31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

УЛАР “БОСМАЧИ” ЭМАС, БОШЧИ ЭДИЛАР

Кечаги Ўзбекистоннинг бугунга юз тутиши, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жиҳатдан юксалиш босқичига кўтарилиши осон бўлмади. Ўтиш давридаги мураккаб ва таҳликали даврларни ёдга олар эканмиз, яқин тарихимизда содир бўлган, Туркистон ўлкасини ваcсаллик уйқусидан “уйғотиб” юбора олган миллий-озодлик ҳаракатлари тўлқини хусусида алоҳида тўхталмоқ жоиз.

Мустабид тузум ичида туриб, истиқлол байроғини дадил тута олган, эрксизликка муросасиз бўлган миллий озодлик кураши бошчиларининг асл мақсади халқимиздан яширилди. Уларнинг юрт озодлиги йўлида олиб борган миллий кураши, истиқлолчилик ҳаракатларига “босмачилик ҳаракати” дея ном берилиб, элимизнинг шерюрак қаҳрамонларига “босмачи” тамғаси босилди. Мазкур тарихий давр 1918—1934 йилларни ўз ичига олса-да, 16 йил давом этган кураш халқимиз озодлик, ҳурликка муносиб эканлигини намоён қилди ва бутун Туркистон эли онгига узоқ йиллар кучли таъсир этди.
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати сифатида миллатнинг етакчилари мағлуб бўлгани барчага аён. Лекин ушбу миллий озодлик кураши асосчилари, жасур лашкарбошилар, мард қўрбошилардан мустамлакачиларнинг қандай ваҳимага тушганликларини, Ватан тупроғи учун мардонавор курашиш ибратини тарих унутмайди. Зеро, “Ойни этак билан ёпиб бўлмас”, дейди доно халқимиз. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари қаърига яширинган ҳақиқат бугун авлодлар кўз ўнгида очилмоқда.
Тарихий ҳужжатларда акс этган, қатағон қурбонига айланган шахсларнинг аянчли қисмати, уларга ва оилаларига нисбатан қилинган зўравонлик ҳолатлари истиқлол туфайли кенг ўрганилди. Улар ҳақида кўплаб маълумот ва далиллар кенг оммага тақдим этилди. Хусусан, ҳукумат қарорлари, Президент Фармони асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараё-нида ана шундай фидойи кишилар шахси аниқланди. Айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган, ҳозирги кунга қадар оқланмаган қатағон қурбонлари номлари рўйхати 2021 йил 7 январь куни Олий судга тақдим қилиниб, оқлаш юзасидан таклиф киритилган эди.
Айни кунларда Ўзбекистон Республи-
каси Олий судида қатағон даврида турли айбловлар билан қамалган, отувга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан чиқарилган суд қарорлари апелляция судида кўриб чиқилгани, 115 нафар шахс-нинг оқланганлиги бу – буюк бир тарихий воқеликдир. Тўғри, ушбу адолат суд қарорларига расман кўчгунча йиллар ўтди, лекин қатағон қурбонларининг мамлакат озодлиги йўлида тўғри йўлдан борганликларини, улар миллатнинг фахри эканликларини халқимиз ўша пайтнинг ўзидаёқ чуқур англаган ва курашчилар ортидан эргашган. Шу боис, халқ оғзаки ижодида ҳаракат етакчиларига аталган эртаклар, достонлар, шеър ва қўшиқлар мавжуд. Миллий озодлик ҳаракати намояндалари ўз жасоратлари билан биргина бизнинг халқимизда эмас, балки бошқа элларда ҳам ардоқланади. Масалан, ўз пайтида Душанбеда уларга атаб ҳайкал ўрнатилган.
Бизнинг “босмачи” дея қораланган озодлик саркардалари, мард ўғлонларимиз аслида миллатнинг бошчилари эканлигини, юртимизда ҳукмрон бўлиб олган босқинчиларга Ватан эгаси ким эканлигини ўз жасоратлари билан қандай намоён этганликларини энди ёшлар яхши билади.
Айниқса, Фарғона водийси миллий озод-
лик курашининг илк ўчоғи сифатида даст-лабки етакчиларга макон бўлгани, водий-
даги қуролли ҳаракатнинг Олий бош қўмондони Шермуҳаммадбек бошчилигидаги енгилмас лашкарбоши ўғлонларнинг шу заминдан етишиб чиққани фарғоналикларга ўзгача ғурур бағишлайди. «Туркистон – туркистонликлар юртидир. Бошқа ҳеч кимнинг унга эгалик қилишга ҳаққи йўқ!» деган сўзларни шиор қилиб, мустақиллик сари олға қадам босган кичик ва катта Эргашлар, Муҳаммад Аминбек, Омон Паҳлавон, Жонибек Қози, Маҳкам Ҳожи, Исроилбек, Аҳмад Полвон, Раҳмонқули, Ислом Паҳлавон сингари истиқлолчиларимиз ўша даврнинг ўзида буюк Ватаннинг пойдеворига асос солганлар.
Шунингдек, истиқлолчилар ҳақида сўз борар экан, совет ҳокимиятига қарши олиб борилган ҳаракат бошчиси, Туркис-тон мухторияти ҳукумати маориф вазири лавозимида фаолият юритган йирик уламо — Носирхон Тўра Саид Камолхон Тўра ўғлининг ҳаракатлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Носирхон Тўра Саид Камолхон Тўра Туркистондаги миллий озодлик курашларининг ғоявий раҳбарларидан бири бўлган. У маърифатпарварлиги, ватанпарварлиги ҳамда адолатлилиги билан ўз атрофида кўплаб зиёлиларни бирлаштира олган. У умрининг охирига қадар миллат ва ёшлар тақдири, Ватан истиқболи учун интилишдан тўхтамади. Босқинчиларнинг турли тазйиқлари, тақиқлари, таҳдидлари-ю сургунлари Носирхон Тўранинг ғурури ва эркини синдира олмади.
Бугун Президентимиз бошчилигида истиқлол курашчилари шаъни, номини оқлашга қаратилган эзгу ишларнинг амалга оширилаётгани ҳамда бунинг ижроси миллий қонунчилигимизда қарор топаётгани қувонарлидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида Фарғона давлат университетида ҳам ишлар жадал олиб борилмоқда.
Мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини тарихийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ёшларга ўргатиш, Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз эркинлиги йўлида мардонавор кураш олиб борган миллат қаҳрамонлари тарихини кенг жамоатчиликка етказиш ишлари учун университетда тарихчи олимлар, профессорлар бошчилигида алоҳида тарғиботчилар гуруҳи шакллантирилган. Қатағон қурбонлари номини абадийлаштириш, уларнинг жасоратли тарихи мисолида ёшларни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, қатағон даврига оид тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мақсадида ташкил этилган Фарғона давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари” хотира музейи фаолияти йилдан-йилга кенгайтириб борилмоқда. Қувонарлиси шундаки, эндиликда музейга фақатгина талаба-ёшлар эмас, вилоятдаги туманлар аҳолиси, уюшмаган ёшлар ташриф буюрмоқда. Ушбу музейга мустамлакачилик давридан тортиб, мустақиллик давригача тааллуқли бўлган икки ярим мингга яқин ноёб тарихий ҳужжатлар келтирилган бўлиб, ҳозирда Туркистондаги жадидчилик ҳаракати, миллий-озодлик учун курашган намояндалар, ушбу курашларда аҳамиятга эга бўлган шахслар номлари аниқланиб, бойитиб борилмоқда. Кўплаб тарихчи ёш олимларимиз қатағон қурбонлари тарихи тўғрисида илмий изланишлар олиб бормоқдалар. Университетнинг матбуот хизмати ва медиа гуруҳи томонидан қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ёритиб берувчи мақолалар, ижтимоий видео-роликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда намойиш этилмоқда.
Биз эришган бугунги фаровон ҳаёт, мустақил Ватан, бирдам бўлган халқ, осуда кунлар қурбонларсиз бунёдга келмаган. Фикримча, бу борада жадидларимизнинг буюк намояндаси Абдулла Қодирийнинг “мозийға қараб иш кўрмак хайрлидир”, деган ибратли жумлаларини эслаш кифоя. Жаҳолатга қарши курашиш, миллат шаънини ҳимоя қилиш орқали мустамлака бўлган Туркистонни дунёнинг тараққий этган мамлакатлари сафида кўришни орзулаган ажодларимиз бугун ўз мақсадларига эришдилар. Эндиликда бизнинг — бугунги кун эгаларининг зиммасида аждодларимиз асрий орзуларини рўёбга чиқариш, тинчлик ҳукмрон бўлган заминни асрай олиш, ўз интилишлари, ислоҳотлардаги иштироки, ташаббуслари орқали ёшларга кимларнинг авлоди эканлигини англатишдай масъулиятли вазифа борлигини унутмаслигимиз даркор.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори.