Янги таҳрирдаги қонунда янги талаблар

Янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун 2021 йил 29 июлдан кучга кирди. У 14 та боб, 101 та моддадан иборат бўлиб, одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кўриш тартиби такомиллаштирилди. Судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди. Судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилди, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилди, судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилди ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар акс эттирилди.

Мазкур қонун билан боғлиқ саволларга Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Мўминжон УМАРОВ жавоб беради.

Савол: — Қонун қабул қилиниши билан судьялик лавозимига номзодларга ҳамда судьялик лавозимига сайланадиган ва тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар бўйича ҳам ўзгаришлар бўлдими?
Жавоб: — Қонун билан судьялик лавозимига номзодларга ҳамда судьялик лавозимига сайланадиган ва тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талабларда ўзгаришлар бўлди. Хусусан, бу талаблар 67 ва 68-моддаларда мустаҳкамлаб қўйилди. Яъни, 67-моддада белгиланганидек, 35 ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.
Қуйидагилар эса судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас:
жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;
илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;
чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;
судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс.
Судьялик лавозимига сайланадиган, тайинланадиган шахсларга қўйиладиган талаблар 68-моддада белгиланган. Унга кўра, 67-модда талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 15 йиллик иш стажига (2021 йил 29 июлгача амалда бўлган қонунда 10 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йиллик иш стажига (олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкин.
67-модда талабларига жавоб берадиган, юридик ихтисослик бўйича камида 10 йиллик иш стажига (олдин 7 йил эди), шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида 2 йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси бўлиши мумкин.
Шунингдек, 67-модда талабларига жавоб берадиган, 35 ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида 7 йиллик иш стажига (олдин 5 йил эди) эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.
Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.
Савол: — Судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши неча ёшни ташкил этади?
Жавоб: — Қонуннинг 71-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун — 65 ёшни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 5 йилгача, бошқа судлар судьясининг ёши эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши томонидан худди шундай 5 йилгача узайтирилиши мумкин.
Судья қонунчиликка мувофиқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Савол: — Судьялар корпусини шакл-лантириш қайси орган томонидан амалга оширилади?
Жавоб: — 5-моддага кўра, судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши томонидан амалга оширилади.
Савол: — Ваколатлари муддати тугаган судьяларга қандай кафолатлар берилиши белгиланган?
Жавоб: — Қонуннинг 85-моддасига кўра, ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.
Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.