Янги дунёқараш ва тафаккур эҳтиёжи

Янги дунёқараш ва  тафаккур эҳтиёжи

Дониёр ҒАНИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати

Шу кунларда халқимиз, давлатчилигимиз тарихидаги энг азиз, энг улуғ байрам ҳисобланган мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Бундан 30 йил аввал Яратган томонидан бу улкан неъмат, яъни халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ривожланиш йўлини эркин танлаш имконияти берилганди. Мамлакат мустақиллиги нафақат халқимиз, миллатимиз учун, балки ҳар бир инсон, фуқаро учун ҳам эркинлик берганди. Эркин бўлиш эса ўз навбатида қарор қабул қилиш, танлаш ҳуқуқига эга бўлиш ва улар учун масъулиятни ҳис қилишни англатади.
Афсуски, кўпинча буни айтиш амалга оширишдан кўра осонроқ. Гарчи, давлатимиз расман мустақилликка эришганига 30 йил бўлаётган бўлса-да, лекин шахснинг мустақил бўлишига эришиш, жамиятни эркин ва онгли фуқаролар билан тўлдириш, миллатни том маънодаги мустақилликка олиб чиқиш осон бўлмаган жараён эканлигини бугун кўпчилигимиз англаб етмоқдамиз. Эҳтимол шунинг учун ҳам баъзиларда ҳали ҳануз Мустақиллик байрамига бироз бегонасираб қараш ёки уни кўпроқ давлат, ҳокимият билан боғлаш ҳиссиёти сақланиб қолган.
Аслида-чи, мустақиллик ўзи нима, у кимнинг байрами? Шахсан мен учун мустақиллик бу халқимнинг, миллатимнинг қадр-қимматини, унинг эркинлиги, фаровонлиги ва тинчлигини англатади. Лекин минг афсуски, олдиндан оққан сувнинг қадри йўқ дейишганидек, инсон кўпинча мустақилликнинг нақадар улуғ неъматлиги, унинг қадри ва ўрнини борлигида сезмайди, унга берилган эркинлик ва имкониятларни худдики табиий жараёндек қабул қилади.
Aммо мустақилликнинг қадрини қарамлик ва босқинчилар зулмида яша(ёт)ганлар, тили, дини, эътиқодини бой берганлар, эркинлик ва озодлик учун курашганлардан сўраш керак. Эҳтимол уларнинг изтиробини, бошқаларга қарамлиги ёки эрксизлигини, уруш ва ўлим фарёдлари остида қолиб кетган ҳаётини кўргандагина инсон ўз Ватани мустақиллигининг қадрини, мустақиллик туфайли ўзининг ҳур ва эркинлигини англай олади.
Биргина мисол сифатида шу кунларда қўшни Aфғонистонда содир бўлаётган ҳолатга қарайлик. Жафокаш афғон халқининг бошига тушаётган синовлар, афғон болаларининг кулгу ва шодлиги ўрнини оналар фарёди эгаллаши, миллионлаб афғонларнинг ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлиб, ёт юртларда сарсон бўлаётганини кўриб, ҳар бир юртдошимиз мустақиллигимиз, юртимиз тинчлиги нақадар олий неъмат эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилади, деб ўйлайман.
Тўғри, кўпгина мустақилликка эришган янги давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам истиқлолга эришиш билан кучли фуқаролик жамиятига асосланган, демократик сиёсий институтлар томонидан бошқариладиган давлат ярата олинмади. Собиқ совет давридан қолган оғир сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мерос мустақилликнинг илк йилларида давлат ва ҳукумат раҳбарлари олдида мамлакат сарҳадлари хавфсизлиги ва суверенитетини таъминлаш, унда яшовчи турли миллат ва элатлар ўртасида тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишга эришиш каби мураккаб лекин ўта муҳим вазифалар қаршисида қолдирди. Бу муаммолар ечими эса давлат ва жамият бошқарувида марказлашган давлат бошқарувини ташкил этиш, шунингдек, бошқарувда маълум маънода қаттиққўллик ва темир тартиб-интизомни жорий этишни талаб этарди. Минг афсуски, натижада мамлакатда авторитар бошқарув юзага келди. Халқ ва ҳокимият ўртасида ўзаро ишончсизлик ва маълум қарама-қаршилик кузатилди.
Бошқарув тизимидаги хато ва камчиликларга қарамай, халқимизнинг демократик ва ҳуқуқий давлат қуришга бўлган интилиши жамият тафаккури ва қадриятларидан келиб чиқиб давом этаверaди. Шу маънода айтиш мумкинки, 2016 йилда мамлакатда ҳокимият алмашинуви ортидан Ўзбекистонда ҳам охирги беш йил ичида ҳукумат томонидан мутлақ янгича бошқарув, сиёсий консенсус шакл-лана бошлади. Шахсан давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли ҳокимиятнинг репрессив ва авторитар бошқарувидан воз кечилди; қийноқлар ва мажбурий меҳнатга чек қўйилди; инсон ҳуқуқлари ва шаъни ҳимояси кучайтирилди; жамиятда сўз ва фикр эркинлигига нисбатан толерант муҳит шаклланди ҳамда энг асосийси, ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги ришталар қалинлашиб, давлатга нисбатан ишонч ортди, унинг легитимлиги мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, тан олиб айтиш лозимки, узоқ йиллар қўрқув ва репрессив сиёсий тузум билан бошқарилган мамлакатда демократик ва ҳуқуқий давлат қуриш, мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик ҳамда ижтимоий барқарорликни сақлаган ҳолда сиёсий институтларни демократлаштириш ва уларнинг ишлаш сифатини ошириш қисқа муддатларда амалга ошадиган осон жараён эмас.
Қолаверса, давлат ва жамият ҳаётида бошланган сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, жамиятда соғлом ижтимоий тафаккурни шакллантиришга бўлган интилиш фақатгина ҳокимият эмас, балки жамиятнинг барча қатлам вакиллари томонидан қўллаб-қувватланиши муҳим. Ушбу жараёнда фуқароларнинг фаоллашуви, фаол фуқаролик позицияси орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда ташаббус кўрсатиши лозим. Зеро, ҳокимият ва жамият ўртасидаги ишонч, ўзаро англашув ва ҳамкорлик мамлакат мустақиллигини янада мустаҳкамлайди, ҳар қандай ички ёки ташқи хавф ва босимларни кучли давлат сифатида енгиб ўтишини кафолатлайди.
Сўзим сўнгида барча азиз ватандошларимни мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман! Мустақиллигимизни қадрлаш, уни мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилишда барчангизга куч-қувват, соғлиқ-саломатлик тилайман. Бу улуғ неъмат барчамизникидир. Яратган Ватанимиз мустақиллиги, юртимиз тинчлиги, халқимиз ҳур ва эркинлигини абадий қилсин!