Бу шундай бўлган

Бу шундай бўлган

МАМЛАКАТ МУСТАҚИЛЛИГИ ҚАНДАЙ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ЭДИ?

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари юртда нотинчлик, қаҳатчилик даври эди. Одамлар учун келажак ҳаёти мавҳум, ҳамма бугун қорин тўйғазиш, тинч ётиб, эсон-омон тонг оттириш қайғуси билан яшарди.

Ана шундай долғали замонда – 1991 йилнинг 31 август куни Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Шундан буён 1 сентябрь — Мустақиллик куни сифатида нишонланадиган бўлди.
Тарихий сессияда фарғоналик бир гуруҳ депутатлар ҳам иштирок этганди. Мухбиримиз тарихга муҳрланган сессия қатнашчиларидан бири Шуҳрат Аҳмедов билан ўша кунги ҳис-ҳаяжон, унутилмас хотиралар хусусида суҳбатлашди.
— Сессияда Қувасой шаҳридан сайланган Олий Кенгаш депутати сифатида иштирок этганман, — дейди 75 ёшли меҳнат фахрийси. — Бир томонимда республика прокуратураси, ички ишлар идоралари раҳбарлари, яна бир ёнимда Марғилон шаҳрининг биринчи раҳбари бўлган депутат Ҳабибулло Низомиддинов, Фарғона тумани раҳбари, депутат Қаҳрамон Икромов, яна икки нафар фарғоналик депутат аёллар ўтирганди.
Ислом Каримов кутилмаганда мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Депутатлар бир-бирига қараб, елка қисади, ҳамманинг кўзида ҳадик, ҳаяжон. Залда бироз муддат юракни эзадиган даражада сукунат ҳукмронлик қилди.
— Биз бугундан мустақилмиз! — дея такрорлади Ислом Каримов.
Сессиянинг энг олдинги қаторида ўтирган давлат ва жамоат арбоблари, ижодкорлар, депутатлар бирдан ўзига келди, гулдурос қарсаклар садоси зални тутиб кетди. Бир лаҳзада барчамиз бошқа сайёрага тушиб қолгандек эдик. Аммо қалбимизда «Ўзбекистоннинг эртанги тақдири нима бўлади?» деган хавотир ҳам йўқ эмасди.
Биринчи Президентимиз қардош республикалар ҳақидаги вазиятга алоҳида тўхталиб ўтди. Ўзбекистон учун сен куймасанг, у куймаса, мен куймасам, ким куяди? – деган маънода даъваткор сўзларни куйиниб гапирди. Шу орқали халқимизнинг безовта хаёлларига таскин-тасалли бераётгандек эди.
Боиси, нафақат халқимиз орасида, балки ўша лаҳзада залда ўтирган депутатлар ичида ҳам бу хушхабарни хушламай қарши олган, иқтисоди, турмуш ва яшаш тарзи абгор аҳволда бўлган республиканинг эртанги кун тақдирига ишонмаётган ҳамюртларимиз йўқ эмасди. Ўша залнинг ўзида бошланган шивир-шивирлар, кейин сайловчиларимиз билан илк мулоқотларда ана шундай ишончсизликнинг бевосита гувоҳи бўлгандик. Аслида бу ҳаёт қийинчиликлари, моддий етишмовчиликлар, ишсизлик, бўм-бўш савдо пештахталари, оилавий муаммолар гирдобида қолган одамларнинг изтироби эди десак, асло муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, истиқлолнинг таҳликали дастлабки йиллари олдимизда бир қарашда забт этиш қийин бўлган довонлар турганди. Агар таъбир жоиз бўлса, бу – тафаккуримиз, дунёқарашимиз, турмуш тарзимиз, орзу-ниятларимиздаги янгиланиш, ислоҳ этилиши зарур бўлган тушунчаларимиз билан боғлиқ довонлар эди.
Тарихнинг қадим сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келаётган халқимиз, мана ўттиз йилдирки, янги давр, янги замон – ҳуррият довонларини қатъий ишонч, аниқ ва пухта режа, халқимизга хос босиқлик билан забт этиб келмоқда.
***
Шуҳрат Аҳмедов 1991-1998 йилларда Фарғона тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, 1998-2006 йилларда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилди. Шоҳимардон қишлоғига табиий газ тармоғи тортиш, Ҳувайдо мақбарасини обод қилиш сингари кўплаб эзгу юмушларда бош-қош бўлди. Шоҳимардондаги сел талафотларини бартараф этишдаги хизматлари учун 1998 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Нафақага чиққач эса Фарғона туманининг Сатторобод қишлоғида 41 гектар ерда боғ барпо этди. Писта, шафтоли, ўрик, олма боғлари гуркираб ўсиши учун сув чиқарди, тош-шағалли жойларни унумдор, серҳосил ерга айлантирди. Турмуш ўртоғи билан 50 йил бахтли ҳаёт кечириб, беш фарзандни элга қўшди.
— Мустақил Ўзбекистон парламенти шакл-ланиши учун тамал тоши қўйилган дастлабки йилларда депутат сифатида ўзимнинг камтарона ҳиссамни қўшганимдан мамнунман, — дейди суҳбатдошимиз. – Аммо мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинган ўша тарихий сессия хотиралари қалбимизда бир умр сақланиб қолди. Ўша тарихий жараённинг гувоҳи бўлган депутатларимизнинг аксарияти бугун орамизда йўқ. Аммо жаҳон андозалари даражасида шакл-ланган парламентимизнинг бугунги фаолия-
ти, ютуқлари учун ўшанда дастлабки қадамлар ташланган бўлса ажаб эмас.
Қалбларимизни бир олам орзулар билан қувонтирган, эрк, озодлик ҳавосидан яйраб-яйраб нафас олишга имкон яратган қутлуғ санага ўттиз йил тўлмоқда. Шундай табаррук кунларда ўша тарихий жараённинг илк иштирокчилари, мамлакат ривожига тамал тоши қўйган катта авлод вакилларини бир эсга олиш, меҳнатлари учун раҳмат айтиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз-дир!
Ботир МАДИЁРОВ суҳбатлашди.