Тараққиёт йўли – маърифатда

Тараққиёт йўли – маърифатда

ТЕСТ ЯКУНЛАНДИ: ФАРҒОНА ЁШЛАРИНИНГ ЮТУҚЛАРИ ҚУВОНАРЛИ

олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича фарғоналик
битирувчилар мамлакат миқёсида яхши натижаларни қайд этишди

Яқинда мамлакатимиз олий таълим муассасаларига жорий йилги кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилиниб, битирувчи ёшларнинг энг билимлилари талабаликка тавсия этилди. Эътиборлиси, абитуриентларнинг ўртача балл йиғиши, ўқишга кириш фоизи, сони сингари муҳим йўналишлар бўйича Фарғона вилояти ёшлари республика миқёсида фахрли ўринларга сазовор бўлдилар.
Шу тариқа жорий йилда 17 минг 698 нафар Фарғона ёшлари (республикамиз бўйича 179 минг 352 нафар) олий таълим даргоҳларига талабаликка қабул қилинди. Бундан ташқари, 709 нафар ёшлар дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлишди.
Албатта, бу фақат мактаб ўқитувчиларининг ютуғи эмас. Кейинги йилларда амалиётга жорий этилаётган янги инновацион ғоялар, нодавлат таълим сектори, репетиторлик курслари фаолияти жадал ривожланаётгани, ўз навбатида, ота-оналарнинг фарзандлар таълим-тарбиясига қаратаётган эътибор ва рағбати ушбу ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.
Бу йил ҳам шаҳар-ту-манлар бўйича таққосла-ганда, 1488 нафар ёшлари талабаликка қабул қилинган Фарғона шаҳри вилоятимизда энг яхши натижага эришди. Олтиариқ тумани ёшлари ҳам кейинги йилларда ҳамиша биринчиликка интилмоқда.
— Бу йил 31 нафар битирувчиларимизнинг 29 нафари мамлакатимизнинг энг нуфузли университет ва институтлари, Тошкентдаги хорижий олий ўқув юртлари филиаллари, Россия, Ҳиндистон каби давлатларнинг таълим даргоҳларига ўқишга киргани, уларнинг 15 нафари давлат гранти асосида ўқиши барчамизни беҳад мамнун этди, — дейди Олтиариқ туманида жойлашган 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби директори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Ҳамиджон Раҳимов. – Аслида кейинги беш йил давомида битирувчи ўғил-қизларимизнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи ўртача 95 фоизни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон туманида жойлашган 65-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ҳам аниқ фанлар, ахборот технологиялари соҳасида янгича ёндашувлар асосида жуда яхши натижаларга эришиляпти. Бу йил мактабни 31 нафар ўқувчи тамомлаб, уларнинг 30 нафари талаба бўлди. Кенг дунёқарашга эга, бир неча тилларни биладиган мазкур ёшларнинг 15 нафари давлат гранти асосида ўқийди.
***
Кеча вилоятимиздаги таълим масканларида янги ўқув йили катта тантаналар билан бошланиб, илк дарслар мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига бағишланди.
Фарғона шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Билимлар куни” тадбирида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, барчани мустақиллик байрами ва янги ўқув йили билан қутлади.
— Таълимдаги ислоҳотлар-ни барчамиз кўриб туриб-
миз, — деди вилоят раҳбари. — Боиси кейинги йилларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган эзгу тамойил асосида кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Чунки мактаб табаррук маскан, илк қадамини қўйган фарзандларимиз бу ерда дунёни англайди, ватанни севишни, хат-саводни ўрганади. Фарғона шаҳридаги мазкур 2-сон чет тилларга ихтисослаштирилган мактабни жорий йилда битирган 172 нафар ўқувчилардан 138 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 11 фоизга ортганлиги фидойи устоз-мураббийларнинг меҳнатлари самарасидир.
Шунингдек, вилоят ҳокими янги ўқув йилининг илк кунида Олтиариқ туманидаги 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, устозларни қўшалоқ байрам – истиқлолимизнинг 30 йиллиги ҳамда таълим даргоҳининг битирувчилари эришган натижалар билан самимий муборакбод этди.
Бу йил вилоятимизда 62 минг 839 нафар ўқувчилар 1-синфга қабул қилиниб, уларнинг барчасига “Президент совғаси” ҳамда дарс-ликлар етказиб берилди.
2021 йилги Инвестиция
дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури ҳамда Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташриф баёнига асосан 75 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Вилоятда сўнгги йилларда 30 та нодавлат таълим муассасаси ташкил этилди.
Байрам тадбирларида давлатимиз томонидан баркамол авлод орзуси йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган фаол ўқитувчи ва аълочи ўқувчиларга совғалар берилди.
Ботир МАДИЁРОВ,
Маъсуджон
СУЛАЙМОНОВ.
Суратларни Муқимжон ҚОДИРОВ олган.