УЛУҒ НИЯТЛАРГА ОЛЛОҲ ҲАМ ЁРДИР!

УЛУҒ НИЯТЛАРГА  ОЛЛОҲ ҲАМ ЁРДИР!

Бугун мен истиқлолнинг 30 йиллик қутлуғ санаси остонасида туриб, ортга назар ташлайман. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим ёдга тушади. Ўтган асрнинг 90-йилларида мактабни битириш арафасида эдик. Матбуотда бизга нотаниш Фитрат, Чўлпон, Мунаввар қори, Беҳбудий, Усмон Носир, Отажон Ҳошим деган номлар тез-тез тилга олина бошлади. Улар ёзган асарлардаги юрт қайғуси, дин ва миллат масаласини ўқиб, бироз довдираш ҳолатига тушдик. Сабаби, куни кеча шўро сиёсати кўкларга кўтарилган, шу сиёсат манфаатларидан келиб чиқиб ёзилган дарслик-ларни ўқиб ўрганган, октябрят, пионер, комсомол сафида туриб маълум маънода шу тузум ғояларига хизмат ҳам қилган эдик-да. Турли слётлар, анжуманларда, танловларда ўзимиз бориб кўрмаган, фақат хариталарда кўрсата оладиган “бепоён” юртни ватаним деяётган ёшлар эдик. Секин-аста биз “халқ душмани” деб билганимиз, аслида, миллат учун, ватан учун жон тиккан ҳақиқий юрт ўғлонлари эканлигини англай бошладик. Чўлпон асарларини ўқиб йиғлаганман. “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен!” дея ҳайқирган шоирнинг қисматига ачинганман.

Эрк ва озодликни тараннум этиш муқаррар ўлимга олиб борар эди шўро тузуми йиллари. Хайрият, катта машаққатлар, йўқотишлар эвазига бўлса ҳам миллатнинг қадди тикланди. Руҳи сарбаланд бўлди. Дарёлар асл ўзанига қайта бошлади.
1991 йилнинг 1 сентябри мен учун ҳам унутилмас кун бўлиб қолди. Оиламизда қўшалоқ байрамни нишонладик. Шу санада мен Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга қабул қилиндим. Биринчи курсда “Ўзбек адабиёти тарихи” фанидан дарслар бошланди. Аҳмад Яссавий, Бурҳониддин Рабғузий, Хўжаназар Ҳувайдо, Сўфи Оллоёр ижодини биринчи бор катта ҳайрат ва ҳаяжон билан ўқидик. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Мотуридийлар юрти экан бу диёр… Буни ҳам мустақиллик туфайли англадик.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ миллий ва маданий меросга алоҳида эътибор қаратилди. 1991 йилни “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиниши ва шу йилнинг 1 октябрида Миллий боғда Навоийнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаши кейинги ўттиз йиллик ҳаётимизда жуда катта аҳамият касб этди. Миллатни якдил қилди. Биз талабалар истиқлол шарофати билан Навоий асарларининг анъанавий муқаддима қисми билан танишдик. Буюк мутафаккир бобомиз илгари сурган комил инсон ғоясини қалбимизга жо эта бошладик. Ватаннинг остонадан бошланишини, Ватан ободлиги кўнгиллар ободлиги билан уйғун эканлигини, Ватан ва миллат учун фидойи бўлиб яшаш энг олий бахт эканлигини чуқур ҳис қила бошлаган эдик шу кезлар. Бугунги кунга келиб эса, навоийшунослик соҳасида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили Ҳазрат Навоий таваллудига бағишланган халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондининг ташкил этилиши эса бу соҳадаги ишларнинг янада юксалишига сабаб бўлиши, шубҳасиз.
Мана, 25 йилдан буён талабаларга “Ўзбек адабиёти тарихи”, “Адабиёт назарияси” фанларидан сабоқ бериб келмоқдаман. Менда таққослаш имкония-ти бор. Кечаги шўро тузумининг сўнгги талвасаларига гувоҳ бўлган бўлсам, озод диёрнинг обод кунларига, мусаффо тонг-ларига, осойишта тунларига, асрларга татигулик қутлуғ 30 йилидаги бетакрор ўзгаришларга ҳам шоҳидман.
Истиқлол биринчи навбатда ижодкорга сўз ва фикр эркинлигини берди. Бадиий ижод билан кўнгил одамлари шуғулланмоқда. Бугун яратилаётган асарлар жаҳон адабиёти намуналари билан бўйлаша оладиган савияда. Кеча Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари Германияда “Тошкентлик севишганлар” номи билан машҳур бўлган бўлса, бугун бутун ер юзи Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби ўзбек адибларининг асарларини катта мароқ билан мутолаа қилмоқдалар.
Озод ва обод Ватанимизга кўз тегмасин! Яратганнинг бизга туҳфа этган инъоми – жаннатмонанд диёр ҳамиша гўзал ва бетакрор бўлиб бораверсин!
Зебо ҚОБИЛОВА,
Қўқон давлат педагогика
институти ўзбек тили ва адабиёти факультети декани, филология
фанлари доктори.