Сайёр қабулдан репортаж

Сайёр қабулдан репортаж

ХАЛҚ ҚАНДАЙ ЯШАЯПТИ, ҚАНДАЙ НАФАС ОЛАЯПТИ?

Бу – энг муҳим масала

Эрталабки соат саккиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонасига кириб борар эканмиз, ундаги қулай муҳит, озода ва шинам интерьер, айниқса, кўнгилларга бу даргоҳдан яхшилик билан қайтиш умидини берувчи қиёфа ва муносабатларни илғагандек бўлдик.

Мурожаатчилар бирин-кетин фуқароларни рўйхатга олиш дафтарига қайд этилиб, кутиш хонасига таклиф этилмоқда. У ерда эса 30 чоғли жисмоний ва юридик шахслар вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилаётган сайёр қабулга навбат кутишяпти. Турли ёш, турли тоифадаги одамларни умумлаштириб турадиган битта жиҳат борки, мурожаатчиларнинг ҳар бирини қайсидир муаммо, масала қийнайди, ечимни эса бугун, шу ерда — вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотда топишига ишонади, улар.
Юзма-юз мулоқот бўлиб ўтаётган хонада вилоят ҳокими ўринбосарининг қайсидир мутасадди ташкилот раҳбари билан телефон орқали суҳбати эшитилиб турарди. Суҳбат якунлангач, у мурожаатчига юзланди:
“Маъқулми, ечимдан қониқдин-гизми?”.
– Мурожаатчининг кўзлари қувончдан порлаб, раҳмат айтиб, ташқарига чиқди. Маълум бўлишича, Фарғоналик Илҳом Қосимов икки йилдан буён ишсиз экан. У вилоят марказида ташкил этилган корхоналардан бирига қўриқчи-назоратчи, турмуш ўртоғи Эътиборхон Йўлдошева эса шу ерда оператор сифатида иш бошлайдиган бўлди.
Қўқон шаҳридан келган Зилола Муҳиддинова ҳам қабулдан чиқди, бироқ кўнглида тугун бордек.
— Муаммоларимнинг чегараси кўрин-маяпти, — дейди у тўлиқиб. — Қўқон шаҳри, Шарқий кўчасида яшайман, 3 фарзандим бор, турмуш ўртоғим Россияда ишлайди, муросасизлик сабаб қайнона-қайнотам келинлик уйимдан 2 нафар қизим билан чиқариб юборишди, ўғлимни эса ўзлари билан олиб қолишган. Судга ариза билан мурожаат қилиб, эрим билан қонуний ажримим йўқлиги сабаб уйга киритиб қўйишларини сўрадим, натижа бўлмади, ўғлимни ҳам ололмай сарсонман. Ҳозир Фарғона шаҳрида ижара уйда тураман. Янги қурилаётган уйлар учун субсидия олишга кўмак беришларини сўраб келдим. Ҳеч бўлмаса ватанли бўлиб олсам, астойдил меҳнат билан кунимни кўраверардим. Хайриятки, ҳокимлик мутасаддиси ёрдам қилишга ваъда қилди. Зарур ҳужжатларни тезроқ тайёрлашим керак.
Сайёр қабул ўтказилаётган хонага кирдик. Вилоят раҳбари ўринбосари ва аҳоли вакилларининг ҳеч қандай расмиятчиликларсиз, тўғридан-тўғри суҳбати, мурожаатларга ўша ернинг ўзидаёқ ечим ахтарилаётгани қандай яхши. Муаммо аниқ айтилгач, унинг қонуний ечимига дахлдор ташкилотлар вакилларига дарҳол бириктириляпти.
Фарғона шаҳри “Абдулла Қодирий” МФЙда яшовчи Дилдора Камолова кам таъминланган оила бекаси. Икки йилдан буён қорин қисмидаги дард билан азоб чекади, унда операция амалиёти ўтказилиши керак. Фуқаронинг мурожаати бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларига боғланилди, унга айтилган жавоб Дилдора опани хурсанд қилди. У махсус ордер асосида бепул даволанишга жўнатиладиган бўлди.
Марғилон шаҳридаги “Тут таги” МФЙга келин бўлиб тушган Маҳбубахон Қосимова тўрт йилдан бери Фарғона шаҳри Қиргули мавзесида ота уйида яшайди, турмуш ўртоғи шунча вақтдан бери четга чиқиб кетганича бедарак. Битта фарзанди билан уйсиз, оиласиз қолган ёш жувон ажримга ариза берди, аммо у истаги қаноатлантирилиши учун тўсиқларга учраяпти. Бугунги мулоқотда муаммосини баён қилгач, хотин-қизлар масалалари бўйича масъулларга бириктирилди. Ҳолат тўла ўрганилиб, хулоса қилинадиган бўлди.
22 ёшли Наргиза Неъматжонова дои-мий иш ўрнига эга эмас. Унинг оиласи қариндош-уруғлар билан низолар сабаб яшаб турган уйидан чиқиб кетишган. Ота-онасининг ҳам муқим даромад манбаи йўқ, укалари вояга етмаган. Субсидия асосида уй харид қилишга кўмаклашишларини сўраб, сайёр қабулга келган. Наргиза мутахассислардан янги уй учун субсидия олиш бўйича тегишли йўл-йўриқларни олди. Энди унга иш ўрни ҳам топиладиган бўлди.
Фарғона туманидан келган Маҳлиёхон Узоқовага эса узоқ муддатли кредит олиш ҳақидаги мурожаати бўйича банк мутахассиси томонидан тушунтириш берилди.
Аввалига 31 нафар фуқаро қабул учун рўйхатга олинган бўлса, кун бўйи давом этган жараёнда 50 нафардан зиёд мурожаатчилар тингланди. Улар орасида маҳалланинг ўзидаёқ ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммони “орқалаб” келган ёки ҳаддан зиёд боқимандалик кайфиятидаги фуқаролар ҳам йўқ эмас. Уларга тўғри ва манзилли тушунтиришлар берилгани “бу даргоҳдан норози бўлиб чиқиб кетмаслиги” важидан, албатта.
Аммо Қиргули мавзесида яшовчи Мукаррамхон Ҳасанова ўртага ташлаган муаммо бугунгина пайдо бўлмаган кўринади. Унинг “куйиб-пишиб” айтган сўзлари фуқаронинг кўпчилик учун қайғураётганини яққол кўрсатиб турарди:
— Ҳудудимиздаги вилоят шифохонаси ёнида тартиб ўрнатилишини кутиб, ҳолдан тойдик. Серқатнов жой бўлса, на пиёдалар йўлакчаси, на йўл белгилари бор. Йўловчи ва такси ҳайдовчиларининг ҳаракати тартибга солинмаган. Кичикроқ автотураргоҳ умуман талабга жавоб бермайди. Бир йилдан бери тегишли жойларга ариза билан чиқамиз, келишади, нималарнидир ёзишади, кетишади. Муаммоимизнинг ҳал этилишидан эса дарак йўқ.
Аслида ҳар қандай раҳбар, айниқса, туман-шаҳар ҳокимлари мана шундай мурожаатларнинг мазмунига қараб, ўзи учун хулоса чиқарса бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, халқ қандай яшаётгани, қандай нафас олаётганини билиш – энг муҳим масала. Раҳбар халқ ичида юриб, муаммоларни ўз кўзи билан кўриб, қийналаётган одамлар ўрнига ўзини қўйсагина, ечимга муносиб йўл топади.
Мукаррам Ҳасанованинг мурожаати бўйича бир эмас, бир нечта ташкилот мутасаддиларига топшириқ берилди, натижаси қатъий назоратга олиниши айтилди.
Сайёр қабул давомида уй-жой масаласининг ўзида ўндан ортиқ мурожаатлар қилинди. Ибрагим Ҳошимов, Сайёра Абдураззоқова, Нурхон Маҳмудова сингари ёшларга эса иш керак. Бувайдалик Набижон Шамсиддиновнинг фермерлик фаолиятидаги муаммоларни ҳал этиш, Фарғона туманилик Бунёд Рустамовни фирибгардан ҳимоялаш, Фарғона шаҳрилик Зилола Одиловани тикув машинаси билан таъминланиш, Гулчеҳра Қурбонова, Дилдора Камолованинг даволанишига моддий ёрдам кўрсатиш каби масалалардаги мурожаатларига ижобий ечим топилди.
Жараённи кузатар эканмиз, давлат идоралари ва раҳбарлар халқимизга тобора яқинлашиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Қарийб беш йил аввал пойдевори қўйилган халқ билан мулоқотнинг самарали тизими халқ розилигини бош мезон этиб белгилаган. Бунинг амалий самаралари эса бугунгидай сайёр қабул ва юзма-юз мулоқотларда ҳам тўла акс этмоқда.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.
Элёр ОЛИМОВ олган сурат.