Кексалар ибрати ёшлар шижоатида намоён

Кексалар ибрати ёшлар шижоатида намоён

УЧ ХАЛҚ, УЧ АВЛОД УЧРАШГАНДА

Бу ҳақида бугун биз газета саҳифаларида ёзгунча Сиз хабар топгансиз. Тезкор интернет, ижтимоий тармоқ, телевидениедан. Ҳа-ҳа, биз Лоғон қишлоғида бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви” ҳақида гапиряпмиз. Шундай бўлсада, бу мавзуга яна тўхталмоқчи бўлдик, унинг моҳияти, зарурати ва самараси қанчалар муҳимлиги бунга ундади, бизни.

Шундай қилиб, нега мамлакатимиз, жумладан, Фарғона вилоятида авлодлар учрашувлари ташкил этилмоқда?
Ўзбекистоннинг мустақиллик тарихига 30 йил тўлди. 30 йил аввал Ватанимиз ҳар қандай мафкура ва иқтисодий бошқарувдан озод, ўзини ўзи бошқарадиган давлат деб эълон қилинди. Аммо бунга осонликча эришилмаганди. Не-не аждодларимиз, ҳақиқий ватанпарвар юртдошларимиз шу биргина сўзда ифодаланган, лекин келажак, бахт, эркинлик каби олам-олам маънога эга мустақиллик учун курашганлар, жон фидо қилганлар. Ўша 1991 йилда туғилган авлод бугун ўттиз ёшга тўлди. Бугунги ёшлар бунинг тарихини, ҳаёт ҳақиқатлари, катта авлод тақдирини биладими?
Дунёга телефон тугмаларидан дарча очолган ёшлар бахтиёр, бахти-иқболи бутун ўсмоқда. Дунёнинг барча илм дарвозалари пешвоз уларга. Эришаётган ютуқлари ҳам ҳайратланарли. Аммо… ҳар қандай назарий билим ҳаётий тажриба ўрнини боса олмайди. Уларга сабот, ирода, қатъийлик каби инсоний фазилатлар мағзини аниқ тақдирлар мисолида тушунтириш ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Аксинча “Авлодлар тарихи” равон йўлларига маёқ бўлади, холос.
Мана, нега керак эди авлодлар учрашуви. Қолаверса, бундай анжуманларни чет қишлоқларда ўтказилиши, унда қўли меҳнатда қабарган, қалбидан яхшилик, пок-лик нури таралиб турган фахрийлар, кўзи оламни забт этаман дея ёниб турган йигит-қизларнинг иштирок этиши янада жозибали эди.
Мана шунинг учун ҳам Фарғона туманининг Лоғон қишлоғи ўша куни файз, барака, умид майдонига айланди. Дастлаб ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган оқсоқоллар, онахонлар ёшлар даврасининг қаҳрамонларига айландилар. Улар “таржимаи ҳоли”ни гоҳ кулгу, гоҳ кўзларида алам ёшлари билан тилга олганларида менинг ёш дўстларим ҳаёт қанчалар мураккаб, аммо у ҳар бир инсон учун имконият ва синов эканини англаб етдилар.
– Янги Ўзбекистонни ёши улуғ инсонларнинг тажрибаси, маслаҳати, билим ва кўникмаларини уйғунлаштирган ҳолда қурамиз, — деди ғайрат- шижоати ичига сиғмаётган ёшлар вакили Нодирбек Эсонов.
– Бир фарзандим физика соҳасида олим, яна бири ҳунарманд-дурадгор. Набираларимдан иккитаси хорижда ўқийди. Яна бири Марғилондаги янги очилган марказга қатнаяпти, дастурчи бўлмоқчи, — дейди Ҳалимжон ота Каримов. – Бизнинг ёшлигимиз пахта даласида ўтганди. Буларга ҳавасим келади. Қани эди, ҳозир улар каби ёш бўлиб қолсам…
– Уч авлод учрашувида катталар ҳаётидан, тажрибасидан ибрат оляпмиз. Айни чоғда улар ҳам биз эришаётган ютуқлардан мамнун эканликларини кўриш бизга янада куч бағишлайди, — дейди ёшлар етакчиларидан бири Зарнигор Убайдуллаева.