиий.
Эътироф этиш керакки, юртимизда сўнгги йилларда давлат раҳбари бошчилигида ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Ҳунармандларга яратилган имтиёзлар, ер майдонлари ва бинолар ажратиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилишда берилган имкониятлар — ушбу тизимда ўзига хос кичик бизнес ва якка тадбиркорлик йўналиши вужудга келишига замин яратди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан “Халқаро кулолчилик форуми ва кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши юртимиз ҳунармандларига гўёки, қанот бағишлади десак, муболаға бўлмайди.
Форум илк маротаба Риштон туманида ташкил этилиши эса туман аҳли учун жуда ҳаяжонли воқелик бўлди. Чунки эндиликда форум доирасида риштонликлар ўз ҳунармандчилик маҳсулотларининг реализациясини ташкил этиш, бевосита олди-сотди ишларини амалга ошириш, халқаро харидорларни жалб этиш, ҳорижий ҳамкорлар топиш каби бир қатор имкониятларга эга бўладилар.
Халқ амалий санъати, “Устоз-шогирд” асосидаги ҳунармандчилик марказ-мактаблари жамият ривожининг асосий локомотиви вазифасини бажариши, халқнинг миллий ғурури бўлиб хизмат қилиши, ўзлигини англаб етишида ўтмиш ва келажакни боғловчи маънавий кўприк вазифасини бажариши тарихий ҳақиқатдир.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори.