Президент мактаби: ЮРТИМИЗНИНГ “ОЛТИН ФОНДИ” ТАРБИЯЛАНАДИГАН МАСКАН

Президент мактаби: ЮРТИМИЗНИНГ  “ОЛТИН ФОНДИ”  ТАРБИЯЛАНАДИГАН  МАСКАН

Хабарингиз бор, куни кеча мамлакатимизда Президент мактабларига танлов имтиҳонлари бўлиб ўтди. Бу ўзига хос таълим масканига қизиқиш жуда катта эканлигини талабгорлар сонининг юқори бўлганидан билиб олиш мумкин.

Фарғона шаҳрида қуриб фойдаланишга топширилган Президент мактабига ташриф буюрарканмиз, мазкур таълим муассасаси одамларни бежиз жалб қилмаганига амин бўлдик. Бу масканга кираверишданоқ илм нури сочилиб, маърифат ва замонавийлик уфуриб туради гўё. Боланинг юзидан танийдиган электрон қурилма ўрнатилган кириш жойлари, ўзгача дизайн ва қулай жиҳозлар…
– Мактабга бу йил 9537 нафар ўқувчи ҳужжат топширди. Қабул бўйича барча жараёнлар онлайн усулда амалга оширилди, – дейди Президент таълим муассасалари агентлигининг ушбу мактабдаги вакили Мафтунахон Одилхўжаева. – Имтиҳонлар Буюк Британиянинг Cambridge Assessment International Education халқаро ташкилоти бошчилигида тўлиқ шаффофликни таъминлаган ҳолда ўтказилди. Ишонасизми, ҳатто ўзимнинг қизларим ҳам имтиҳондан ўтишолмади.
Президент мактабларида таълим sciense (табиий фанлар), tehnology (технологиялар), engineering (техник ижодкорлик), art (cанъат), matehematics (математика) соҳаларини чуқур ихтисослашган ҳолда ўқитишга асосланган халқаро “STEAM — таълим” дастури асосида олиб борилади. Бу мактабда ўқитишнинг асоси қилиб бир неча йўналишлар белгиланган.
Фарғона шаҳридаги Президент мактабида бу йил 144 нафар ўқувчи таҳсил олишни бошлайди. 5-10-синфлар (жами 12 та синф, ҳар бир синфда 12 нафардан ўқувчи)дан иборат мактабда дарслар ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Махсус дастур ва суҳбат асосида саралаб олинган педагогик жамоада 20 дан зиёд маҳаллий кадрлар, шунингдек, Буюк Британиядан жалб қилинган юқори малакали ўқитувчи ва тренерлар фаолият юритади.
Президент мактабидаги таълим дас-тури ҳам ўзига хос. Бу мактабларнинг устун томони иқтидорли ўқувчилар бир жойда йиғилгани ҳисобланади. Бу уларга ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини беради. Синфхоналар ҳар бир фан учун махсус жиҳозланган, интернет тармоғига уланган. Хоналарга киришда ўрнатилган электрон доскада дарс жадвали, танаффус вақти, ўқитувчи ҳақида қисқача маълумот берилади. Дарслар якунлангач, ўқувчилар турли фан тўгаракларига қатнашади. Қизиғи, дарс тугаши ва бошланишидан огоҳлантирувчи қўнғироқлар ўрнига ўқувчиларга руҳан тетиклик ва мотивация берувчи куй-қўшиқлар жаранг сочади. Умуман, иқтидорли ўқувчилар ҳафтанинг беш куни давомида бу ерда ҳам яшайди, ҳам ўқийди.
Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.
Бу ерда таълим олиш тўлиғича бепул, беш маҳал овқат, ётоқ билан таъминланади. Бундан ташқари, бирламчи ўқув қуроллари, замонавий ноутбук ҳам берилади. Физика, биология, кимё, математика, информатика йўналишлари бўйича юқори сифатли таълим амалиёт билан уйғун ҳолда ташкилланади. Муассасада ўқиш, дам олиш, спорт машғулотлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Ётоқхона, кутубхона, ошхона, бассейн, спорт майдонлари, кечки салқинда томоша қилиш учун катта экран, тиббий ёрдам ва қўриқлаш хизмати… Имконияти чекланганлар учун махсус қулайликлар ҳар жабҳада кўзга ташланади.
Ўқувчилар сонининг камлиги уларнинг барча фанларни чуқур ўзлаштиришига имкон яратади. Халқаро таълим дастурлари асосида ўқитиш, ўз навбатида, инновацион янгиликлар яратишга йўл очади. Мактабда ўқувчиларнинг ҳам академик салоҳиятини ўстириш, ҳам ижтимоий фаоллигини ошириш, етакчилик кўникмаси, нотиқлик иқтидорини ривожлантириш, олинган билимларни амалиётда қўллаш малакасини ошириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, ҳаётга қатъий ишонч ва муносабатини шакл-лантиришга эътибор қаратилади. Хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда Cambridge университети тажрибаси асосида қўшимча машғулотлар олиб борилади.
Очиғи, мактабдаги шароит ва имкониятларни кўриб, кишининг ҳаваси келади. Шу билан бирга, Президент мактаби ўқувчилари ва педагоглари зиммасига улкан масъулият юкланишини ҳис қиласиз.
– Президентимиз айтиб ўтганларидек, мактабимиз ўқувчилари Ўзбекистоннинг “олтин фонди” бўлиши керак, – дейди Мафтунахон Одилхўжаева. – Туман-шаҳарларимизда иқтидорли, салоҳиятли ўқувчилар жуда кўп. Лекин 25-30 нафар ўқувчи ичида уларнинг истеъдоди кўринмай кетади, куртак ёзмайди. Президент мактаблари ана шу истеъдодларни юзага чиқариш, уларга иқтидорига қараб махсус билимлар бериш, келгусида юртимиз ривожига салмоқли ҳисса қўша оладиган кадрларни етказиб беришни мақсад қилган. Бу йилги имтиҳонларгача талабгор ўқувчиларимизнинг 96 нафари аллақачон нуфузли хорижий олийгоҳларга қабул қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнига илғор технологиялар, услублар ва хориж тажрибасини кенг жорий этиш, уларни ўқитиш ва тарбиялашда яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни мақсад қилган Президент мактаби фаолиятига омад ёр бўлсин.

Ҳаётжон Бойбобоев.
Элёр Олимов
олган сурат.