Байрам янги уйларда нишонланмоқда

Байрам  янги уйларда  нишонланмоқда

Энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг
30 йиллиги шукуҳи кезаётган кунларда Олтиариқ туманидаги “Қапчуғай” маҳалла фуқаролар йиғинида 12 та 4-5 қаватли замонавий турар жой бинолари фойдаланишга топширилди. Аҳоли учун қулай ва шинам, барча замонавий шароитларга эга бўлган ушбу уйларда 340 хонадон мавжуд.

Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлашга муҳим эътибор қаратилаётган бўлиб, шаҳар ва туманларда кўплаб кўп квартирали уйлар бунёд этиляпти. Уй- жойга муҳтож эҳтиёжманд ва ёш оилалар учун субсидиялар, имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Хусусан, «Қапчуғай» МФЙдаги янги массив бугун бунёдкорлик масканига айланган бўлиб, ҳар йили ўнлаб уйлар қурилмоқда.
Очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туман аҳолисини мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан қутлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш соҳасида сўнгги йилларда олиб борилаётган улкан ишларга тўхталди.
— Бугун Олтиариқда катта байрам, сабаби 12 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топшириляпти, — деди вилоят раҳбари. — Аслини олганда 5 йил олдин бу каби уйлар қурилишини тасаввур қилиб бўлмасди. Бу уйларнинг қурилиши яқинда, 6-8 ой аввал бошланган эди. Қисқа муддатда мана шундай чароғон мавзе барпо этилиб, «Ўзбекистон мустақиллиги 30 йиллиги кўчаси» деб номлангани, бугун мана шундай шинам хонадонлар битказиб берилгани ҳам Президентимизнинг халқчил ислоҳотлари натижасидир. Жорий йилнинг ўзида вилоятимиз бўйича 292 та, 7500 хонадондан иборат кўп қаватли уйларни қуряпмиз.
Тантанали тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг вилоят раҳбари янги хонадон эгалари билан суҳбатлашди. Янги уйлар, унда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Хонадон эгалари давлат раҳбарининг ғамхўрлиги натижаси ўлароқ шундай шинам, барча қулайликлар яратилган уйларга кўчиб киришганликлари Мустақиллик байрамининг 30 йиллигига муносиб тўёна бўлганлигини алоҳида қувонч билан айтиб ўтишди.
Тантанали тадбир давомида тумандаги “Аёллар дафтари”- га киритилган 260 нафар хотин-қизлар ҳамда “Ёшлар дафтари” рўйхатида турувчи 220 нафар ёшларнинг ўз-ўзини банд қилишини таъминлаш мақсадида велосипед, ўсимликларга кимёвий ишлов бериш аппарати, тикув машинаси ва электр печлар топширилди. Шунингдек, тадбир доирасида Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи 33 та кам таъминланган оила фарзандлари учун суннат тўйлари ҳам ўтказилди.

Ўз мухбиримиз.
М. Қодиров олган суратлар.