Мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати баҳонасида… табрик, эътироф, эътироз

Мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати баҳонасида… табрик, эътироф, эътироз

Мустақиллик –энг эзгу неъмат!

Виталий Фен,
Ўзбекистон Республикасининг
Корея Республикасидаги Фавқулодда
ва мухтор элчиси

Азиз юртдошлар! Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
Шу кунларда Янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамини халқимиз катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.
Зеро, бу айём халқимизнинг ҳур ва озод яшаши, бахтли ҳаёти, фаровон турмушига асос бўлувчи энг муҳим кун сифатида тарих зарварақларига битилган.
ўнгги беш йил мобайнида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун барча шароитларни яратмоқда. Жаҳон ҳам ўз ўрнида, Янги Ўзбекистонга юз тутмоқда.
Мамлакатимизда янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ўтган даврда амалга оширилган улкан ишлар, эришилган юксак натижаларда, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.
Фарғона вилоятида ҳам мустақиллик йилларида барча соҳаларда улкан ишлар, кўзни қувонтирадиган даражада ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.
Бу борада вилоятнинг хорижий мамлакатлар, хусусан Корея Республикасидаги ҳамкорлар билан амалга оширилган қатор лойиҳалари ҳам диққатга сазовор.
Хусусан, Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари тўғридан-тўғри сармояларни жалб этган ҳолда вилоятда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда Жанубий кореялик ҳамкорлар капитали иштирокида 40 га яқин корхоналар фаолият юритмоқда ва уларнинг 30 га яқини охирги 5 йилда ташкил этилган. Ушбу корхоналар томонидан вилоятимизда энг замонавий ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, ҳалқаро стандартлардаги объектлар барпо этилмоқда ва турли хилдаги хизматлар кўрсатилмоқда.
Жумладан, «POSCO International Textile» корхонаси нафақат вилоятда, балки бутун республикамиздаги энг йирик ва замонавий текстиль корхонаси ҳисобланади ва ҳозирда пахта хом ашёсини қайта ишлаб, юқори қўшимча қийматдаги маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда ва экспорт қилмоқда. «Winchemical» қўшма корхонасида эса полимерларни қайта ишлаш орқали замонавий гулқоғозлар ва бошқа тайёр маҳсулотлар истеъмолчиларга етказиб келмоқда. Шу билан бирга, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган бир қатор корхоналарда Жанубий Кореянинг замонавий технологиялари асосида автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқилмоқда ва Асакадаги заводга етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, Қўқон шаҳри марказидаги «Қўқон-сити» мажмуасида Жанубий Кореянинг етакчи қурилиш компанияси бўлмиш «Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd.» томонидан ҳалқаро талаблар асосида замонавий турар жойлар мажмуаси ва ижтимоий инфраструктурани барпо этиш бошланғич қиймати 80 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Дастлабки босқичдаги қурилиш ишлари жорий йилнинг сентябрь ойида бошланади.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, «Uz-Segang» қўшма корхонасида жаҳон талаблари асосида турли хилдаги ҳўл мева-сабзавотлар ишлаб чиқарилмоқда ва улардан анор ва гилос Жанубий Кореяга экспорт қилинмоқда. 2020 йилда тарихимизда биринчи бор Фарғона шаҳридаги аэропортдан тўғридан-тўғри Кореяга авиарейслар орқали гилос етказиб берилди. 2021 йил мавсумида Фарғона вилоятидан Жанубий Кореяга қиймати 1 миллион доллардан ортиқ бўлган гилос экспорт қилинди.
Республика иқтисодиёти ва саноат тармоқлари учун малакали кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида талаб юқори бўлган йўналишларда олий маълумотли малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида 2019 йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Korea International University in Fergana» масъулияти чекланган жамиятининг Фарғона шаҳрида Корея халқаро университети ташкил этилди.
Республиканинг иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш, таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ушбу олий ўқув юрти фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
2020 йил июнь ойида давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида, Президентимиз мазкур университет фаолияти билан ҳам танишган эди.
Фурсатдан фойдаланиб, Фарғонанинг ривожланиши ва тараққий этиши, аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни сидқидилдан амалга оширишда тинмай меҳнат қилиб келаётган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровни ва вилоятнинг бошқа мутассадди ходимларини, барча Фарғона аҳлини қутлуғ шодиёна – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Ушбу шукуҳли дамларда сизларга сиҳат-сало-матлик, узоқ умр, хонадонингизга файзу барака, тинчлик ва хотиржамлик тилайман.
Мустақиллик қадри боқий, байрам шукуҳи файзли, истиқлолимиз абадий бўлсин!