МОДЕРНИЗАЦИЯ ЗАВОД САЛОҲИЯТИНИ ОШИРМОҚДА

МОДЕРНИЗАЦИЯ  ЗАВОД САЛОҲИЯТИНИ ОШИРМОҚДА

Ўтган шанба куни вилоят ҳокими
Хайрулло Бозоров Фарғона нефтни қайта
ишлаш заводига ташриф буюриб, корхонанинг техник ва технологик янгиланиши, кенг кўламдаги модернизация ва реконструкция босқичлари,
нефть маҳсулотларини бирламчи қайта ишлаш, лаборатория таҳлилларини олиб бориш
жараёнлари билан танишди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ташкил топганига 63 йил бўлди. Корхонада халқ хўжалиги учун жуда муҳим бўлган 60 турдан зиёд маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бироқ йиллар ўтгани сайин қурилмалар, ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ техника ва жиҳозлар эскириб қолди, қолаверса, дунёда нефть маҳсулотлари сифатига талабнинг ортиши заводни модернизация ва мукаммал реконструкция қилишни тақозо этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2020 йилда заводни «Jizzakh Рetrоleum» масъулияти чек-ланган жамиятининг ишончли бошқарувига ўтказиш йўли билан модернизация ва реконструкция қилиш белгиланди. Бунинг учун ажратиладиган сармоя 300 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Икки йилдирки, заводда ишлаб чиқарилаётган мотор ёнилғиларини «Евро-5» ҳамда сурков мойларининг II+/III гуруҳига мансуб AРI жаҳон стандартлари талаблари даражасига етказиш мақсадида янги қурилмаларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишни кўзда тутган ислоҳотлар жадал олиб борилмоқда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга катта аҳамият бериляпти. Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой каби хорижий компаниялар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориляпти.
Жорий йилнинг мартидан бошлаб экологик тоза ва сифатли «Евро-4» стандартидаги дизель ёқилғиси ишлаб чиқарила бошланди. Май ойида эса заводда ишлаб чиқарилаётган «АИ-95» маркали автомобиль ёқилғиси биржа савдосига қўйилди. Мазкур бензин тури чиқинди гази билан заҳарланиш даражаси паст бўлган олий навли маҳсулот сирасига киради.
Вилоят ҳокимининг заводга ташрифи чоғида корхона директори Х.Латипов модернизация босқичлари, ишлаб чиқариш жараёнлари, навбатдаги истиқболли лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Хайрулло Бозоров ишлаб чиқариш линияларида олиб борилаётган амалий ишларнинг бориши бўйича тақдимотда иштирок этди. Модернизация ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ишчи-хизматчиларнинг самарали меҳнатларини эътироф этиб, уларга вилоят ҳокимининг диплом ва совғаларини топширди.
Р . ОРИПОВ.