Дориломон кунлар шукронаси

Дориломон кунлар  шукронаси

Нуронийларни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш халқимизнинг эзгу қадриятларидан. Президентимизнинг Фармонига кўра, мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрами арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган юз ёшдан ошган пиру бадавлат отахон ва онахонлар сафида Фарғона туманида яшайдиган Тожиддин ота Апазов ҳам бор.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров отахон хонадонида бўлиб, Президентимиз номидан “Шуҳрат” медалини тантанали топширди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотларининг эсдалик совғалари берилди.
“Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинида тинч, тўкин умргузаронлик қилаётган Т. Апазов жорий йилда 104 ёшни қарши олди. Табаррук отахон 8 нафар фарзандни камолга етказди, бугун эса 48 нафар невара, 70 га яқин чевара, эвара ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Отахон бир умр чўпонлик билан шуғулланди, ҳаётда кўп синовларни бошидан кечирди. Ҳалол меҳнати билан қишлоқда ҳурмат топди.
— Биз кексаларни эъзозлаган Президентимизга раҳмат, — дейди отахон қўлини дуога очаркан. —Юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин бўлсин. Бошимиздан кўп оғир кунлар ўтган. Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли манзарасига гувоҳ бўлганман. Яратганга шукур, озодликка эришдик. Ҳар куни телевизорда бунёдкорликлар, ўзгаришлар ҳақида эшитаман. Буларнинг қадрига етиш керак.
Файзли уйдан отахонни зиёрат қилувчиларнинг қадами сира узилмайди. Зеро, бу каби ёши улуғ инсонлар таянч устунларимиз, хонадонларимизнинг бойлигидир.
М. Сулаймонов.
М. Қодиров олган сурат.