Давлат мукофотига сазовор бўлганлар

Давлат мукофотига сазовор бўлганлар

Алишернинг қиссаси

Алишернинг болалик йиллари қийинчилик билан ўтганлигини кўпчилик билиб, баъзилар билмаса керак. Отаси Умар акадан эрта ажраган болани Холиниса опа ҳам ота, ҳам она бўлиб тарбиялади, мактабда ўқишини назорат қилди.
Алишер қишлоқдаги ўрта мактабни битиргач, Фарғона давлат педагогика институтига бир неча бор ҳужжат топширади-ю, киролмади. Сўнг ҳарбий хизматга чақирилди. Хизмат даврида ҳам ижоддан йироқлашмаган Алишернинг “Гулисафсар ҳиди” номли ҳикояси нуфузли нашрлардан бири бўлган “Гулистон” журналида чоп этилди. Ҳикоя ўша пайтда журнал бош муҳаррири, атоқли ёзувчи Асқад Мухторнинг оқ йўл тилаб ёзган сўзбошиси билан босилган эди…

«Адмирал Сенявин” крейсерида уч йил таътилсиз хизмат бурчини ўтагач, ёш ижодкор тўғри Тошкентга келади ва журнал таҳририятига киради. Асқад Мухтор формали йигит билан зерикмай анча суҳбатлашади. Ижодий ходимларга таништиради. Бундан катта куч олган, илҳомланган Алишер кейин-ги йили ТошДУ (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетига ўқишга киради.

– Мен денгиз флотига хизматга бормаганимда, “Гулистон”га ҳикоя ёзмаганимда, ўзбекнинг улуғ адиби Асқад Мухтор билан учрашмаганимда журналистикада ўқимаган бўлармидим, – дейди Алишер Ибодинов. – Бу касбни эгаллаганимдан хурсандман. Миллий матбуотимизнинг туман бўғинидан вилоят бўғинигача бўлган пиллапояни босиб ўтдим. “Фарғона ҳақиқати”да мухбир, бўлим мудири, бош муҳаррир бўлиб ишладим. Ўша пайтда “Совет Ўзбекистони” газетасида Фарғона вилоя-ти бўйича мухбирлик, “Адолат йўли” газетасида муҳаррирлик қилдим. Ҳозир ҳам оиламиз билан “Улуғ эл” деган газета чиқарамиз. Турмуш ўртоғим Холидахон билан бирга ўқиганман. Улуғбек ўғлим ҳам журналист, Тошкентда яшаб, ишлайди.

Ёзувчининг адабиёт майдонига дадил кириб келиши ва кетма-кет бадиий жиҳатдан пухта асарларининг чоп этилиши устоз адиблар диққатини тортмай қолмади. Унга атоқли ва таниқли ижодкорлардан Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Маҳмуд Саъдий кабиларнинг назари тушган, улар ёш ёзувчи ижод намуналарига юксак баҳо берган. Айниқса, халқимизнинг севимли ёзувчиси Одил Ёқубов ўзининг “Алишер ҳақида ўйлар” мақоласида ёш ёзувчининг ижодини юқори баҳолаб, алоҳида эътироф этган эди.
Адиб мустақиллик йилларида самарали ижод қилди. У “Қўрбоши Мадаминбек”, “Макайлик бир сулола” ҳужжатли қиссалари, “Уч баҳодир” очерклар тўплами, “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари”, “Латофат” дўконидаги қатл”, “Соҳил яқин, яқин”, “Зулм базми”, “Шафқатсиз тоғлар” каби бир қатор романлари, Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов билан ҳаммуаллифликда ёзилган “Шифокор” қиссаси орқали оммага кўпроқ танилди.
Ёзувчи қўлёзма асарларини тузатишга, қайта ишлашга эринмайди. Худди шу ҳолни “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” романи мисолида кўриш мумкин.

– Бу китобим “Шарқ” нашриётида босилиб чиққандан кейин, бир неча жойда романга қўшса бўладиган манбаларни эшитиб қолдим, – дейди адиб. – Тошкентга бориб давлат архивида, музейларда ўтириб, тарихий манбалар билан танишдим. Бугунги кунда қайта ишланган ва тўлдирилган ана шу роман чоп қилиб бўлинди. Ҳадемай ўқувчилар қўлига етиб келади деган умиддамиз.
Алишер Ибодиновнинг ўзбек халқи ҳаётини ёритувчи, юртни, мустақилликни улуғловчи асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам ўз мухлисларини топган. Унинг “Қуёш ҳам олов” ҳикоялар тўплами АҚШда, “Сольнечный край” китобчаси Украинада минглаб нусхада чоп этиган.
Адибнинг Президентимиз томонидан мустақиллиги-мизнинг 30 йиллиги муно-
сабати билан “Меҳнат шуҳрати” орденига лойиқ топилиши бежиз эмас. Зеро, халқдан ўрганиб, яна халққа қайтарган ижодкорлар назардан четда қолмайди.
Ҳамид БУРҲОН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият
ходими, ёзувчи.