ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ ВА ЭСДАЛИК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

ДАВЛАТ  МУКОФОТЛАРИ  ВА ЭСДАЛИК  НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги самарали меҳнати, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшгани учун бир гуруҳ юртдошларимиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24, 25 ва 26 август кунлардаги Фармони билан давлатимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган эдилар.

Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мукофотларни Президент номидан тантанали суръатда топширди. Улар орасида Алишер Ибодинов, Манзурахон Мансурова, Ҳидоятхон Умарова, Миножат Расулова каби 49 нафар Фарғона фарзанди бор эди.
— Бу мукофот тақдир-ланган ҳар бир фарғоналик, унинг жамоаси фидойи меҳнатига берилган баходир,— деди Хайрулло Бозоров. — Сизларнинг ибратингиз ортимиздан бораётган ёшларга интилиш ҳиссини беришига ишонаман.
— Мамлакатимизда меҳнат қилган албатта ўз қадрини топар экан, — деди Фарғона давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори Шарифа Искандарова. — Менга берилган мукофотни бизнинг илмий-педагогик жамоа меҳнатининг эътирофи деб қабул қиламан.
— Мен солиқ соҳасида умр бўйи ишлаб келяпман. Амалдор эмасман. Солиқ соҳасидаги билимим, тажрибамни сиз азизлар билан ҳамиша баҳам кўриб келаман. Давлатимиз раҳбари томонидан тақдирланишимни эса бизнинг соҳага билдирилган ишонч деб тушунаман,—деди “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Гўзал Муслимова.
— Шу йил баҳорида мен туғилган қишлоқда қурган “Баҳодир Лоғон” кластер тўқимачилик корхонамизга ташриф буюрган Президентимизга 10 минг иш ўрни яратаман деб ваъда бергандим, — деди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Мўминжон Йўлдошев. — Бу борада изчил иш олиб боряпмиз. Шу йил октябрь-ноябрь ойларида яна 3 та корхона ишга тушади ва икки минг янги ишчи ўрни очилади. Бугун менга берилган мукофот кучимга куч қўшди. Мен, албатта, Президентга берган ваъдамни бажараман.
Тақдирлаш маросими чоғи вилоят фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ҳам топширилди.

Ўз мухбиримиз.

Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.