Ўзбекистон ҳамон собиқ совет мамлакатими?

Ўзбекистон ҳамон  собиқ совет  мамлакатими?

(Океан ортидан назар)

Навбаҳор Имомова,
«Америка овози» телерадиоси журналисти,
Вашингтон

Мустақилликни нишонлаш муҳим, аммо ҳеч кимга тобе бўлмай яшаш мумкинми ўзи? Глобализм тарафдорлар дейдики, мамлакатлар ўз мустақиллиги ва суверенитетига ҳаддан ташқари урғу бериб, туб реалликни ҳисобга олмайди.
ирор бир жамият ва уни бошқарувчи тизим том маънода мустақил эмас. Бирор қадамида бошқалар билан боғлиқ омилларни четлаб ўта олмайди. Хавфсизлик ва адолат, савдо ва бизнес, саломатлик ва таълим, қолаверса, ҳамма истайдиган эркинлик аслида кимгa, нимага ва нега боғлиқ эканини чуқур англашни талаб қилади.
Американинг Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларини узоқ йиллардан бери ёритиб келаётган журналист сифатида Вашингтонда расмийлардан энг кўп эшитадиган гапим: АҚШ аввало бу мамлакатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қувватлайди.
Хўш, бунинг нимаси аҳамиятли? АҚШ, биринчидан, Ўзбекистон ва унинг қўшнилари ҳар бир геостратегик қарорида узоқ ва яқиндаги қудратли давлатларнинг ва сиёсий-иқтисодий блокларнинг кўнгли ва манфаатларига эътибор беришга мажбур эканини билади. Муайян орбитага, яъни бирор кучлироқ тарафнинг таъсир майдонига тушиб қолиш давлатга путур етказади.
Бироқ мамлакатга ишончли ҳамкорлар ва шериклар керак, ҳар соҳада. Мустақил бўлиш яккаланиш ёки ўз қобиғида қолиб кетиш дегани эмас.
Суверенитетни мустаҳкамлаш аслида халқаро майдонда самарали сиёсат олиб бориш демакдир. 30 йиллик мустақиллик даврида Ўзбекистон буни қанчалик эплади? Мураккаб йўл босиб ўтилди. Хавфсизликни таъминлашга кўпроқ урғу берилди. Тинчлик, мусаффо осмон фаровонликка етаклайди деган фалсафа амалда қанчалик исботланди?
Ички вазият оғирлашганида, хусусан, фуқаро эркинликлари мунтазам ва қўпол равишда бузилганида ташқи дунё танқидни кучайтирди. Ўзбекистон бунга жавобан халқаро ҳамжамиятга эшикни ёпган даврлар бўлди.
Ҳозирги Ўзбекистон дунё билан ҳар соҳада ишлашга тайёр. Мирзиёев маъмурияти мувозанатли ташқи сиё-сат олиб боришга ҳаракат қилаётганини билдиради. Буни қанчалик эплай олаяпти?
Айрим экспертлар «Росссияга кўп оғаяпмиз», деса, бошқалар «Хитой бизни эгаллаб олди», дея хавотирда. Ғарб билан яқинлик тарафдорлари назарида Ўзбекистон ҳали ҳам эркинлашишдан қўрқади. Ислом дунёси билан ҳамкорликни оширишни истайдиганлар назарида, масалан, республика ҳали ҳам мусулмон жамият эканини етарлича тан олмайди. Олтин оралиқни топиш мумкинми? У ўзи қаерда?
Шу пайтгача Ўзбекистон сиёсатдонлари ва расмийларидан бу борада эшитган энг лўнда жавоб: «Ҳеч ким билан конфликтда эмасмиз-ку! Ҳар бир йўналишда келиша олмасак-да, халқаро майдонда ўз ўрнимиз ва ҳурматимизга эгамиз». Сиз бунга қанчалик қўшиласиз?
Ўзбекистон мустақил бўлганини мамлакатда кўплар мустақиллик тантаналаригача сезмаган. 13 ёшда эдим, сиёсатга ниҳоятда қизиқардим. Ўзбекча ва русча ахборотни мунтазам кузатиб ҳам Ўзбекистон энди суверен давлат эканини ҳис қилмаганмиз. Чунки бу мавзу таҳлил қилинмас эди. Янгилик расмий пропаганда, сафсатабозлик эди. Мустақил бўлиш сиёсий, иқтисодий ва маданий-ижтимоий жиҳатдан нима экани, мустақил давлатда фуқарога қандай эркинликлар берилиб, унга қандай масъулият юкланиши муҳокама қилинмас эди.
Мустақилликнинг илк йилларида мен, айниқса, иқтисодий қийинчиликлар авж олганини эслайман. Энг зарур маҳсулотларнинг танқислиги, маош ўрнига ёғ, ун ёки шакар берилиши. Қишлоқда оилаларнинг ойлаб гўшт емагани. Ҳатто давлат ишида ишлайдиганлар ҳам маош ололмагани. Купонлар.
Тижорий дўконлар пайдо бўлиб, уларда асосан Хитой ва Туркия маҳсулотлари сотила бошлагани ҳам эсимда. Бу дўконларни ҳукуматда юқори лавозимларда ишлайдиганлар очар эди, коррупция. Тумандаги турли бошқармаларнинг раҳбарлари ва ўринбосарлари ҳамда бозоркомлар, масалан, энди тадбиркорлар эди. Жамиятда тафовутлар ортиб бораётган йиллар эди.
Мана шу тафовут ҳозир қай даражада? Мустақиллик Ўзбекистонда ўрта синфни кенгайтирдими?
Мустақиллик куни бугунги Ўзбекистонда ҳалиям халқ байрами эмас, расмий тадбир. Ҳукуматни ва амалдаги сиёсатни тарғиб қилиш воситаси. Унинг қандай нишонланиши бошдан оёқ маҳаллий ва марказий бошқарув назоратида. Бу жиҳатдан Ўзбекистон ҳамон собиқ совет жамияти.
Мендан Ғарб зиёлилари «собиқ совет мамлакати» дейиш қанчалик ўринли дея сўраб туришади. Сиз қандай жавоб берган бўлардингиз?
Журналист сифатида бу таърифни жуда эҳтиёт бўлиб ишлатаман. 30 йил мобайнида албатта бу давлатларда мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Ҳар бирининг дунё харитасида ва сиёсий саҳнасида ўз ўрни бор, ҳатто энг ёпиқ ва эзилган Туркманистоннинг ҳам.
Бироқ бу жамиятларни чуқурроқ тушуниш, халқлар бошдан кечириб келаётган мураккаб жараёнларни таҳлил қилиш учун уларнинг ХХ асрдаги тарихини билиш лозим. Бу даврнинг аксарият қисми эса Совет Иттифоқи ва коммунизмга тўғри келади. Инсоният тарихида бу тузумнинг 74 йиллик ҳукмронлиги аслида ҳеч нарса эмас, аммо унинг қолдиқлари ва оқибатлари ҳалигача ҳар ерда намоён, ҳатто Мустақиллик байрамининг қандай нишонланишида ҳам. Сизнингча, бу байрам қандай ўтиши керак?
Ўзбекистондаги ҳар бир тадбир ва жараёндан СССРнинг изларини топиш мумкин: боғча ва мактаб-лардан тортиб ишхоналаргача, матбуотдан тортиб сайловгача.
Мустақилликнинг 31 йиллигига қадам қўйилар экан, баландпарвоз гаплар, пуч шиорлар ва иддаолардан чекиниб, бу ёғига мана шу иллатлардан қутилиш учун қадам ташлаш вақти келмадими?