ЎЗАРО ҳамкорлик ривожланиб бормоқда

ЎЗАРО ҳамкорлик ривожланиб  бормоқда

Муҳсинхўжа Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Республикасининг
Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрда Японияга қилган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнот имзоланиши кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга замин яратди.
пониялик ишбилармонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни юқори баҳоламоқда. Валюта ва солиқ тизимини либераллаштириш, виза тартибини соддалаштириш каби кўплаб ислоҳотлар Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес учун қўшимча имкониятлар яратганини таъкидламоқдалар.
Ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасида минтақавий ҳамкорлик ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Бу борада Тошкент-Нагоя, Самарқанд-Нара, Риштон-Майдзуру шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Минтақавий ҳамкорлик бўйича гап кетганда, Фарғона вилояти Риштон туманининг Киото префектурасидаги Майдзуру шаҳри билан ҳамкорлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Майдзуру шаҳри билан алоқалар узоқ тарихга эга. 2019 йилда олий даражадаги ташриф доирасида Риштон ва Майдзуру шаҳарлари ўртасида имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасидаги ҳамкорлик янада фаоллашди.
Айни дамда Майдзуру мерияси билан биргаликда республикамизнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент каби ҳудудларида JICAнинг 0,3 миллион долларлик маблағи жалб қилинган ҳолда чой етиштириш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Майдзуру Япония ҳукуматининг «Host Town» дастури дои-
расида ўзбекистонлик дзюдочилар учун Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришда мусобақаолди машғулотларини ўтаган шаҳар ҳисобланади. Спортчиларимиз жорий йил 12–19 июль кунлари ушбу шаҳарда машғулотлар ўтказишди.
Хабарингиз бор, шу кунларда кунчиқар мамлакатда Паралимпия ўйинлари ўтказилмоқда ва ўзбекистонлик спортчилар ўз ютуқлари орқали халқимизни жуда ҳам мамнун этяпти. Куни кеча мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонасида Токио-2020 Паралимпия ўйинларининг пара-енгил атлетика спорт тури бўйича чемпиони – олтин медаль совриндори Моҳигул Ҳамдамова билан учрашув бўлиб ўтди. Моҳигул Ҳамдамова тимсолида барча ғолиб спортчиларимиз ва мамлакатимиз делегацияси аъзоларига миннатдорчилик билдирилди.
Япониянинг Фарғона вилояти билан ҳамкор-лигини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан қатор ишлар олиб борилмоқда. Шулар қаторида ҳозирги кунда Япониянинг Шимура узум илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда Фарғона водийси иқлим шароитида уруғсиз узум навларини етиштириш бўйича ҳамкорликда ишлар режалаштириляпти. Шу йилнинг охирида Япония делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича япон томони билан келишувга эришилган.
2022 йилда Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқаларнинг ўрнатилганлигининг 30 йиллиги нишонланади. Ушбу юбилей санасига пухта тайёргарлик кўрилмоқда ва кейинги йил турли сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ишончим комилки, мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларнинг пойдевори Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Шу фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамюрт-ларимиз, хусусан, Фарғона аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг қутлуғ 30 йиллик санаси билан самимий муборакбод этаман. Байрам шукуҳи юртимиздаги ҳар бир оилага файз-барака бахш этиб, тинч-осойишта ҳаёт, Ватан равнақи, фарзандлар камолини кўриб яшаш бахтини насиб этаверсин!