ФАРҒОНАДА дон экиш бошланди

ФАРҒОНАДА  дон экиш  бошланди

Ёзёвон туманидаги “Баҳромбек” фермер хўжалиги даласида 2022 йил ҳосили учун пахта қатор ораси ва очиқ майдонларга ғалла экиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, ғаллачилик кластерлари, фермерлар, мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари, нуронийлар иштирок этди.
Фарғоналиклар ғаллачиликда ўзига хос мактаб яратган бўлиб, илғор тажрибалар асосида мўл ҳосил етиштирмоқда. Соҳада ерни ҳақиқий эгасига бериш, айниқса, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотишгача бўлган агробизнеснинг яхлит занжирини ўз ичига қамраб олган кластер тизимини тўлиқ яратишга жиддий аҳамият қаратилмоқда. Вилоятда 33 та ғаллачилик кластерлари йилдан-йилга ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирларини белгилаб олгани ҳам ўз самарасини бераётир.
“Баҳромбек“ фермер хўжалиги очиқ майдонига дон экиш ишларига киришилди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу ердаги жараённи кўздан кечирди. Нуронийлар юртимизга тинчлик-омонлик, деҳқончиликка барака тилашди. Қуръон тиловат қилиниб, жонлиқ қурбон қилинди.
Келгуси йил мавсуми учун вилоятда 21,1 минг очиқ, 78,4 минг гектар ғўза қатор ораларига дон экиш режалаштирилган. 2 минг 856 та фермер хўжаликлари томонидан 800 минг тонна дон ишлаб чиқарилади, ўртача ҳосилдорликни 80,4 центнерга етказиш чоралари кўрилади. 338 та юқори унумли ҳайдов тракторлари, 65 та дон экиш сеялкалари ва зарур техника воситалари шай ҳолатда, керакли миқдордаги ёқилғи билан таъминланади.
Кўргазмали семинарда вилоят ҳокими 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш ишларини белгиланган агротехник қоидалар асосида уюшқоқлик билан ташкил этиш кераклигини таъкидлади. Туманларда ерларни тайёрлаш, дон экинлари навларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш, уруғни мақбул муддатларда экиш ҳамда кластер корхоналари, фермерлар олдида турган вазифаларни белгилаб берди.
— Вилоятимиздаги экин майдонларида гектаридан 100 центнергача ҳосил олиш имконияти мавжуд, ерларимиз шу даражада унумдор, — деди вилоят раҳбари. — Исроил компанияси, вилоятимиздаги чўл зонасидаги майдонларда томчилаб суғориш тизимини жорий қилиб, гектаридан 50 центнердан пахта ҳосили олишни режалаштирмоқда. Демакки, агротехник тадбирлар тўғри ташкил қилинса, юқори ҳосилдорликка эришса бўлади. Экишда хатоликка йўл қўйилса, кейинги парвариш қандай бўлишидан қатъи назар ҳосилдорлик паст бўлади. Яна бир жиҳат, буғдойни айнан экишимиз керак, сепиш эмас. Кўплаб давлатларнинг суғориладиган майдонларда буғдой етиштириш тажрибасини кўриб чиққанимизда, фақат биздагина сепиш усули мавжуд. Экилганда белгиланган миқдорда уруғнинг қадалиши, ўғитнинг тупроқ остида қолиши таъминланади.
Вилоят ҳокими мазкур ҳудудда 45 нафар ёш оилаларга иккинчи экин экиш учун ажратиб берилган 10 гектар майдонда мош етиштириш ҳолати билан танишди. Ёшлар билан мулоқот қилди, улар учун берилган ер оила учун қўшимча даромад манбаи бўлганлиги таъкидланди.

Тадбир доирасида «Баҳромбек» ғаллачилик кластерида ун ва ун маҳсулотлари корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.Тадбиркорнинг 1,1 миллиард сўмлик маблағи ҳамда 500 минг долларлик хорижий кредит линияси эвазига донни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилди. Корхона йиллик 22 минг тонна донни қайта ишлаш, 10 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.
— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан пахтачиликда, ортидан ғаллачиликда ҳам кластер тизими жорий этилди. Бундан 6-7 олдин «пахта ва ғалла етиштириш хусусий секторга берилади, давлатнинг бу соҳага аралашуви бўлмайди” деса биров ишонмасди. Мана ислоҳотларнинг натижаси, ушбу корхона нафақат ўзи етиштирган донни, балки хориждан буғдой келтириб ҳам уни қайта ишлаб экспортга йўналтириши мумкин, — деди очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими.
— Туркиянинг замонавий технологиялари ўрнатилиб, сифатли ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошладик, —дейди “Баҳромбек” ғаллачилик кластери раҳбари Мирзоҳид Олимов. — Фермер хўжалигимизда ҳам ҳар йили ғалла етиштирамиз, бу йилги мавсумда ҳосилдорлик 100 центнердан ошди. Омихта ем ишлаб чиқариш, наслли чорвачилик бўйича лойиҳамиз тайёр. Донни қайта ишлаш лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида йигирмадан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Хайрулло Бозоров корхона фаолияти билан танишди. Лойиҳа ташаббускорлари вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва совғалари билан тақдирланди.

М. Сулаймонов.
М. Қодиров олган суратлар.